Ушбу мақолада «Имлолар» асарининг таркиби ва унда келган наҳвий қоидалар ҳақида сўз юритилади. «Имлолар» китоби 6 қисмдан иборат:
- Қуръон оятларига тегишли имлолар. Уларнинг адади 139 тага етади. Ибн Ҳожиб буни Дамашқ, Қоҳира ва Ғазо шаҳарларида 609-ҳ/1213-милодий ва 625-ҳ/1228-милодий йиллар мобайнида имло қилган. Қоҳирада 32 та имло қилган. Тарихчиларнинг таъкидлашича бу имлоларни 609 йилдан бошлаб то 616 йилга қадар ёзиб битирган. Дамашқда 87 та имло қилган. Бу имло 617 йилдан бошлаб то 625 ҳижрий йилга қадар давом этган. Ғазода эса фақат битта имло қилган. Шунда 19 та имло қолди. Уларнинг айтилган жойи ва санаси ҳақида маълумотлар учрамайди.
Ибн Ҳожибнинг Қуръоний имлолардаги услуби бошқалардан фарқ қилади. Аллома имлони оят зикри билан бошлайди. Бунда оятнинг тўлиқ шаклини ёки керакли жойини қисқаритириб келтириши ҳам мумкин. Имлони Қуръон ояти билан бошлаш Қуръонга доир имлоларнинг кўп қисмида кузатилган бўлсада, гоҳида эса буни тарк қилади. Бунга мисол 92-имлода келган. Ҳудди шунингдек 131-имлода бундай дейилади: «Агар инкорий истифҳом шартга кирса, унда маъноси жавоб унга алоқадор бўлган нарсани инкор қилиш» дегани бўлади.
Гоҳида битта оятга икки маротаба турли ўринларда имло қилгани ҳам бор. Бунга Ҳижр сурасининг 47-ояти мисол бўлади:
وَنَزَعۡنَا مَا فِي صُدُورِهِم مِّنۡ غِلٍّ إِخۡوَٰنًا عَلَىٰ سُرُر مُّتَقَٰبِلِين
«Уларнинг дилларидаги ғилли-ғашларни чиқариб ташладик. Сўриларда бир–бирларига боқиб, дўст бўлган ҳолларида ўтирурлар».
Ушбу оятда икки маротаба имло қилганлар.
Ибн Ҳожиб ҳар бир имлосини Қуръондан бир оят билан хослаган. Гоҳида бирор мақсад туфайли кўпроқ оят ҳам имло қилган. Бу қисмдаги барча имлолар фақатгина наҳв борасидаги баҳсга чекланмасдан, ўн бешга яқин имло оят тафсирлари луғат ёки ақида жиҳатидан баҳс қилинади. Ибн Ҳожиб етти қироат соҳибларини ҳам четда қолдирмасдан уларни ҳам ўз имлоларида зикр қилган. Етти қироат имомлари: Нофе[1], Ибн Касир[2], Абу Амр[3], Ибн Омир[4], Осим[5], Ҳамза[6], ва Кисоийлардир[7]. Шу сингари Ибн Заквон, Ҳафс ҳамда Қолун каби айрим қироатларни зикр қилган. Ибн Ҳожиб эътибор қаратган ҳамда қуръоний имлоларда кўп келтирган масалалар қуйидагилардир:
А) Жор ва мажрурга алоқадор. Бунга Қуръони каримдан Сод сураси 32-оятидан мисол келтиради:
حَتَّىٰ تَوَارَتۡ بِٱلۡحِجَابِ
Б) Замирларнинг қайтиш ҳақидаги масала баёни. Бунга мисол қилиб Бақара сурасининг 271-оятини келтиради:
إِن تُبۡدُواْ ٱلصَّدَقَٰتِ فَنِعِمَّا هِيَۖ
В) Замир ўрнига зоҳирни келтириш. Бунга далил сифатида Бақара сурасининг 282-оятидан мисол келтиради:
أَن تَضِلَّ إِحۡدَىٰهُمَا فَتُذَكِّرَ إِحۡدَىٰهُمَا ٱلۡأُخۡرَىٰۚ
- Аллома Замахшарийнинг «Муфассал» китобидаги мавзулар борасидаги имлолар. Имом Замахшарийнинг «Муфассал» китобидаги мавзулар борасида келган имлоларнинг сони 136 та бўлиб, ибн Ҳожиб Дамашқ, Қоҳира ва Байтул Мақдис шаҳарларида 610 ҳамда 625 ҳижрий йиллар оралиғида имло қилган. Дамашқ шаҳрида 617 ҳижрий йилдан бошлаб 624 йилга қадар 72 та имло қилган. Қоҳирада эса 610–615 ҳижрий йиллар оралиғида 5 та имло қилган. Аммо Байтул Мақдисда 616 ҳижрий йилда бир донагина имло қилган. Бу ўринда яна макони номаълум бўлган иккита имло бўлиб, у 618 ҳижрий йилда ёзилган.
Ибн Ҳожиб ушбу қисмда тутган услуби шундан иборатки, олим «Муфассал»нинг ибораларини шарҳлаган ва изоҳлаган. Гоҳида эса Имом Замахшарийга айрим фикрларда эътироз билдирган. Айрим ўринларда аллома Замахшарийни қўллаганига ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Имом Замахшарийга қарама қарши фикрларни айтган ўринларидан бири қуйидагича:
«الكلمة هي اللفظة الدالة على معنى مفرد بالوضع» жумласидаги: “اللفظة” калимасига эътироз билдириб, “اللفظ الدال” деб айтиш яхшироқ деган.
- Наҳвшунослар орасидаги баъзи ихтилофли масалаларга тегишли бўлган имлолар. Ушбу қисмга тегишли имлолар асарнинг ҳажми кичик қисми ҳисобланиб, 6 имлодан иборат. Бу қисмда келган имлоларнинг айтилиш санаси ва жойи ҳақида маълумотлар учрамайди. Ибн Ҳожиб ушбу имлоларнинг ҳар бирида «مسألة» калимаси билан бошлайди.
Биринчи имлода имом Сибавайҳ ва Ахфаш ўртасидаги «إن» нинг хабарига «فاء» кириши жоизлиги борасидаги зиддиятни муҳокама қилади.
Иккинчи имлода эса «أحمر» (қизил ранг) сўзи агар шундай номланиб сўнг накра қилинса, ғойру мунсариф қилиниш ёки қилинмаслиги борасидаги фикрларни тақдим қилади.
Учинчи имлода имом Сибавайҳ ва бошқалар ўртасидаги «جوار» калимаси ҳамда унинг ғойри мунсариф бўлиши борасидаги хилоф ҳақида сўз боради.
Тўртинчи имлода имом Халил ва Абу Амр ўртасидаги «يا زيد والحارث» жумласидаги хилофни батафсил ёритади.
Бешинчи имлода имом Халил ва Юнус ўртасидаги нудба аломати ва уни сифатга илҳоқ қилиш борасидаги хилофни изоҳлаган.
Олтинчи имлода имом Сибавайҳ ва Ахфаш ўрталаридаги «لولا و عسى» дан кейинги замирлар ҳақидаги хилофни келтирган.
- Ибн Ҳожибнинг «Кофия» асарига тегишли имлолар. Ушбу қисмда жами 97 имло бўлиб, ибн Ҳожиб уларни Дамашқ, Қоҳира ва Байтул Мақдис шаҳарларида 615–625 йиллар оралиғида ёзган, Дамашқда 617–626 йиллар оралиғида 66 та имло битган. Қоҳирада эса 615-616 йилларда 7 та имло қилан. Байтул Мақдисда 616 йилда фақатгина 2 та имло қилган.
- Шеърий байтлар борасида имлолар. Ушбу қисмдаги имлолар сони 45 та. Ибн Ҳожиб Дамашқ ва Қоҳирада 612, 626-ҳижрий йилда имло қилган. Ушбу байтларнинг деярли барчаси наҳв, луғат ва одоб китобларида машҳур бўлмаган ва ким тарафидан айтилгани ҳам аниқ бўлмаган маълумотлардир. Ибн Ҳожиб бу қисмдаги имлоларда биринчи навбатда имлонинг бошида шеърий байтни зикр қилади. Кейин эса айрим калималарнинг эъроби ва шарҳи шунингдек ундаги чигал саволларга жавоб беришга киришади.
- Умумий имлолар. Ушбу қисм имлолар асарининг охирги ва энг катта қисми ҳисобланади. Ундаги имлоларнинг сони 215 та бўлиб, ибн Ҳожиб дамашқ, Қоҳирада ва Байтул мақдисда 609, 624 ҳижрий йиллар мобайнида имло қилган. Дамашқда 33 та имло қилган, Қоҳирада эса 27 та. Бу боб бошқа қисмлар сингари бир мавзуни қамрамайди. Балки бир-бирига алоқадор бўлмаган турли-туман наҳв қоидаси борасидаги баҳсдан иборат имлодир.
Нурисломхўжа УМБАРОВ,
ТИИ 4-курс талабаси
[1] Имом Абу Рувайм Нофеъ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Нуъайм Лайсий 169 ҳ. йилда вафот этган. У кишининг икки ровийси бўлган: Қолун ва Варш. Қолун – Исо ибн Миня Маданий 220 ҳ. йилда вафот этган. Варш – Усмон ибн Саъид Мисрий 197 ҳ. йилда вафот этган.
[2] Имом Абдуллоҳ ибн Касир Маккий 120 ҳ. йилда вафот қилган.
Унинг икки ровийси – Баззий ва Қунбуллар бўлиб, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абу Базза Маккий 250 ҳ. йилда вафот этган.
[3] Имом Зайён ибн Аъло Мозаний Басрий 154 ҳ. йилда вафот этган. Унинг икки ровийси бўлган: Даврий ва Сусий. Қироат имомининг ровийси унинг қироатини илмий равишда қабул қилиб олиб бошқаларга етказишда хизмат қилган бўлади.
[4] Имом Абдуллоҳ ибн Омир Яҳсибий 118 ҳ. йилда вафот этган. У кишининг икки ровийси бор: Ҳишом ва Ибн Заквон. Ҳишом ибн Аммор ибн Нусайр Қозий 245 ҳ. йилда вафот этган. Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Башир ибн Заквон Қараший 242 ҳ. йилда вафот этган.
[5] Имом Осим ибн Абу Нажжуд Куфий. Имом Осимнинг кунялари Абу Бакр. У киши машҳур қори бўлганлар. Балоғат, фасоҳат ва ширин овоз ила қироат қилиш билан машҳур бўлганлар. Имом Осим тобеъинлардан бўлиб, Қуръони Карим қироатини Зирр ибн Ҳубайш ва Абудллоҳ ибн Масъуд (р.а.)дан олганлар
[6] Имом Ҳамза ибн Ҳабиб ибн Аммора Зайят Таймий 156 ҳ. йилда вафот этган. У кишининг икки ровийси бўлган: Ҳалаф ва Ҳаллод. Ҳалаф ибн Ҳишом Баззоз 229 ҳ. йилда вафот этган. Ҳаллод ибн Холид Сайрафий Куфий 220 ҳ. йилда вафот этган.
[7] Имом Али ибн Ҳамза Кисоий 189 ҳ. йилда вафот этган. Унинг икки ровийси бўлган: Абу Ҳорис ва Ҳафс Даврий. Лайс ибн Холид Бағдодий 240 ҳ. йилда вафот этган. Абу Амр Ҳафс ибн Умар ибн Абдулазиз Даврий 246 ҳ. йилда вафот этган.