Тарихга назар ташласак кўрамизки, ҳар қандай ривожланган жамият борки, албатта, ўзининг бирламчи қонунларини жорий қилиб, унинг устуворлигини таъминлаган. Айнан мана шу қонунлар устуворлиги уларнинг ривожланишида асосий омил бўлиб хизмат қилган. Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан бошлаб, ўзининг конституциясини шакллантириб борди ва 1992 йилнинг 8 декабрь санасида асосий қонун ва эркинликлар, ҳуқуқ ва вазифалар жамланмаси бўлган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси» қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг бошчилигида бир неча йиллар давомида эски ва ривожланган давлатларнинг амалдаги конституциялари ўрганилди ва миллий ва диний қадриятларимизга зид келмайдиган, халқимизнинг урф одатлари ва менталитетига мос бўлган жиҳатлари сараланиб, мувофиқлаштирилган ҳолда қонунга киритилди. Халқимизнинг аксар қисми мусулмонлардан иборат эканлиги ва уларнинг диний расм-русумларга, фиқҳий аҳкомларга сидқи дилдан риоя этишлари инобатга олиниб, Ислом фиқҳида мўътабар манбалардан бири бўлган «Ҳидоя» асаридан ҳам маълумотлар ўрганилиб, конституциямиз таркибидаги қонун ва ҳуқуқлар жамланмасида ўз аксини топди. Албатта, конституция бекорга бундай машаққат билан, игна билан ер ковлагандек даражада синчиковлик билан ўрганилиб, сунгра қабул қилинмади. Зеро, халқнинг фаровонлиги-ю жамиятнинг ривожланиши, барчаси мустаҳкам қонуннинг, ҳуқуқий етукликнинг натижасида юзага келади. Шунинг учун ҳам қонун устуворлиги биринчи ўринда таъминланиши шарт ва лозимдир. Мана шундай машаққатли йўл натижаси ўлароқ шакллантирилган конституциямиз қабул қилинган сана, яъни 8 декабрь 25 йилдан буён халқимиз томонидан юқори руҳда, хуш кайфиятда кутиб олинади ва байрам қилинади. Ҳукуматимиз томонидан бу сана дам олиш куни деб эълон қилиниб, сайилгоҳлар ва боғ – ҳиёбонлар байрам безаклари билан безатилиб халқимизга байрам шукуҳини тақдим қилиш учун тайёрланади. Барча муассасаларда тадбирлар, байрам дастурхонлари ёзилади. Буларнинг барчаси юртимизда тинчлик ва адолат ҳукм сураётганлигининг натижасидир. Бунда эса конституциямиз муҳим аҳамият касб этади. Зеро, конституция тинчлик омили, адолат устунидир. ТИИ 2-а курс талабаси Жиемуратов Ажинияз 481
2017 йил 4 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллик байрами муносабати билан диний соҳа ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, профессор Акмал Саидов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров ҳам сўзга чиқдилар. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг раҳбар ходимлари, диний таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, уламолар, имом-хатиблар, Тошкент ислом институти ва Тошкент ислом университети талаба-ёшлари қатнашди. Йиғилишда сўзга чиққан нотиқлар Асосий Қонунимизда инсон омилининг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматининг энг олий қадрият, деб белгилаб қўйилгани бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар туфайли ўз исботини топаётганини таъкидлашди. Ҳақиқатан, бугунги мамлакатимиздаги янги-янги ўзгаришлар ва янгиланишлар замирида мана шу Асосий Қонунимиз ётади. Конституциямизда “Инсон ва унинг қадр-қиммати” деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилганини бежиз эмас, албатта. Бунинг тагида ўта чуқур маъно бор. Шу нуқтаи назардан ҳам муҳтарам Президентимиз якунига етаётган 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилган эдилар. Таъбирда маъруза қилган профессор Акмал Саидов Конституциямиз қабул қилиниши тарихи, мазмун моҳияти ва айниқса, мўмин-мусулмонлар ҳаётидаги аҳамияти тўғрисидаги зарур маълумотларни тақдим этди. Жумладан, Акмал Саидов Биринчи Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан Конституциямизда “Инсон ва унинг қадр-қиммати” деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилгани, Ислом Каримовни ҳақли равишда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муаллифи, деб эътироф этиш мумкинлигини таъкидлади. А.Саидов сўзида давом этиб, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўша даврларда Олий Кенгаш депутати сифатида Конституциявий комиссия таркибида Бош қомусимизни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этганини атрофлича тушунтириб берди. Конституциямизнинг қандай қилиб ҳозирги мазмун ва шаклга келгани, бу мураккаб жараёнда кечган қизғин тортишув ва баҳс-мунозараларда Давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг иштироки тўғрисида сўзлади. Шунингдек, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари соҳибқирон Амир Темур давлатчилигининг энг зарур жиҳатлари ҳам “Темур тузуклари” асарида ўз ифодасини топганини алоҳида таъкидладилар. Амир Темурнинг давлатчилиги, бунёдкорлик салоҳияти, илму фан ва меъморчиликка оид қарашлари, дину диёнат ва адолатни жойига қўйиш, салтанат ишларини кенгаш асосида бошқариш, ҳар бир масалада эл манфаатини ўйлаб иш тутиши билан боғлиқ ибратли фазилатлари “Темур тузуклари”да жамлангани муфтий ҳазрат томонларидан изоҳланди. Йиғилиш якунида «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишони билан тақдирланган бир гуруҳ идора тизими ходимларига эсдалик нишонлари топширилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 510
Кеча, 3 декабрь куни Оксфорд ислом тадқиқотлар маркази раҳбари доктор Фархан Низами бошчилигидаги делегация диний идорага ташриф буюрди. Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази директори Шоазим Миноваров кутиб олдилар. Мулоқотда мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ҳукуматимиз томонидан миллий ва диний қадриятларни тиклашга катта эътибор қаратилаётгани ҳамда бу борада олиб борилаётган улкан хайрли ишлар тўғрисида меҳмонларга сўзлаб берилди. Жумладан, муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуслари билан Ўзбекистонда ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ташкил этилаётгани, ихтисослашган илмий мактаблар ўз фаолиятини бошлагани ва ушбу марказларнинг истиқболдаги лойиҳалари баён қилинди. Шунингдек, ушбу марказлар ташкил қилинаётгани юртимиз довруғини, бу заминда туғилиб-ўсган алломаларнинг номларини бутун дунёга таратишда беқиёс аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди. Қизғин кечган учрашувда томонлар бир-бирлари билан юртимизда диний соҳада юз бераётган ижобий ўзгаришлар ҳақида фикр алмашдилар. Фархан Низомий 20 йил аввал Ўзбекистонга ташриф буюргани, шу кунга қадар бўлаётган ижобий жараёнларни катта қизиқиш ва иштиёқ билан кузатиб келаётганини билдирди. Ташриф давомида “Ҳазрати Имом” мажмуасининг барпо этилиши тарихи, мажмуанинг Тошкентда яшаб ўтган улуғ аллома, фақиҳ Абу Бакр Қаффол Шоший номи билан боғлиқ экани, Республикада ислом динининг асл тинчлик ва маърифатпарварлик ғоясини тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг меҳмоналар Абу Бакр Муҳаммад ибн Исмоил ибн Қаффол Шоший мақбарасини зиёрат қилдилар. Учрашув сўнгида Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази, Тошкент ислом университети ва Оксфорд ислом тадқиқотлар маркази ўртасида ҳамкорлик қилиш меморандуми имзоланди. Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 400
Истиқлолимиз қўлга киритилгач ҳаётимизниг барча соҳаларида кўплаб ютуқларга, улкан неъматларга эришдик. Аста-секин ҳаётимиз фаровонлашиб, ота-боболаримиз орзу қилган тинчлик-хотиржамликдек неъматни тотиб кўриш бахти насиб этди. Мана шу муваффақият ва ривожланишлар замирида қанча-қанча машаққатли меҳнатлар, канчадан қанча омиллар мавжуд. Тинчлигимиз барқарор бўлишига энг катта омиллардан бири “Конституция – бош Қомусимиз” деб айтсак адашмаган бўламиз. Маълумки, халқимиз “8 декабр – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун”ни дам олиш куни, байрам сифатида нишонлаб келади. Ҳар йили мамлакатимиз миқёсида кўплаб олий ва ўрта махсус ўқув юртлари, мактаблар ва бошқа бир қанча идораларда “Конституциямиз қабул қилинган кун” муносабати билан турли тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилиб келинмоқда. Шу муносабат билан Тошкент ислом институти “Таҳфизул-Қуръон” кафедрасида кафедра мудири Жалолиддин домла Ҳамроқулов кафедра талабалари билан “Конституция – фаровонлигимиз омили” мавзусида давра суҳбати ўтказдилар. Тадбирда Жалолиддин домла Ҳамроқулов дастлаб собиқ шўро тузуми даврида ота-боболаримизнинг бошдан кечирган қийинчиликлари, машаққатли ва фидокорона меҳнатлари, уларнинг эвазига эса раҳмат ва мукофот ўрнига олган “совға”лари ҳақида гапириб ўтдилар. Кейин Ўзбекистонимизнинг мустақилликка эришиш жараёни, бу йўлда бошдан кечирилган турли хил синовлар айтиб ўтилди. Ундан сўнг Конституциямизнинг қабул қилиниш жараёнлари, Қонунлар киритиш борасидаги таклифлар, Қонунлар қабул қилишда инсон манфаатлари устуворлиги танлаб олингани ҳақида маълумотлар бериб ўтдилар. Сўнгра Конституциямиз туфайли бизларга берилган ҳуқуқ ва эркинликлар, ҳаётимиз дахлсизлиги ва кафолатлари ҳамда Қомусимизнинг бошқа давлатлар Конституцияларидан устунлик жиҳатлари ва фарқларини ҳаётий мисоллар билан келтириб ўтдилар. Яна Конституциямиз бизнинг менталитетимизга, миллий қадриятларимизга мос тарзда тузилагани ва шу туфайли халқимизга ҳамда динимизга кўплаб манфаатлар олиб келганига алоҳида эътибор қаратдилар. Тадбир сўнгида Жалолиддин домла барча кафедра устозлари ва талабаларини “Қомусимизнинг 25 йиллиги” билан муборакбод этиб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик ва турмушимизнинг барча соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар ва муваффақиятлар учун доимо шукроналик ила ҳаёт кечириб боришликка чақирдилар. Ахматқулов Элёржон “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси кабинет мудири 386
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ҳақида сўз кетар экан, аввало бу муҳаббат, иймон тақозоси экани таъкидланади. Чунки у зотни яхши кўрмагунча, яхши кўрганда ҳам барча инсонлардан кўра яхши кўрмагунча киши иймон таъмини тота олмайди. Бу ҳақида у зотнинг ўзлари бундай хабар берганлар: عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم لاَ يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَلَدِهِ وَوَالِدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз токи мен унга боласидан, отасидан ва барча инсонлардан севикли бўлмагунимча мўмин бўла олмайди”, дедилар”. Муслим ривоят қилган. Дунёда ҳеч бир инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламчалик яхши кўрилиб, мақтов билан ёд этилмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий мақталган, улуғланиб мадҳ этилган зот эканлари Муҳаммад деб номланишларида ҳам ўз аксини топган. У зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи улуғлаб мадҳ этган, фаришталар ҳам, пайғамбарлар ҳам мадҳ этганлар, у зотни таниган инсонлар доимо у зотни мақтаб мадҳ этиб келганлар. Чунки у зотнинг сифатлари дўсту душман ҳамманинг ҳузурида энг мақтовли сифатлар бўлган. Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатни икки даражага ажратганлар: Фарз даражадаги муҳаббат; Фазилат даражадаги муҳаббат. Фарз даражадаги муҳаббат деганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий билан билдирилган барча ҳукмларни рози бўлиб, улуғлаб ва тўлиқ таслим бўлиб, қабул қилиш тушунилади. Яъни, у зот келтирган барча шаръий ҳукмларини муҳаббат билан қабул қилиш, ҳар бир мўмин кишига фарз ҳисобланади. Фазилат даражадаги муҳаббатда эса, барча ишларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиб яшашни яхши кўриш тушунилади. Яъни, ейиш-ичиш, кийиниш, муомала ва ҳоказо ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида у зотнинг кўрсатмаларини ўрнак қилиб яшашга муҳаббатли бўлиш, ҳар бир мўмин киши учун улуғ фазилат бўлади. Маълумки киши “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадун Расулуллоҳ” (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг элчисидир) дейиш билан мусулмонга айланади. Муҳаммад алайҳиссаломни Аллоҳнинг элчиси деб эътироф этишнинг ўзи у зотнинг буйруқларига бўйсунишни, берган хабарларини тасдиқлашни, Аллоҳга у зотнинг кўрсатмаларига кўра ибодат қилишни тақозо қилади. Шу маънода у зотни яхши кўриб улуғлаш, ибодат ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақиқий таниш орқали у зотга нисбатан қалбда муҳаббат юзага келади. Шу муҳаббат туфайли киши у зотни ҳамма инсонлардан яхши кўрадиган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни энг яқиндан таниган зотлар, яъни саҳобалар у зотни улуғлаб яхши кўришда ҳам бошқаларга намуна бўлганлар. “Шарҳу шифо” асарида қуйидаги ривоят келтирилган: Али розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳга бўлган муҳаббатларингиз қандоқ эди, деб сўрашганларида у зот: “Аллоҳга қасамки, у зот бизга молларимиздан ҳам, болаларимиздан ҳам, оталаримиздан ҳам, оналаримиздан ҳам, чанқоқ кишига салқин сувдан ҳам маҳбуброқ эдилар”, дея жавоб берганлар. Ибн Касир роҳматуллоҳи алайҳнинг “ал-Бидая ван-Ниҳая” асарларида қуйидаги ривоят келтирилган: “Мушриклар асирга тушган Зайд ибн Дасина розияллоҳу анҳуни ўлдириш учун ҳарамдан ташқарига олиб чиқдилар. Шунда Суфён ибн Ҳарб у зотдан: эй Зайд сендан Аллоҳ номи билан сўрайман ҳозир сенинг ўрнинга Муҳаммад бўлиб биз уни ўлдиришимизни , сен эса уйингда бўлиб қолишни хоҳлайсанми, деди. У зотнинг жавоблари бундай бўлди: “Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, Муҳаммад алайҳиссалом ҳозир ўз ўринларида бўлиб у зотга азият берадиган бир тикан қадалиши эвазига ҳам уйимда ўтирган бўлишимни истамайман”. Бу гапни эшитган Абу Суфён: “Муҳаммаднинг саҳобалари уни яхши кўрганларидек, бирор инсоннинг бировни яхши кўрганини учратмаганман”,...