islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
May 22, 2018

Day

Ҳазрати имом мажмуасидаги қадимий мусҳаф тарихи

Аллоҳ таолога Ўзининг зотига яраша ҳамдлар бўлсинки, халқимизни суюкли Росулимизга нозил бўлган Қуръон шайдоси қилган. Бунинг мисолини “Ҳилол Нашр” матбааси томонидан босилган Қуръоннинг сотувга чиқарилган куннинг ўзидаёқ китоб дўконларда тугаганида кўрамиз. Ваҳоланки, Мусҳаф 10000 нусхада эди. 2018 йилнинг 28 март санаси тарихий воқеа сифатида бизнинг хотирамизда муҳрланиб қолди. Қуръонга муҳаббатли халқ бундан қариб бир аср муқаддам ҳам юртимизга 50 йиллик ғариблик сафаридан қайтган Қуръони Каримни жуда катта эҳтиром билан кутиб олган. Бу воқеа 1924 йилнинг 18 августида бўлган эди. Қуръони Карим бу нусхаси бутун дунёга Усмон Мусҳафи номи билан машҳурдир. Ушбу Мусҳаф 3-халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларида кийик терисига ёзилган Мусҳафлардан бири. Усмон Мусҳафи Самарқанддан 1869 йилда руслар томонидан Петербургга олиб кетилган. Сўнг юртдошларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан жуда қийинчилик бўлсада Аллоҳнинг инояти билан Тошкентга қайтарилган. Мусҳаф келиши билан Кўкалдош мадрасаси ёнидаги масжидда, бир йилдан сўнг Тошкент шаҳридаги тарих музейига кўчирилган. 1989 йилда Ҳазрати Усмон Мусҳафи Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан ўша вақтдаги Ўрта Осий ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига тақдим қилинган. Шу йилнинг 14 март куни эса Мусҳаф Ҳазрати Имом мавзеига келтирилган. Шу ўринда Мусҳаф сўзига қисқача тўхталсак. “Ал-масоҳиф“ китобида Ибн Шиҳобдан Мусо ибн Уқба ривоят қилган маълумот келтирилган: “Қуръонни жамлаб, вараққа ёзишгач, Абу Бакр: “Унга ном изланглар” дедилар. Баъзилар: “Ас-Сифр”, дейишди. У: У бу яҳудийлар номлайдиган исм”, деди. Шунда улар ҳам буни ёқтиришмади. Яна баъзилар: “Мусҳаф”, дейишди. Чунки шунга ўхшаш нарсани улар Мусҳаф дейишар эди. Охири барчалари уни “Мусҳаф” деб номлашга ижмо қилдилар». Усмон Мусҳафини талаб даражасида сақлаш мақсадида 2007 йил 8 июнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 115-сонли махсус қарори қабул қилинди. Бугунги кунда Усмон Мусҳафи қайта таъмирланди. У Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги музейга айлантирилган Ҳазрати Имом мажмуасидаги Мўйи Муборак мадрасаси биносида сақланмоқда. Усмон Мусҳафига халқаро ЮНEСКО ташкилоти томонидан 2000 йил 28 августда махсус сертификат берилган. Мўйи Муборак мадрасаси ҳукумат томонидан 2007 йил қайта таъмирланди. Бунгача Усмон Мусҳафининг сақланиш даражаси талаб даражасида эмас эди. Қуръон терига ёзилган ва уни мукаммал сақлаш учун намлик мўътадил бўлиши шарт. Таъмир жараёнида ҳукумат томонидан Германия давлатидан махсус сандиқ олиб келинди. Бу сандиққа Мусҳафни давр талаби даражасида мукаммал сақлаш учун намликнинг мўътадил бўлишини таъминлаб берувчи махсус ускуналар ўрнатилган. Ҳозирда Мусҳафи шарифни зиёрат қилиш учун юртимизнинг турли вилоятларидан зиёратчилар келишмоқда. Шу билан бирга мажмуа дунёнинг турли бурчакларидан келган Қуръон шайдолари билан гавжум. Манбаалар асосида  Тошкент ислом институти битирувчиси Робия Тоҳир тайёрлади 411

“Саҳиҳул Бухорий”нинг қанча қисми Қуръони каримга бағишланган?

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” китоби Қуръон каримдан кейинги энг саҳиҳ манба ҳисобланади. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ушбу китобни 16 йил мобайнида ёзганлар. “Саҳиҳул Бухорий”ни ёзиш жараёнида тақво масаласига алоҳида эътибор берганлар. Хатиб Боғдодий бу борада Бухорийнинг тилидан қуйидагиларни ривоят қилганлар: “Аввал ғусл қилиб, 2 ракат намоз ўқимай туриб, “Саҳиҳ” китобимга бирорта ҳадис киритмаганман”. Саҳиҳул Бухорийдаги ҳадислар сони охирги маълумотга кўра 7563 тадан иборат. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ асарларининг ички тузилмасида ўзига хос услубни танлаганлар. Уни китобларга ажратганлар. Масалан, “Таҳорат китоби”, “Намоз китоби” ва бу китобга тегишли боблар ва ҳадисларни келтирганлар. Тафсирга оид қисмини “Қуъон тафсири китоби” деб номлаганлар. “Қуръон тафсири китоби”даги ҳадислар сони “Саҳиҳул Бухорий”нинг 7 % ини ташкил қилади. Тафсир китобида жами 353 боб ва 504 та ҳадис келтирилган. Такрор ҳадислар 18 та, мазмуни бир хил ҳадислар 4 тани ташкил қилади. Ҳадис ривоят қилган ровийлар 99 та бўлиб, энг кўп ҳадисни Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилганлар. Бундан кейинги китобни “Қуръон фазилатлари китоби” деб номлаганлар. Бунда асосан суранинг фазилати борасидаги ҳадисларни йиғиб чиққанлар. Асар Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг юксак билим ва ўткир заковат соҳиби эканидан дарак беради. Манбалар асосида Тошкент ислом институти битирувчиси Султонова Диловар тайёрлади 358

Рамазон сабоқлари: Рўзада риё бўлмайдими?

Рўзада риё бўлмайди, деган гап илм аҳли орасида машҳур. Бу фикр асосан Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ўз “саҳиҳ”ларида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирганлари қуйидаги ҳадиси шарифнинг шарҳи борасида уламолар томонидан айтилган фикрлардан келиб чиққан. Мазкур қудсий ҳадисда “Одам боласининг барча амали ўзи учундир, магар рўза бундан мустасно. У мен учундир, унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман”, дейилади. Уламолар нима учун рўзага нисбатан бундай имтиёз берилди, деган саволга жавобан айтган сўзларида рўзада риё воқеъ бўлмаслигини сабаб қилиб келтирадилар. Бу фикрни Зуҳрийдан мурсал тарзда ривоят қилинган “рўзада риё йўқ” деган мазмундаги ҳадис ҳам қувватлайди. Мазкур ривоятнинг санади борасида гарчи турли сўзлар айтилган бўлса-да, аммо маънан юқорида келтирилган саҳиҳ ҳадиснинг мазмунига тўғри келади ва уни шарҳлайди. Зеро, кўп амаллар бажарилаётган вақтда одамлар учун ошкор бўлиб туради. Кишининг рўзадорлиги эса ташқаридан қараганда билинмайди. Шу жиҳатдан рўза намоз, ҳаж каби бошқа амаллардан фарқли ўлароқ риё хавфидан бир мунча узоқ бўлган амал ҳисобланади. Аммо, “рўзада риё бўлмайди” деган сўзни мутлақ тарзда тушуниш ниҳоятда хато фикрдир. Зеро, рўзада риё содир бўлмаслиги фақатгина унинг амалга ошиш шакли ва жараёнига тегишли холос. Аслида эса, бу ибодатга ҳам риё хавф солиши мумкин. Маълумки, ибодатлар муайян ҳатти-ҳаракатлар билан амалга оширилади. Уни атрофдагилар кўришади. Намоз ўқиётган киши атрофида одамлар бўлса, ўз намозини ниҳоятда гўзаллаштириб, ёлғиз ўқигандаги ҳолатидан ўзгача ўқиши мумкин. Бунда гарчи амалнинг асли холис ният билан бошланган бўлса ҳам, бироқ унинг васфида риё пайдо бўлиш эҳтимоли мавжуд. Рўза эса турли ҳатти-ҳаракатлардан холи бўлган ибодат бўлиб, унда ният асосий ўринни эгаллайди. Шу маънода рўза ибодатининг амалга ошиш ҳолатига риё хавфи кўланка солиши қийин. Бироқ, инсон ўзининг рўзадорлигини ўзгаларга билдириши орқали риё амалга кириб келади. Мисол учун киши нафл рўза тутмоқда. То шу ҳақда бировга айтмагунча, бу амалга риё дахл қилолмайди. Хабар бериши билан бундай рўза риё ва сумъага нишон бўлиши мумкин. Шу боис, “рўзада риё бўлмайди” деган сўзни мутлақ маънода тушуниш тўғри эмас. Хабар бериш ва эшиттириш билан ҳар қандай амалга риё сизиб кириши мумкин. Валлоҳу аълам! Тошкент ислом институти ўқитувчиси Алишер Султонхўжаев 369