islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Iyul 10, 2018

Day

Дуодан сўнг қўлни юзга суртиш бидъатми?

Сўнгги пайтларда дуодан сўнг икки қўлни юзга суртиш бидъат деган сўзлар тез-тез қулоққа чалиниб қолмоқда. Аслида ҳам шундайми? Бу ҳақда Ислом олимларининг фикри қандай? Бу саволларга қуйидаги камтарона изланиш орқали жавоб топишга уринамиз. Уламолар жумҳури яъни ўз вақтида сўзи нуфузга эга бўлган аҳли илмнинг, жумладан тўрт фиқҳий мазҳаб шайхларининг аксарияти дуодан сўнг қўлларни юзга суртишнинг машруъ ва мустаҳаб ишлардан эканлигига иттифоқ қилганлар. Ҳатто ҳанбалийлар (шофеъийлардан фарқлича) намоздаги қунутдан сўнг ҳам қўлларни юзга суртишга рухсат берадилар. Аҳли илмдан жуда камчиликкина дуодан сўнг қўлни юзга суртишни машруъ ҳисобламаган. Жумладан, шофеъийлардан Изз ибн Абдуссалом, ҳанбалийлардан Тақийюддин ибн Таймийя ва ҳанафийлардан айрим машойихларгина шу фикрни ихтиёр этганлар. Энди бу борадаги аҳли илмларнинг сўзлари билан қисқача танишамиз: Шарҳул-Ҳаскафий (яъни ад-дур ал-мухтор китоби)да (1\507) келади: “Сафо, Марва ва Арафотда эса худди дуодаги каби қўлларини кўтаради. Бу ўринда ва истисқо намозида қўлларни кўтариш мустаҳаб ҳисобланади. Хуллас, қўлларини кўкси баробарида осмонга қаратиб очади. Чунки, само дуонинг қибласидир. Икки қўли орасини (ёпиштирмасдан) бироз очиқ жой қолдиради. Совуқ ва ҳоказо каби узрли ҳолат бўлса, кўрсаткич бармоғи билан ишора қилиши кифоя. Ундан (яъни дуодан) кейин (қўлни) юзга суртиш (мазҳабимиздаги турли қавллар ичидан) энг саҳиҳига кўра суннатдир”. Фатовои ҳиндийяда (5/318) эса шундай дейилади: “Дуодан фориғ бўлганда икки қўлни юзга суртиш масаласига келсак, бир қавлда (ليس بشيء): “бу ҳеч нарса эмас! (яъни, эътиборли гап эмас, машруъ эмас!)” дейилган. (Одатда бу ибора бирор масалага заифлик нисбати берилганда айтилади. – муаллиф). Аммо, кўплаб машойихларимиз (Аллоҳ уларни раҳматига олсин!) буни (яъни қўлларни юзга суртишни) машруъ деб эътибор қилганлар. Ва мана шу қавл (мазҳабимизда) саҳиҳ ҳисобланади. Боз устига, бу борада хабар (ҳадис) ҳам ворид бўлган. Масала “ал-Ғиёсийя”да ҳам шундай”. Моликийя мазҳабининг мўътабар китобларидан “ал-фаваакиҳ ад-давааний алаа рисаалат Ибн Абий Зайд ал-Қайравааний” (“Ибн Абу Зайд Қайравонийнинг рисоласи шарҳидаги шовул мевалар”) номли асарда ( 2/330) шундай дейилади: “Дуода қўллар кўтариладими, кўтарилмайдими? (яъни кўтариш машруъми машруъмасми?) Агар кўтарилса (яъни кўтариш машруъ бўлса), дуодан сўнг улар юзга суртиладими, суртилмайдими?”, деган маънода аҳли илмлар ўртасида ихтилоф юзага келди. Термизийда Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуода қўлларини кўтарсалар, токи, уларни юзларига суртмагунларигача туширмас эдилар”. Ушбу ҳадис Набий алайҳиссалом дуода қўлларини кўтарганлари ва уларни юзларига суртганликларига далолат қилади”. Яна мазкур китобнинг 2-жилд, 335- саҳифасида келтирилади: “(дуо асносида) қўлни очиш (ёзиш) борасида ҳам уламолар ўртасида ихтилоф юзага келган. Лекин, бу ишнинг зарари йўқ. Зеро, бу (яъни қўлларни очиш) бечораҳоллик ва муҳтожлик белгисидир. Шунингдек, Набий алайҳиссалом қилганларидек, (дуо қилувчи) дуодан сўнг қўлларини юзига суртиш ҳам мустаҳаб деб билинади”. Ҳанбалийларга кўра ҳам дуодан сўнг қўлларни юзга суртиш мустаҳаб амал ҳисобланади (Мустаҳаб сўзи луғатда хуш кўрилган иш маъносини англатади. Истилоҳда эса, шаръан қилишга тарғиб қилинган, қилса қўшимча савоб, қилмаса гуноҳ бўлмайдиган амалга айтилади. – муаллиф). Имом Муваффақуддин Ибн Қудома ўзининг ал-Муғний китобида (1/449) бу борада шундай дейди: “Бизнинг далилимиз эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу сўзларидир: “Аллоҳга дуо қиладиган бўлсанг, кафтларингнинг ичи билан (яъни кафтларинг ичини осмонга қилиб) дуо қил! Усти билан дуо қилма (яъни дуода кафтларинг устини тепага қаратма!) Дуодан фориғ бўлгач, қўлларинг билан юзингни арт!” (Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти)”. Шофеъий мазҳабида...