islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Avgust 24, 2018

Day

Арабистон ярим ороли

Ислом динининг бешиги бўлган Арабистон ярим ороли арабларнинг илк ватанидир. “Араб” калимасининг луғавий маъноси чўллар, саҳролар, гиёҳ унмайдиган сувсиз, қурғоқ ерлар деганидир. Бу калима қадим замонлардан бери Арабистон ярим оролига нисбатан ишлатилган бўлиб, кейинчалик шу ерда яшаган ва уни ўзлари учун ватан қилиб олган халққа ҳам худди шу ном берилган. Осиё қитъасининг жануби-ғарбида жойлашган бу замин ғарбдан Қизил денгиз ва Синай ярим ороли билан, шарқдан Форс ва Уммон кўрфазлари, жанубдан Араб денгизи ва Адан кўрфази билан, шимолдан Ироқнинг катта қисми ва Шом дашти билан чегараланган. Жўғрофия олимлари Арабистон ярим оролини табиий жойлашишига қараб, беш қисмга бўлганлар: Тиҳома (التهامة): Қизил денгиз соҳилларига ёндош (параллел) ҳолда жойлашган узун пасттекислик бўлиб, шимолда Янбуъ шаҳридан то жанубда Нажронгачадир. Бу минтақада иссиқ қаттиқ бўлиб, шамол эсмагани учун “Тиҳома” деб номланган. Тиҳома “жазирама иссиқ” маъносидаги (تهم) сўзидан олинган. Саро тоғ тизмаси (سلسلة جبال السراة): Қизил денгиз соҳилларига ёндош (параллел) баландликлар бўлиб, Тиҳома пасттекислигининг шарқий тарафида жойлашган. Шимолда Ақаба кўрфазидан то жанубда Ямангача чўзилган Арабистон ярим оролининг умуртқасини ташкил қилувчи бу тизма ярим оролни иккига – ғарбий ва шарқий қисмларга бўлиб туради. Тизманинг шимолий қисми Мадян тоғлари, жанубий қисми Асир тоғлари, ўртаси эса Ҳижоз деб номланади. Ҳижозда Макка, Мадина, Жидда, Тоиф, Табук каби шаҳарлар бор. Бу ҳудуд Тиҳома пасттекисликлари билан Нажд тепалиги орасини тўсиб-ажратиб тургани учун Ҳижоз (баланд девор, тўсиқ) номини олган. Нажд тепалиги (هضبة نجد): Нажд ўлкаси Арабистон ярим оролининг ўртасидаги баланд ерлардир. Шунинг учун бу ерга баланд ясситоғлик маъносидаги “Нажд” номи берилган. Жанубда Ямангача, шимолда Ироққача, шарқда эса Аруз минтақасигача бўлган катта ҳудуддир. Яман (اليمن): Арабистон ярим оролининг жануби-ғарбий бурчагида жойлашган тоғли минтақа. Шарқда Ҳазрамавт, Маҳра ва Уммон билан боғланади. Арабистон ярим оролидаги энг баланд тоғлар айнан Яманда жойлашган бўлиб, Санъо шаҳрининг жануби-ғарбида 3750 метрга етадиган чўққилари бор. Аруз (العروض): Бу ҳудуд Ямома, Уммон ва Баҳрайн давлатларини ўз ичига олади. Саратон доираси экваторнинг шимолий тарафида Арабистон ярим оролини 23,5 даражада кесиб ўтгани туфайли, бу ерда иссиқ қаттиқ бўлади, айниқса, ёз фаслида. Ҳозир Арабистон ярим оролида еттита давлат мавжуд. Уларни майдонининг катта-кичиклиги эътиборига кўра қуйидаги тартибда баён қиламиз: Саудия Арабистони. Майдони: 2,248,000км2. Яман жумҳурияти. Майдони: 472,099км2. Уммон султонлиги. Майдони: 306,000км2. Бирлашган араб амирликлари. Майдони: 83,000км2. Қувайт. Майдони: 17,818км2. Қатар. Майдони: 11,437км2. Баҳрайн. Майдони: 694км2. Арабистон ярим оролининг умумий майдони: 3,139,048км2. Тошкент Ислом институти Диний фанлар кафедраси ўқитувчиси Абдул Азим Зиёуддин 401

Илоҳий ироданинг рўёби

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёга келганларидан сўнг Омина онамиз қайноталари Абдулмутталибга одам жўнатиб, набирали бўлгани хабарини етказади. Абдулмутталиб бу хушхабардан беҳад қувонади, чақалоқни олиб келиб, Каъбанинг ичига киради, Аллоҳга дуолар қилиб, шукроналар айтади ва шу ерда муборак набирасига “Муҳаммад” деб исм қўяди. Қизиқ, ота-боболарининг урфида бўлмаган бу исмни Абдулмутталиб нимага асосланиб қўйди эди? Бу борада иккита асос бор: 1. Абдулмутталиб тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилишларидан олдин бир учи осмонда, бир учи ерда, яна бир учи шарқда ва бир учи ғарбда бўлган мисоли бир кумуш занжирнинг белидан чиққанини кўради. Кейин ҳалиги занжир мисоли бир дарахтга айланади, ҳар бир япроғида нур бўлиб, машриғу мағриб аҳолиси ўша дарахтга осилишаётган ва уни тинмай мақташаётган эди. Кўрган тушини таъбирчиларга айтиб берганида, улар унинг пушти камаридан бир фарзанд дунёга келишини, бутун машриғу мағриб аҳолиси унга эргашишини ва еру осмон аҳли уни мақташларини таъбир қилишади. Абдулмутталиб мана шу тушга асосланиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга “Муҳаммад” деб исм қўйган.[1] 2. Омина онамиз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳомиладорлик пайтида бир туш кўради. Тушида муборак ўғил кўриши башорат қилинади ва туғилганида “Муҳаммад”[2] деб исм қўйиши буюрилади. Вақт-соати келиб, Омина онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни дунёга келтирганида, бу тушини Абдулмутталибга айтиб беради. Абдулмутталиб тушларнинг бежиз эмаслигини тушунади[3]. Дарвоқе, Замзам қудуғининг қаерга кўмилгани ҳам, уни очиш ҳам Абдулмутталибга тушида билдирилган эди! Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилганларининг еттинчи куни Абдулмутталиб муборак набираси номидан ўша пайтдаги арабларнинг одатига кўра қўчқор сўйиб, Қурайш улуғларини чақириб, зиёфат беради. Меҳмонлар зиёфат сўнгида: “Бу набирангнинг шарофати ила бизни жуда сийладинг, унга қандай исм қўйдинг?” деб сўрашади, у: “Муҳаммад деб исм қўйдим”, дейди, улар: “Ота-боболарингда бунақа исм йўқ-ку?” деб ажабланишганида, у: “Мен бу набирамнинг ерда ҳам, осмонда ҳам доимо мақталишини хоҳладим”, деган жавобни беради”[4]. Аслини олганда, Аллоҳ таолонинг ўзи сўнгги пайғамбарининг исми “Муҳаммад” бўлишини ирода этган ва бу илоҳий ироданинг рўёбини Абдулмутталиб билан Омина онамизга туш орқали илҳом қилиб, юзага чиқарган. Ушбу ишнинг хабари асл Тавротда “Муҳаммад” деб, асл Инжилда “Аҳмад” деб келган эди[5]. [1] Имом Олусий, “Руҳул маъоний” (4/73); Абду Раҳмон Суҳайлий, “Ар-равзул унф фи шарҳис сийратин набавия ли Ибн Ҳишом” (1/182); Шайх Муҳаммад Тоййиб Нажжор, “Ал-қовлул мубин фи сийрати саййидил мурсалин” (1/84). [2] Барча ровийлар Омина онамизнинг тушида Пайғамбаримизга “Муҳаммад” деб исм қўйиши буюрилган, деганлар. Фақат Ибн Саъдгина “Муҳаммад”нинг ўрнига “Аҳмад” деб ривоят қилган. [3] Муаллифлар Ибн Исҳоқ, Ибн Ҳишом ва Воқидий каби сийрат уламоларининг ривоятларига асосланишиб, китобларида ушбу маълумотни баён қиладилар. [4] Бу маълумотни Ҳофиз Абу Бакр Аҳмад Байҳақий “Далоилун нубувваҳ” (1/40) ва Ибн Асокир “Тариху Димашқ” (3/81) китобларида ривоят қилишган бўлиб, барча муаллифлар китобларида мана шунга асосланишади, натижада бу маълумот жуда ҳам машҳур бўлиб кетади. [5] Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Қаййим Жавзия, “Жалоул афҳом” (4/55); Қози Муҳаммад Сулаймон Мансурфурий “Раҳматун лил оламийн” (1/31); Муҳаммад ибн Юсуф Шомий, “Субулул ҳудо вар рашод фи сийрати хойрил ъибод” (1/418); “Иқоматул ҳужжати ъалал оламийн би нубуввати хотамин набиййин” (2/194). Тошкент Ислом институти Диний фанлар кафедраси ўқитувчиси Абдул Азим Зиёуддин 160