islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Avgust 30, 2018

Day

Қуръони каримда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфлари

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни набийларнинг имоми, расулларнинг хотами қилиб, бутун оламларга раҳмат ўлароқ юборди. Уларни бошқа пайғамбарлардан ажралиб турадиган сифатлар билан сифатлади. Каломи шарифда у зотнинг даражалари ва қадрларининг улуғлигига ишора қилувчи оятлар кўп. Қуйида улардан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз: 1. Аллоҳ таоло барча пайғамбарлардан агар улар ҳаётлик вақтларида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилса, улар у зотга иймон келтиришлари, эргашишлари ва ёрдам беришлари ҳақида аҳд олган эди: “Эсланг (эй аҳли китоб), Аллоҳ барча пайғамбарлардан: “Мен сизларга қандай Китоб ва Ҳикмат бермайин, кейин сизларнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ этувчи бир пайғамбар (яъни Муҳаммад алайҳиссалом) келгач, албатта унга иймон келтирурсиз ва ёрдам берурсиз”, деб аҳд-паймон олгач, уларга: “Мана шу аҳд-паймонимни иқрор бўлиб қабул қилдингизларми?” деди. У пайғамбарлар: “Иқрормиз”, деб жавоб қилишгач, Аллоҳ айтди: “Гувоҳ бўлингиз! Мен ҳам сизлар билан гувоҳ бўлгувчиларданман”. (Оли Имрон, 81-оят) 2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг бандаларга қилган марҳаматидир. Чунки улар у зот орқали ҳидоят топдилар. Аллоҳ таоло пайғамбарларда мавжуд бўлган барча яхшиликларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда жамлади. Оли Имрон сурасининг 164-оятида шундай дейилади: “Албатта Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яхшилик қилди. Зеро улар илгари очиқ хато — залолатда эдилар”. 3. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зикрларини азон, ташаҳҳуд, хутба каби баъзи ибодатларда юқори кўтарди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ва Биз сизнинг зикрингизни (яъни мартабангизни) баланд қилиб қўйдик”. (Шарҳ, 4-оят) 4. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг аввалгиси, набийларнинг охиргисидир. Аллоҳ таоло айтади: “Айтинг: (Эй Муҳаммад): “Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир”. (Анъом,162-оят) “Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани билгувчи бўлган зотдир”. (Аҳзоб, 40-оят) Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ бу борада айтадиларки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин набий йўқлигига бу оят далилдир. У зотдан сўнг набий йўқми, демак улардан кейин ҳеч қандай расул ҳам бўлмайди. 5. Аллоҳ таоло кўп оятларда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишни Ўзига итоат қилиш билан бирга келтирди: “Айтинг: “Аллоҳ ва пайғамбарга итоат қилингиз!” Агар юз ўгирсалар, бас, албатта Аллоҳ (бундай) динсизларни севмас”. (Оли Имрон, 32-оят) “Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди. Кимки юз ўгирса (бунинг сизга зарари йўқдир)”. (Нисо, 80-оят) 6. Расул алайҳиссаломга эргашиш Аллоҳнинг муҳаббатига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Айтинг (эй Муҳаммад): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир”. (Оли Имрон, 31-оят) 7. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлар орасида бўлишлари улар учун ҳалокатдан омонликдир. Бу ҳақда Анфол сурасининг 33-оятида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Модомики, сиз уларнинг ораларида экансиз, Аллоҳ уларни ҳаргиз азобламас ва улар мағфират сўраб турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азоблагувчи эмасдир!” 8. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари фақат бир қавмгагина хос эмас, балки бутун инсоният учун умумийдир. Аллоҳ таоло дейди: “Оламлар (инсонлар ва жинлар)га огоҳлантирувчи бўлиши учун Ўз бандаси (Муҳаммад)га Фурқон (Қуръон)ни нозил этган зот баракотли (буюк)дир”. (Фурқон,1-оят) 9. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аввалги-ю кейинги барча гуноҳларини мағфират қилди. Фатҳ сурасининг 1-3-оятларида шундай дейилади: “(Эй Муҳаммад), токи Аллоҳ сизнинг гуноҳингиздан илгари ўтган ва кейин кел(ади)ган нарсалар (барча гунохларингиз)ни мағфират қилиши учун ва сизга Ўз неъматини комил қилиб бериб, сизни Тўғри йўлга ҳидоят қилиши учун ҳамда Аллоҳ сизга қудратли Ёрдам бериши учун дарҳақиқат Биз сизга очиқ-равшан фатҳ-ғалаба ато этдик”. 10. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бошқа пайғамбарлар каби исми билан хитоб қилмади, балки у зотнинг набийлик ва расуллик сифатлари билан хитоб қилди. 11. Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари билан қасам ичди. Бу эса у зотдан бошқа пайғамбарларда бўлмаган:...

Нозик ҳилқат зийнати

Эсимни танибманки, негадир акаларим орасида катта бўлганим учунми, доим ўғил болаларга ўхшашга интилаверардим. Тегмаганга тош отар, кимнидир хафа қилиб юрар эдим. Қизларга ўхшаб қўғирчоқ ўйнашни эса умуман ёқтирмасдим. Уларни ўйинчоқларини ҳам олиб қўяр, роса ялинтириб мириқиб кулардим. Ўзим эса акаларимнинг ўйинларини мазза қилиб ўйнардим. Буни оқибатида болаларнинг ота-оналари уйимизга шикоят қилиб келаверишарди, келаверишарди. Бувижоним эса гоҳ койиб, гоҳ куйиниб: “Боламгинам, бу ишинг яхши бўлмабди, қиз бола дегани ҳадеб шўхлик қилавериши ярашмайди. Ахир акаларинг ўғил бола бўлса. Сен одоб-ахлоқда, юриш-туришда улардан ажралиб туришинг, ҳаёли, иболи бўлишинг керак. Дуч келган гапни гапиравериш, тўғри келган ишни қилавериш, хўш қизларга ярашармиди?!”, сингари гапларни айтиб насиҳат қилардилар. Ёш бўлганим учунми бу гаплар бир қулоғимдан кирса, бирисидан чиқар, яна шўхлик қилиб чарчамасдим. Лекин ҳамма нарса ҳам вақтинча экан. Инсон улғая бошлагач оқу қорани, эгри билан тўғрини фарқлай бошларкан. Ёшликдаги шўхликлар ўз-ўзидан босилиб, уларнинг ўрнини ҳаё, камтарлик, вазминлик эгаллай бошларкан. Мен ҳам ёшимга ёш қўшилиб, улғайганим сайин ақлимни таний бошладим. Энди кўчада менсиз ўйналмайдиган ўйинлар қизиқтирмасди. Бувимнинг ёнларидан эса сира кетгим келмас, дилтортар суҳбатларини эшитиб тўймасдим. Уй-рўзғор ишларини эринмай кўрсатиб берар, ҳаётда қиз боланинг вазифаларини, аввало у содиқ рафиқа, меҳрибон она бўлишини уқтириб борардилар. Илгарилари бу қулоғимдан кириб, у ёғидан чиққан сўзлар энди бутунлай қалбимга муҳрланиб борарди. Бир куни сўрида кўрпа қавиб ўтирар эканлар, ёнларига чақирдилар. Қарасам кўзлари ёшланибди. Бирор оғиз сўз айтишга ботинолмай туриб қолдим. Кейин ўзлари гап бошладилар: “Болажоним, қарагин, манави кўрпаларни сенга атаб тикяпман. Қиз бола палахмон тоши, қаерга отса шу ерга тушади, дейишади. Бир қиз бола учун керак бўладиган сепларни йиғиб қўйдик аянг билан. Лекин она қизим, шуни яхшилаб билиб олишинг керак. Қизлар сепининг кўп-камлиги, анжомларининг қимматбаҳолиги, тақинчоқларининг асллиги билан қадрланмайдилар. Аксинча, одоб-ахлоқи, чиройли тарбияси, ширинсуханлиги, сабрли-тоқатли, итоатли бўлиши ила ҳурматланади, эъзозланади. Келинлик катта бир маъсулият ҳам шарафдир. Шу билан бирга унинг одоблари ҳам бор. Аёл киши аввало қаноатли ва  хушфеъл бўлади. Хожаси нима олиб келса мамнуният билан қабул қилади. Айтилган ишларда итоатли бўлади. Ҳаттоки сўзларига диққат билан қулоқ тутади. Рўзғорнинг тинч бўлишида озодалик энг муҳим иш бўлгани учун, яхши аёллар ҳамма ерни саранжом-саришта қилиб қўядилар. Ҳам ўзларининг, ҳам хожаларининг либосларини тоза тутадилар. Ёмон ҳидлар димоғни эмас, балки дилни ҳам хира қилади. Уддабурон бекаларнинг лаззатли овқатлари доим бир вақтда пишади, дастурхонлари ёзиғлик туради. Сабаби, очлик ва толиқиш инсонни ғазабини тез келтиради. Рўзғор ашёлари, уйдаги маҳсулотларни ишлатишда тежамкор ва эҳтиёткор бўлади. Эрнинг мол-дунёсини исроф қилмаслик ишни кўзини билиш ва уни қадрлашнинг белгиси демакдир. Бундан ташқари аёл киши эрининг яқинлари, қариндош-уруғларига чиройли ҳурмат кўрсатади. Уларни асло ёмонламайди. Аёллар орасида эшитган ҳар қандай сўзни айтиб дилини ғаш қилмайди. Шу билан бирга эрининг сир-асрорларини ҳеч кимга фош қилмайди. Уйнинг гапини кўчага олиб чиқмайди. Бу билан унинг ишончини йўқотасан. У хафа бўлса, хурсанд бўлиб, хурсандлигида хафа бўлиб юриш фаҳмсиз ва тарбияси бузуқ одамларнинг ишидир. Унга ёқмайдиган не иш борки, уларни тарк қилади.” Бувим гапларини тугатар эканлар, “уқиб олдингми?” дегандай бир қараб қўйдилар. Мен эса кўзларимни ердан ололмас, индамай ўтирардим… Мана орадан неча йиллар ўтди, бугун бувим ҳаётда йўқлар, аммо ўзларининг насиҳатлари билан ҳамон мен билан яшаётгандай бўлаверадилар. Бувимнинг ўгитлари ҳамон қулоқларим остида жаранглаб туради. 493