islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oktabr 9, 2018

Day

Савда бинти Замъа

Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг отасининг исми: Замъа ибн Қайс ибн Абду Вудд ибн Наср ибн Молик Ибн Ҳисл ибн Омир ибн Луайдир. Онасининг исми: Шаммуус бинти Қайс ибн Аъмр ибн Зайд ибн Лабиддир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг шажараси Луай ибн Ғолиб боболарида бирлашади. Бир куни Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг тушларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юриб келиб, унинг бўйнини босиб олганларини кўради. Буни эри Сакрон ибн Амр розияллоҳу анҳуга айтади. У бўлса: “Агар тушинг ўнгидан келса, мен кўпга қолмай вафот этиб, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эрга тегар экансан”, дейди. Шунда Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо “Бўлмаган гап, тағин биров эшитиб қолмасин”, дейди. Орадан бир қанча вақт ўтиб Сакрон ибн Амр розияллоҳу анҳу аёли Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо билан Ҳабашистонга ҳижрат қилиб, бир мунча вақтдан сўнг қайтадилар. Сакрон ибн Амр розияллаҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилинишидан олдин бемор бўлиб, вафот этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Савда розияллоҳу анҳога уйланишлари унинг Ислом йўлидаги ҳаракати, ихлоси ва аламли мусибати учун энг улкан мукофот бўлиши табиий эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу боисдан унга уйланмоққа қарор қилдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бўлган бу илтифотни одамлар бениҳоя хурсандлик ила қарши олишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нубувватни ўнинчи йили, Рамазон ойида эллик бир ёшларида, Хадижа розияллоҳу анҳо вафотларидан бироз вақт ўтганидан сўнг Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳога тўрт юз дирҳам маҳр бериб уйландилар. Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо кези келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васалламни кулдириб турар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга у кишининг бу сифатлари маъқул келар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг ҳазил-мутойибаларига ўзига яраша лутф ила муомала қилар эдилар. Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг ҳазил мутойибага мойилликлари машҳур бўлса ҳам кези келганда жиддий бўлишни ҳам ўрнига қўяр эдилар. Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча ҳадислар ривоят қилганлар. Машҳур ҳадис китобларида у кишининг ҳадислари келтирилганини уломаларимиз зикр қилишган. Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо ҳижратнинг эллик тўртинчи (милодий олти юз етмиш тўртинчи) йили Шаввал ойида Мадинаи мунавварада вафот этадилар. Аллоҳ таоло У зотдан рози бўлсин ва рози қилсин! Тошкент Ислом институти битирувчиси Тожиддинов Абдуссомад 278

Пайғамбаримиз алайҳиссаломга берилган аҳдлар

Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи ишларни алоҳида зикр қилиб уларга риоя қилиш ҳақида мусулмонлардан аҳд олганлар. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай хабар берилган: Убода ибн Сомитрозияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида саҳобалардан бир жамоа турганида: «Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигингиз, зино қилмаслигингиз, болаларингизни ўлдирмаслигингиз, қўл ва оёқларингиз орасидан тўқиган бўхтон келтирмаслигингиз ва маъруф (яхши) ишда осий бўлмасликларингиз ҳақида менга байъат қилинг. Бас, сиздан ким бунга вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйиб, дунёда уқубатини олган бўлса, бу унинг учун каффоротдир. Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйса-ю, сўнгра Аллоҳ уни сатр қилган бўлса, у Аллоҳга ҳавола. Хоҳласа уни авф қилади, хоҳласа жазолайди», дедилар. Бас, биз У Зотга ана шу ҳақида байъат қилдик». Бухорий ривоят қилган. Ушбу ҳадиси шарифда мазкур ишларга “байъат қилинг”, дейилган.   Бу ҳақида уламолар шундай деганлар: “Байъатсўзи луғатда «олди-сотди» деган маънони билдиради. Шариатда эса кишиларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатлари ҳақида берган аҳдларидир. Бунда иккинчи томон, яъни байъат берувчи шахс ўз итоати сабаб номаи аъмолига савоб «сотиб олиш» маъноси борлиги учун ушбу сўз ишлатилади”. Ушбу ҳадиси шарифдан кўплаб фойдалар олинади: Саҳобалар берган ваъдаларига амал қилишни фахр, устиларидаги масъулиятни эса шараф, деб билганлари; Мусулмон одам ёмонликлардан қайтиб, яхшиликларни қилишга аҳд бериши кераклиги; Ширкдан эҳтиёт бўлиш зарур экани; Ўғирлик, зино, ёлғон-бўҳтон, осийлик энг ёмон гуноҳлар экани; Гуноҳига яраша шаръий жазо олган одамнинг гуноҳи ювилиши; Гуноҳи беркилиб, шаръий жазо олмаган одамнинг ишини Аллоҳга ҳавола қилиш кераклиги. Ушбу аҳдларга мусулмонлар доимо амал қилишлари зарурдир. Зеро, ҳар бир берилган аҳд инсон ахлоқи ва унинг камолоти учун ижобий натижа беради. Унга амал қилувчилар дунё ва охират саодатини топадилар. Аллоҳ таоло барчамизга олаётган илмларимизни манфаатли қилсин! Тошкент Ислом институти талабаси Юсупова Феруза 275

“Араб тили” ва “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курси тингловчилари учун давра суҳбати ташкил этилди

Хабарингиз бор, Тошкент ислом институтида аҳолига қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг диний таълимга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун “Араб тили” ҳамда “Қуръони карим ва тажвид” пуллик ўқув курслари фаолият юритиб келмоқда. Мазкур ўқув курсларни институтнинг малакали ўқитувчилари ЎМИ томонидан тасдиқланган дастур асосида олиб бормоқда. “Араб тили” ва “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курси тингловчилари учун ҳар ойда бир маротаба маънавий-маърифий суҳбатлар ташкил этиш режалаштирилган. Шунга биноан 2018 йил 5-8 октябрь кунлари ТИИ ректори Уйғун Ғафуров иштирокида “Ўзбекистонда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Суҳбатда ўқув курси тингловчилари вазифалари, тартиб-қоидалари, одоб-ахлоқлари, ноқонуний тарзда диний таълим олмаслик ва бермаслик тўғрисида маъруза қилди. Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда диний соҳадаги ислоҳотларни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидлади. Суҳбат якунида тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ҳамда хайрли ишларга бош бўлган юртбошимиз, муфтий ҳазратлари, институт жамоаси ва бошқа масъулларга миннатдорчилик изҳор қилиб, диёримизда бўлаётган мана шундай гўзал ислоҳотларга нисбатан эътиборли бўлиш ва бу каби хайрли ишларни қўллаб-қувватлашларини билдирдилар. Маълумки, “Араб тили” курсининг дастлабки ўқув машғулотлари 2018 йил 2 январдан, “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курси эса 2018 йил 10 июндан бошланган эди. Ўқув ишлари услубчиси Усмонхон Баҳодирхонов 1 509