islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Yanvar 2019

Month

Нақшбандия машойихлари(5) Султон Боязид Бaстомий (Қоддасаллоҳу сирруҳу 3-қисм)

Боязид Бастoмий ҳазратлари ёмғирли бир кунда жума намозини адо қилиш учун уйидан чиқди. Йўл ботқоқ эди. Бастoмий ҳазратлари ёмғир тингунча, бир уйнинг девори панасида турди ва ўша ерда кавушидаги лойни уйнинг тош деворига суртиб тозалади. Ва масжидга кетар экан, ўз-ўзига “кавушимни тозалайман деб, бир мажусийнинг деворини кирлатдинг, бу ҳолда Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай турмоқчисан?” деди ва мажусийдан узр сўраш учун орқасига қайтди. Унинг эшигини қоқди. Мажусий чиқиб: – Нима гапингиз бор эди?  – деди. – Сиздан узр сўрашга келдим,  – деди Бастoмий ҳазратлари. – Нима учун? – Бироз аввал кавушимдаги лойларни деворингизга суртиб тозалаган эдим, бу тўғри ҳаракат бўлмади. Ёмғирнинг шиддати менга бу нозикликни унуттирди, – деб жавоб берди Бастoмий ҳазратлари. – Нима зарари бор? Зотан деворимиз лойдан бўлган. Сизнинг оёғингиздан у ерга сурилган лой деворга бир хунуклик келтирмас, – деди мажусий. – Тўғри, аммо бу бир ҳақдир ва соҳибининг ризосини олиш керак,  – деди Бастoмий ҳазратлари. – Сизга бу нозиклик ва инсон ҳақларига бу қадар ҳурматни сизнинг динингиз ўргатдими?  – деб сўради мажусий.  – Ҳа, динимиз ва бу диннинг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатди,  – деди Бастoмий ҳазратлари. – У ҳолда биз нечун бу динга кирмаймиз?  – деди мажусий ва калимаи шаҳодат келтириб, мусулмон бўлди. (3-қисм тугади. Давоми бор) Мир араб ўрта махус ислом билим юрти мударриси Абдусамад Тожиддинов 142

ТОШКЕНТ ИСЛОМ ИНСТИТУТИДА ЭКОЛОГИК ХАЙРИЯ ҲАШАРИ ЎТКАЗИЛДИ

“Ҳашар – элга ярашар” деган мақол бежиз айтилмаган. Ҳашарда халқимизга хос бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик, умумхалқ байрами олдидан маҳаллалар, кўчалар ва аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ишлари уюшқоқлик ва ҳамжиҳатлик билан амалга оширилади. Жорий йилнинг 26 январь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида экологик хайрия ҳашари ташкил этилди. Ҳашарда институт раҳбарияти, ўқитувчи ва ишчи ходимлар ҳамда талабалар фаол иштирок этди. Институтнинг ички ва ташқи ҳудудларида ободонлаштириш ишлари билан биргаликда ўқув даргоҳининг дарс хоналари, маъмурий хоналар, кафедралар, ошхона, ахборот-ресурс маркази тозаланиб тартибга келтирилди. Шунингдек, институтнинг атрофи ва ҳовлисидаги яшил майдон ҳудудларида қуриб қолган бегона ўтлар юлиб ташланди. Ҳашар кунлари институтнинг “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ҳудудида ҳам тозалик ишлари юқори кайфиятда олиб борилди. Унда ўқув хоналари, талабалар турар жойи, ошхона, жисмоний маданият ва спорт мажмуаси, кафедранинг ички ва ташқи ҳовлиси тозаланди. Хулоса ўрнида Тошкент ислом институтида ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, ходимлари ва талабалари орасида кўтаринки кайфият билан ўтганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Зеро, ҳашар ҳамжиҳатлик, ободлик ва яратувчанлик рамзи сифатида шаклланган меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 280

“Уламолар султони” Алоуддин Абу Бакр Косонийнинг устоз ва шогирдлари

Тарихда шундай олимлар яшаб ўтганки, бутун ҳаёти давомида бор-йўғи бир ёки икки асаргина ёзиб қолдирган. Шундай бўлса-да, шу биргина асарнинг ўзи, муаллифининг илм бобида савияси юқори эканидан дарак беради. Йирик ҳанафий фақиҳи, муҳаддис ва усулий олим Алоуддин Абу Бакр Косоний (в. 587/1191)нинг дунёга машҳур “Бадоиъ ас-саноиъ фи тартиб аш-шароиъ” (Шариат қонунларини тартиблашда гўзал қонунлар) асари ҳам ана шундай манбалардан бири. Ханафий мужтаҳидларининг сўнги вакили Мухаммад Амин ибн Умар ибн Обидин (в. 1252/1836 й.): “Бадоиъ” бизнинг (ҳанафий) китобларимиз ичида тенги йўқ асар. Унинг муаллифи Имом Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Косонийдир”, дея таърифлайди[1]. Ушбу мақолада “Малик ал-уламо” (Уламолар султони) дея ном олган Абу Бакр Косонийнинг устозлари ва шогирдлари ҳақидаги тўхталиб ўтмоқчимиз. Алломанинг илмий фаолияти, асарлари, услублари ва фазилатлари ҳақидаги кейинги тадқиқотларимизда баён қиламиз. Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Косоний Фарғона водийсига қарашли Косон шаҳрида туғилиб, тахминан балоғат ёшига етгач Бухорога илм олиш мақсадида борди. Илм маркази бўлган Бухорода кўплаб устозларга, хусусан, Алоуддин Самарқандий (в. 539/1143 й.)га шогирд бўлиб, фиқҳ, ҳадис, ақида ва тафсир илмларида етук олим бўлиб етишди. Олим яшаган даврда Самарқанд ва Бухоро илмий марказ бўлиб, ўзида юзлаб йирик фақиҳ, муҳаддис ва муфассирларни жамлаган эди. Аммо олимнинг таржимаи ҳоли келтирилган манбаларда энг асосий устози ва қайнотаси Алоуддин Самарқандий (в. 539/1143 й.)[2] нинг номи келтирилган. Кам сонли манбаларда Абул Юср Паздавий (421/1030-493/1099)[3], Абул Муъин Насафий (в. 508/1115 й.)[4] ва Маждул Аъимма Сурхакатий  (в. 518/1125 й.)[5] каби уламолардан ҳам дарс олганлари зикр қилинмоқда[6]. Алоуддин Косоний таваллуди ҳижрий беш юзинчи йилдан олдинроқ бўлгандагина Абул Юср Паздавий, Абул Муъин Насафийлардан дарс олганликларини эҳтимол қилиш мумкин. Яна шунингдек, Қози Абдулазиз ибн Усмон Фазлий Насафий (в. 533/1139 й.)[7], Шайхул ислом Али ибн Муҳаммад Исбижобий Самарқандий (453/1061-535/1141)[8], Ҳисомиддин Шаҳид Умар ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Моза Бухорий (483/1090-536/1142)[9], Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али Насафий (462/1069-537/1143)[10], Абул Фатҳ Заҳириддин Абдуррашид ибн Аби Ҳанифа ибн Абдураззоқ Валволижий (467/1075-540/1145)[11], Алоуддин Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Абу Абдуллоҳ Буҳорий (в. 467/1151 й.)[12] каби фақиҳларнинг ҳам Абу Бакр Косоний (р.ҳ.) билан бир даврда, ва бир шаҳарда фолият олиб борганликлари, ёшлари эса имом Косоний нисбатан каттароқ бўлганлигини эътиборга олиб, катта эҳтимол билан имом Косоний улардан ҳам дарс олган бўлиши мумкин. Алломанинг шогирдлари: Абу Бакр Косоний узоқ муддат Ҳалавия мадрасасининг бош мударриси, Ҳалаб ҳанафийлари раиси сифатида сон саноқсиз талабаларга таълим берган, омма халқни ҳам мавъиза ва суҳбатлари билан баҳраманд қилганлар,улар катта қизиқиш билан дарсларда, суҳбатларда иштирок қилишгани манбаларда зикр қилинган. Косонийнинг талабалари вақти келиб Ҳалаб ўлкасининг фахрига айланган, илмий савияси эътироф қилинадиган уламоларга айланишди. Ораларидан Ҳалавия ва бошқа мадрасаларнинг бош мударрислари, катта шаҳарлар қозилари, муфтийлари етишиб чиқди. Тарихчилар ушбу шогирдларнинг таржимайи ҳолини зикр қилганда “Имом Косоний қўлида таълим олган” дея алоҳида таъкидалайдилар ва бу билан уларнинг илмий савиялари юқори бўлганига ишора қиладилар. Аллома ва унинг шогирдлари таржимайи ҳоли ҳақида маълумотлар ўрганиб чиқганимиздан кейин Косонийдан таълим олиш бахтига муяссар бўлган кўпгина олимлар номларини аниқладик. Қуйида уларни келтирамиз: Жамолиддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Саид Ғазнавий (в. 593/1197) ва ўғли Махмуд ибн Жамолиддин Ахмад Ғазнавий манбаларда зикр қилинган Косонийнинг асосий шогирдлари[13]. Жамолиддин Абу Сурайё Халифа...

ЖИДОЛ – ТОРТИШУВ

Жидол деб киши ўз қарашларини исбот қилиш мақсадида олиб борган илмий баҳсига айтилади. Ахлоқ одоб фанида қалам тебратган уламолар жидолнинг ҳукмни иккига бўлганлар. Ҳаром ва мандуб. Бу баҳс олиб борувчиларнинг ниятига қараб аниқланади. Агар тортишувчи рақибини мот қилишни қасд қилса унинг ҳукми ҳаром бўлади. Ҳатто баъзи олимлар эътиқодий мавзуларда баҳс олиб борувчининг мақсади шу бўлса у кофир бўлади, деб айтишгача борган. Абу умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жидол ҳақида шундай деганларини ривоят қилган: ما ضل قوم بعد هدى كانوا عليه الا اوتول الجدل Ҳидоятга муяссар бўлган қавмлардан бирортаси адашиб кетмайди. Илло, тортишувга берилиб кетганлар мустасно! (Имом Термизий ривояти). Яъни, китоб ва суннатга эргашиб ҳақни топган ва тўри йўлга тушиб олган жамоа асло йўлдан оғишмайди. Лекин ўзаро тортишув, таассубга берилсагина ҳидоят йўлидан залолат сўқмоғида сарсон бўлишлари мумкин. Бугунги кундаги тортишув ва баҳсларнинг аксари қўрқмасдан шу ҳукмни бериш мумкин. Ўз мазҳаби, эътиқоди, маслаги ва сулукини майдонга олиб чиқиш ва майдонда собит ушлаш мақсадида ҳеч нарсадан тап тортмасдан тортишувчилар кўпайиб кетди. Айниқса ижтимоий тармоқлар учун жуда қулай баҳс майдони бўлиб хизмат қилмоқда. Ундай мутаассибларнинг аломатлари шуки, фаолият олиб бораётган профилларида шахсий маълумотларини қаттиқ сир тутишади. Бировларнинг фотосуратлари ортига яширинишади, бегона исм шарифлар билан ниқобланишади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, маълумотлари маавҳум бу каби шубҳали “муллалар”нинг мақсади ҳеч қачон ҳақни изҳори эмас. Улар ўз фикр ва қарашларини бошқаларга сингдиришни, уларга қарши илмий раддия бера олувчи илм аҳлларини обрўсизлантириб мот қилишни мақсада қилишади. Улар ким билан баҳс олиб борса ҳеч қачон дўстона маданий муносабатда бўлишмайди. Қаршисидаги мусулмонни душман сифатида кўришади ва шу бўйича ёндошув билан иш олиб боришади.Улар танлаган услуб худди Расулуллоҳ билан тортишув қилган мушрикларнинг услубига ўхшайди. Юқоридаги ҳадисни ривоят қилган Абу умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳу шундай давом этади: ثم تلا “مَا ضَرَبُوهُ لَكَ إِلَّا جَدَلاً بَلْ هُمْ قَوْمٌ خَصِمُون” Кейин Аллоҳ таолонинг ушбу қавлини тиловат қилди: “Улар уни сизга фақатталашиб-тортишишучунгинамисолкелтирдилар. Зеро, улар хусуматчиқавмдирлар.(Тафсири ҳилол. Зухруф сураси / 58). Ояти каримада Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тортишув олиб борган мушрикларни танқид қилмоқда. Мушриклар Расулимиз алайҳиссалом билан баҳс қилишса ҳеч қачон ҳақни рўёбга чиқариб унга амал қилишни қасд қилшмаган. Улар ҳамиша Расулуллоҳ билан илмий дўстона муносабатда эмас, аксинча душманона кайфиятда баҳслашишган. Агар илмий баҳс олиб борувчи одамнинг мақсади ҳақни аниқлаш, ҳидоят йўлини билиш, рост мазҳабни рўёбга чиқариш бўлса бу жоиз, балки савоблик ҳамдир. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга қуйидагича таълим берган: ادْعُ إِلِى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُم بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ Роббингиз йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қилинг. Ва улар билан гўзал услубда мунозара олиб боринг.(Нахл сураси 125). Тўғри ният билан баҳс қилувчининг ёрқин аломати шуки у баҳсида доим одоб-ахлоқ меъёридан четга чиқмайди. Рақибини ҳурмат қилади, фикрини қадрлайди. Мақсади рақбини ҳаққа чорлаш, агар унинг фикри ҳақлиги исбот топса ўз фикридан воз кечиб унга эргашиш бўлади. Саҳобаи киромлар, тобеинлар, фиқҳий мазҳаблар уламолари худди шу услубда баҳс олиб борган табаррук зотлар эди. Афсус хозирги замонда улар каби юқоридаги оят таълимига амал қилувчилар жуда ҳам камайиб кетди… Авазбек МЎМИНОВ Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом хатиби 274

ЕТИМГА МЕҲРИБОН ОТАДЕК БЎЛ!

Ота-онаси ёки иккиснинг биридан ажраб қолган болаларнинг дили хаста, кўнгли ярим бўлади. Улар тортган дард аламини етимликни бошидан ўтказганларгина тўлиқ ҳис қила олади. Ота-онаси бағрида улғайганлар етимнинг ҳолини тушунишлари қийиндир. Етимнинг шундоғам вайрон дилини оғритиш, қалбига озор бериш жуда оғир гуноҳ саналади. Қуръони каримда етимнинг молини еганлар билиб қўйсинки, аслида улар қорнига олов ейишмоқда, деган мазмунда оят бор. Шариатимиз ота-оналаридан ажраб қолган яримкўнгил етимлар манфаатини қаттиқ ҳимоя қилади, уларга яхшилик қилганларга катта-катта ваъдалар беради. Буюк ватандошимиз Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Амр ибн Аббосдан қилган ривоятида ҳазрати Довуд пайғамбар алайҳиссаломнинг қуйидаги насиҳатини келтиради: كن لليتيم كالأب الرحيم و اعلم انك كما تحصد كذلك تزرع Етимга худди меҳрибон отаси каби бўл! Шуни билиб қўй, сен нима эксанг шуни ўрасан… Киши бировнинг зурриёдига ҳеч қачон ота бўлолмайди. Боланинг насаби ҳақиқий отасига мансуб бўлади. Аммо, бировнинг боласини тарбиясига олган ота уни ўгайситмаслиги керак, ўз болалридан айирмаслиги лозим. Етимга худди унинг отасидек меҳрибон бўлиши шарт. Етимни ўз боласидек кўриб парваришлаган одам охиратда ҳам бу дунёда ҳам Аллоҳдан фақат яхшилик олади. Етимга озор берганлар эса, Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлади. Жамиятимизда шундай эркаклар бор: аввалги турмушидан ажраб, бирорта болалик аёлга уйланган. Аёлнинг аввалги эридан бўлган боласини шунақанги жеркиб муомала қиладиларки, ҳалиги етим болага айтилган гапни эшитиб сизнинг дилингиз вайрон бўлиб, кўзингиздан дувиллаб ёш келади. Аллоҳ ислоҳ қилсин.Ҳа, орамизда ўшандай оилалар кам эмас, афсус… Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида шундай деганлар: خير بيت فى المسلمين بيت فيه يتيم يحسن اليه و شر بيت فى المسلمين بيت فيه يتيم يساء اليه انا و كافل اليتيم فى الجنة كهاتين يشير باصبعيه Мусулмонлар орасида энг яхши хонадон шуки, унда етим бор ва унга яхши муомала қилинади. Мусулмонлар орасида энг ёмон хонадон шуки унда етимга ёмонлик қилинади. Мен ва етимни кафилликка олган одам жаннатда (икки бармоғи билан ишора қилиб) мана бундай бўламиз. (Адаб ал-муфрад / 137). Демак, мусулмонлар орасида “энг яхши хонадон” номинацияси бўйича танлов эълон қилинса, бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам белгилаб берган мезонга кўра етим асраб унга яхшилик қилувчи хонадон эгалари ғолиб бўлар экан. Етимга яхши муносабатда бўлмаганлар эса мусулмонлар жамиятида “энг ёмон хонадон” деб тамғаланар экан. Азиз мусулмон дўстим! Хонадонингизда отаси ё онасидан айрилган етим парваришлаётган бўлсангиз, билингки, аслида бу сиз учун жаннатни қўлга киритиш имкониятидир! Уни қўлдан бой берманг! Етимга ширинсўз бўлинг, унга худди ўз отасидаек меҳрибон бўлинг! Қалби вайрон етмга Аллоҳнинг раҳми келади, сиз унга бераҳмлик қилманг! Авазбек МЎМИНОВ Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом хатиби   399
1 2 3 4 5 6 15