islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Mart 1, 2019

Day

Нақшбандия машойихлари – Хожа Ориф Ревгарий (Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин 2-қисм)

Хожа Ориф Ревгарийнинг бизгача маълум бўлган ягона асари “Орифнома”дир. Ҳижрий 622 (милодий 1225) йил қаламга олинган бу асарда илк сўфийларнинг фикр-қарашлари билан бирга, устози Абдулхолиқ Ғиждувоний билан боғлиқ манқабалар ҳам ўрин олган. “Рисолаи Сиғноқий” асарида баён этилишича, кунлардан бир кун Хожа Аҳмад Яссавий таом пишираётиб, муриди Хожа Дуғийни Ғиждувонга бориб, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийдан қатиқ олиб келишни буюради. Хожа Дуғий Ғиждувонга етиб бормасданоқ Ғиждувонийнинг халифаси Хожа Ориф Ревгарий Аҳмад Яссавий ҳузурига қатиқ олиб келади. Бундан хабар топган Хожа Дуғий: “Орифнинг ҳоли мендан устун келди”, — дея Хожа Орифнинг камолотини эътироф этади. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг узоқ йиллар хизматида бўлган энг фазилатли муридларидан ва буюк халифаларидан бўлганлар. Сайр-у сулукда устози (пири) жорий қилган тариқат йўлини давом эттиришда самимий ихлос ва ғайрат кўрсатганлар. Махсус сиртқи бўлим 2-курс талабаси, “Шайх Дарвеш” жоме масжиди имом-хатиби  Азизжон Жамалов 124

Нажотга шошилинглар…

Азон китоб, суннат ва ижмоъ билан собит бўлган Ислом шиоридир! Абу Бакр ибн ал-Мунзирнинг наздида жамоат намозлар учун сафарда ҳам муқимликда ҳам азон айтиш фарздир. Имом Молик жомеъ масжидларда азон айтиш вожиб деган. Ато ибн Абу Рабоҳ ва Мужоҳид ибн Жабр “Азон айтилмасдан ўқилган намоз саҳиҳ эмас”, деган. Имом Авзаий ҳам шу фикрда бўлган. Ал-Адавий эса: “Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг наздида азон айтиш фарзи кифоя дейилган”-деб айтган. Зоҳирийлар: “Азон ва иқомат ҳар бир намоз учун вожиб” дейишган. Аммо азон ва иқомасиз намоз дуруст бўлиш-бўлмаслигида уларнинг ҳам ўзаро ихтилофи бор. Имом Шофеъий ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг наздида азон айтиш суннат. Имом Нававий шу қавлни жумҳурнинг қавли деган. Бизнинг Ҳанафий уламоларимиз ҳам ёппасига шу – суннат деган гапни айтганлар. Матнларда ҳам азон суннат деб келтирилган. Машойихларимиз орасида азон вожиб деганлари ҳам бўлган. Улар имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган ушбу “Агар шаҳар аҳолиси азондан воз кечишса, уларга уруш эълон қиламиз”-деган фатвога таянишган. Уларга: “Уруш эълон қилинишининг сабаби маъруф амални ёппасига тарк қилишгани учундир. Бундан азоннинг вожиблиги келиб чиқмайди”-деб жавоб берилган. Азончилик ва имомгарчиликдан қай бири афзаллигида уламоларнинг ихтилофи бор. Бир гуруҳ олимлар муаззинлик афзал деган. Улар бу сўзига Аллоҳ таолонинг ушбу оятини далил қилади: وَمَنْ أَحْسَنُ قَوْلاً مِّمَّن دَعَا إِلَى اللَّهِ وَعَمِلَ صَالِحاً وَقَالَ إِنَّنِي مِنَ الْمُسْلِمِينَ Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва “Албатта, мен мусулмонларданман!” деган, кишидан ҳам гўзал сўзли ким бор?!(Фуссилат сураси, 33). Шунингдек, ушбу ҳадисга ҳам таянадилар: المؤذنون اطول اعناقا يوم القيامة Қиёмат куни муъаззинларнинг бўйлари (бошқалардан) узунроқ бўлади! (Имом Муслим ва Ибн Ҳиббон ривояти). Бир гуруҳ фуқаҳолар эса имомлик яхши, чунки тўрт рошид халифалар имомликни танлашган, деб сабаб кўрсатганлар. Ҳозирги замонимизда азончиларнинг ҳақ олиши макруҳ бўлмайди. “Мухтор ал-фатава” дан нақл қилиб “Сирож ал-мунир”да шундай келтирилган. Таҳорати йўқ одамнинг азон айтиши макруҳ эмас. Саҳиҳ  қавл шу. Иқома айтиши эса макруҳ. Жунуб ҳолатда азон айтиш макруҳ бўлади. Шунингдек, хунаса, фосиқ (ҳатто олим бўлса ҳам), мажнун, маст, ақлини танимаган ёш бола ва аёл кишининг азони ҳам макруҳ ҳисобланади. Жунуб одам айтган азон қайтариб айтилади. Иқомаси эса қайтарилмайди. Чунки шариатда азонни қайтариб айтиш бор. Масалан, жуманинг азони. Иқоманики эса йўқ. Ўтириб азон айтиш макруҳ бўлади. Лекин ўзи учун азон айтганда ўтириб айтиш макруҳ эмас. Азонни бир жойда тик туриб айтилади. Икки жойда бир азон айтиш макруҳ (“Дуррул-мухтор”). Кўзи ожиз одамнинг азон айтиши Ҳанафий ва Шофеъий мазҳабларига кўра макруҳдир (“Муҳит”). Аммо, “Канзуд-дақоиқ”да худди қулнинг, валади зинонинг ва аъробийнинг азони макруҳ бўлмагани каби, кўзи ожизнинг азон айтиши ҳам макруҳ бўлмайди, дейилган. Азон ва иқома айтиш жараёнида томоғини қириб танаҳнуҳ қилмайди. Чунки бу бидъат. Шунингдек, шу икки жараёнда гапириш ҳам мумкин эмас. Салом берганга алик олиб ҳам бўлмайди. Агар гапириб юборса, бошидан қайта айтиш керак (“Фатҳ ул-қадир“). Маждул-аимма Туржумоний “Ал-Қуня”да келтиришича, азон орасида томоғини қириш ё йўталиш учун тўхтаб вақф қилса азонни қайтариб айтиш шарт эмас, аммо кўп йўталиб вақф чўзилиб кетса қайтариб бошидан айтиш керак. Масжиднинг ичида азон айтилмайди (“Фатавои Қозихон”). Азонни баланд жойда, иқомани эса ерда айтиш суннат (“Шарҳ ул-иршодда”). Лекин шом намозининг азонида машойихлар ихтилофи бор. Маст, аёл, мажнун ва ақли пастнинг айтган азони қайтарилади. Аммо фосиқнинг азонини қайта айтиш вожиб эмас. Намоз вақтларини билмайдиган муаззин муаззинлик савобини олмайди (“Фатавои Қозихон”). Бу гап “Фатавои Хония”да ҳам бор. Муаззин келмаса жамоат бошқа масжидга кетиб қолмайди, балки ораларидан бири азон айтиб намоз ўқийдилар. Гарчи битта одам бўлса ҳам. Муаззин тоқатидан ортиқ даражада овозини баланд кўтариб ўзини қийнаши макруҳ бўлади (“Жомеъул музмарот”). Форс тилида айтилган азон – азон эмас! Асаҳ қавл шу (“Мавоҳибур-роҳман”). Масжидда азон ва иқомани айтган одам ўша жамоат билан намоз ўқимаслиги макруҳ бўлади. Чунки у одамларни яхши ишга жамлаб қўйиб ўзи ташлаб кетяпти (“Матолиб ул-мўминин”). Азондан кейинги “тасвиб” (иқома айтишдан олдинги “такбири қома”, “иқома” каби сўзлар)ни Кўфа олимлари пайдо қилган. имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ уни...

“Сузук ота” мақбараси ва жоме масжидининг атрофини ободонлаштириш ишлари давом этмоқда

2017 йилнинг 26 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги “Сузук ота” мақбараси ва жоме масжидида бўлиб, мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берган эди. Давлатимиз раҳбари “Ушбу масжид ва мақбара маънавиятимизни яна-да юксалтиришга, юртимизда эзгулик нурини зиёда этишга хизмат қилиши керак. Бу ерда ҳунармандлар маркази ва кутубхонаси ташкил этиш лозим”, деган эдилар. Ушбу топшириқ ва кўрсатмалар асосида бу ерда ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Сузук отанинг асл исми Мустафоқул бўлган. У зот Аҳмад Яссавий ҳазратларининг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган. Болалик чоғида бобоси уни эркалаб “Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!”, дегани боис атрофдагилар ҳам уни шу исм билан чақира бошлаган. Сузук ота юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳунарга, ҳалол меҳнатга ўргатган. Тарихий манбаларда ёзилишича, Амир Темур Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган. Ушбу ноёб тарихий-меъморий обидадан эл 1936 йилгача фойдаланиб келинган. Шундан кейин, то мустақилликкача бўлган давр мобайнида турли корхоналарнинг цехлари фаолият юритган. Натижада, тарихий обиданинг ноёб ва нафис қиёфаси йўқолиб харобага айланган. Мустақиллик шарофати сабаб, масжид биносидан корхоналар кўчириб юборилди ва масжидни тиклаш ишлари бошланди. 1998 йил бошида масжиднинг хонақоҳ қисми таъмирланиб, расман фаолият юрита бошлади. – Мустафоқул яъни Сузук ота падари бўлмиш Аҳмад ал-Қорачуғай Шайхнинг йўлланмаси билан бу маҳаллага келиб, турғун бўлиб яшаб қолган, – дейди “Сузук ота” жоме масжиди имом-хатиби Аюбхон Суфиев. – У кимсасиз, тепалик ва жарликлардан иборат бўлган ерларни ўзлаштириш, обод қилиш учун туғилган юртидан қорилар, уста-ҳунармандлар ҳамда яқин биродарларини олиб келиб, уй-жойлар қурдириб, барчага бошпана қилиб берган. Кенг оммага илм ва ҳунар ўргатган. Мазкур маҳаллани хўжалар маҳалласи, баъзан усталар маҳалласи, деб ҳам аташган. Кейинчалик бу маҳаллага кароматлар соҳиби, аҳолининг доно маслаҳатгўйи, ҳунармандлар устози, толибларнинг пир-муршиди бўлган Сузук ота номи берилган. Ҳозир ҳам маҳалла аҳолиси ҳунармандлик, дурадгорлик, ўймакорлик билан шуғулланади. Таъкидланишича, мазкур маҳалла тор кўчалардан иборат маскан эди. Бу ерда Сузук отанинг мақбараси борлигини кўпчилик билмаган. Ҳозирги кунда Туркияда унинг муридлари яшайди. Мана шу маскан фойдаланишга топширилса, улар Сузук отани зиёрат қилгани келади. Нафақат Туркия балки бутун дунёдан зиёратчилар оқиб кела бошлайди. “Сузук ота” жоме масжиди имом-хатиб Аюбхон Суфиевнинг сўзларига кўра, Президентимиз топшириғи билан масжид атрофига қўшимча айвонлар қурилди. Унинг хонақоҳи 2 минг кишига мўлжалланган. Мўмин-мусулмонлар ибодат қилиши учун барча шарт-шароитлар яратилди. Бундан ташқари, бу ерда 30 та ҳунармандлар уйи ва улар учун устахоналар қурилди. Ҳозирда йўлларга асфальт ётқизилиб, автомобиль тураргоҳи тайёрланмоқда. Тез орада мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш ишлари якунланади. Манба 163

Қуръони каримни тeз ва осон ёдлашда замонавий инновацион ёндашувлар (2-қисм)

Агар биз бир кунда, узлуксиз эмас, балки орада дам олиб, умумий беш соат ажратсак, ярим пора (ўн – 10саҳифа) ёдлашга имкониятимиз бўлади. Қўшимча яна ярим соат ажратиб, олдин ёдлаган пораларимиздан ҳар куни бир пора ўқишни одат қилсак, ёдланган поралар ёддан кўтарилиб кетмаслигини таъминлайди. Худди шу тарзда давом этсак, икки ойда Қуръонни тўлиқ ёд олишга эришамиз иншаАллоҳ (Қуръонни бундай тез фурсатда ёд олиш институтимизнинг бир нечта талабалари мисолида кузатилган). Иккинчи марта такроран ёдлашда, ҳар куни бир порани белгилаб олиб, ҳар бир саҳифани беш марта мусҳафга қараб ва беш марта ёддан ўқилади. Сўнгида порани тўлиқ жамлаб уч марта ўқилади. Бунга тахминан олти-етти (6-7) соат вақт сарфланади. Устозга топшираётганда ҳар сафар биринчи порадан бошлаб топшираверади, то ўн пора бўлгунга қадар. Кейин, ўн пора бўлганда, худди шу тарзда, аммо бу сафар ўнинчи порадан такрорни бошлайди, то биринчи порага етгунча (яъни тескари томонга қараб юрилади). Ҳар ўн порани алоҳида, шу услубда такрорланади. Ўттиз порани тугатишга яна икки ой вақт сарфланади. Учинчи такрорда эса, худди шу жараённи ҳар куни икки порадан давом эттирилади. Ҳар бир саҳифа уч марта қараб ва уч марта ёддан, кейин порани жамлаб бир марта қараб ва бир марта ёддан ўқилади (жами 6-7 соат). Ҳар ўн пора бўлганда, тескари томондан бошлаб ҳам шу шаклда қайтариб қўйилади. Ўттиз порани тугатишга бир ой вақт сарфланади. Тўртинчи такрорда, ушбу жараён тўрт порадан давом этади. Ҳар бир саҳифа бир марта қараб ва бир марта ёддан ўқилади. Порани жамлаб бир марта ўқилади (жами-7 соат). Ҳар ўн пора бўлганда, тескари томондан бошлаб ҳам шу шаклда қайтариб қўйилади. Ўттиз пора учун жами ўн беш – йигирма (15-20) кун керак бўлади. Бешинчи такрорда, беш порадан (бир марта қараб ва бир марта ёддан такрорлаб топширилади), жами олти кун давом этади. Ҳар ўн пора бўлганда, тескари томондан бошлаб ҳам шу шаклда қайтариб қўйилади. Бошидан ҳисобланса барчаси бўлиб олти ой сарфланади. Олтинчи такрорда, бир кунда ўн порани, биринчи порадан бошлаб ўнинчи порагача мусҳафга қараб бир марта ўқилади, иккинчи мартасида ёддан топширилади. Эртасига эса худди шу шаклда, аммо ўнинчи порадан бошлаб, сўнг тўққизинчи, саккизинчи, ва ҳоказо то биринчи порагача, тескари тарафдан бошлаб ёддан топширилади. Бу – пораларнинг рақамларини яхши эслаб қолиш учун жуда фойдали. Ҳар ўн порани худди шу тарзда такрорланади. Ўттиз пора учун олти кун вақт сарфланади. Еттинчи такрорда, худди олтинчи такрордаги каби жараён ўн беш порадан такрорланади. Ўттиз пора учун жами тўрт кун вақт кетади. Охирги – саккизинчи такрорда, бир кун мобайнида фақат Қуръонга қараб ўттиз порани тўлиқ хатм қилади. Кейин, орада бир кунлик танаффус қилиб, мияга дам берилади ва учинчи куни Қуръони каримни бир ўтиришда тўлиқ ёддан ўқиб топширилади. Яна бир кун танаффус қилинади. Сўнгра Қуръонга қараб иккинчи бор тўлиқ хатм қилинади. Сўнгра яна бир кун дам олиб, кейин Қуръони каримни бир ўтиришда тўлиқ ёддан, фақат бу сафар ўттизинчи порадан бошлаб биринчи порагача тартиб билан ёддан топширилади. Бу жараён учун бир ҳафта вақт сарфланади. Умумий ҳисобланса, олти ярим ой ичида Қуръони каримни комил ёд олиш имкони бўлади (иншаАллоҳ). Маълумот ўрнида, ушбу услуб – Саудия Арабистони, Туркия, Малайзия, Мавритания, Тунис, Жазоир Қуръон мадрасаларида фойдаланилаётган бир қанча услублар жамланмасидан тузилди. 4-курс талабаси Йўлдошбек қори Нуриддинов 135

Имом Термизийга муносиб авлод бўлайлик!

Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтида “Февраль ойи – Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис” фан ойлиги муносабати билан 2019 йил 28 феврал куни “Имом Термизийга муносиб авлод бўлайлик!” шиори остида ҳадис ва мусталаҳул ҳадис фани бўйича мусобақа ўтказилди. Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси котибият бўлими мудири М.Ҳомидов ҳамда мутасадди раҳбарлар ва устоз-мураббийлар ташриф буюришди. Тиловати Қуръон ва дуои хайрдан сўнг институтнинг ўқув ва илмий ишлар бўйича проректори У.Ходжаев нутқ сўзлаб, тадбирни очиб бердилар. Мусобақа иккинчи курслар ўртасида бўлиб, 3 та жамоа иштирок этди. Мусобақа тўрт шартдан иборат бўлиб, уч жамоадан ҳар бир шарт бўйича берган жавоблари ҳакамлар томонидан холисона баҳолаб борилди. Мусобақа бошидан охиригача қизғин тус олди. Гуруҳ иштирокчиларининг мусобақага яхши тайёргарлик кўрганлари томошабинларга ҳам яққол намоён бўлди. Мусобақа натижаларига кўра, “Бухорий авлодлари” гуруҳ иштирокчилари 190 балл тўплаб, биринчи ўринга; “Термизий авлодлари” гуруҳ иштирокчилари 177 балл тўплаб, иккинчи ўринга ва Доримий авлодлари гуруҳ иштирокчилари 168 балл тўплаб, учинчи ўринга сазовор бўлишди. Ғолиб гуруҳ  ва мусобақада фаол иштирок этган гуруҳларга институт ҳамда ҳомийлар томонидан эсдалик совғалар тақдим этилди. Шунингдек, тадбир сўнгида фан ойлиги муносабати билан ўтказилган Имом Нававийнинг “Арбаин” асаридаги ҳадисларни ва ҳадис истилоҳларига ҳақида Умар ибн Муҳаммад ибн Байқунийнинг “Манзуматул Байқунийя” асаридаги байтларни тўлиқ ёдлаб берган талабалар, савол-жавоб ва мақолалар танлови ғолиблари ҳам тақдирландилар. Тадбир институт “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Абдурасул Ташпўлатовнинг нутқи ва хайрли дуолари ила якунланди. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Ю.Абдураҳимов 198