islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Нажотга шошилинглар…

Азон китоб, суннат ва ижмоъ билан собит бўлган Ислом шиоридир!

Абу Бакр ибн ал-Мунзирнинг наздида жамоат намозлар учун сафарда ҳам муқимликда ҳам азон айтиш фарздир.

Имом Молик жомеъ масжидларда азон айтиш вожиб деган.

Ато ибн Абу Рабоҳ ва Мужоҳид ибн Жабр “Азон айтилмасдан ўқилган намоз саҳиҳ эмас”, деган. Имом Авзаий ҳам шу фикрда бўлган.

Ал-Адавий эса: “Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг наздида азон айтиш фарзи кифоя дейилган”-деб айтган.

Зоҳирийлар: “Азон ва иқомат ҳар бир намоз учун вожиб” дейишган. Аммо азон ва иқомасиз намоз дуруст бўлиш-бўлмаслигида уларнинг ҳам ўзаро ихтилофи бор.

Имом Шофеъий ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг наздида азон айтиш суннат. Имом Нававий шу қавлни жумҳурнинг қавли деган.

Бизнинг Ҳанафий уламоларимиз ҳам ёппасига шу – суннат деган гапни айтганлар. Матнларда ҳам азон суннат деб келтирилган.

Машойихларимиз орасида азон вожиб деганлари ҳам бўлган. Улар имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган ушбу “Агар шаҳар аҳолиси азондан воз кечишса, уларга уруш эълон қиламиз”-деган фатвога таянишган. Уларга: “Уруш эълон қилинишининг сабаби маъруф амални ёппасига тарк қилишгани учундир. Бундан азоннинг вожиблиги келиб чиқмайди”-деб жавоб берилган.

Азончилик ва имомгарчиликдан қай бири афзаллигида уламоларнинг ихтилофи бор. Бир гуруҳ олимлар муаззинлик афзал деган. Улар бу сўзига Аллоҳ таолонинг ушбу оятини далил қилади:

وَمَنْ أَحْسَنُ قَوْلاً مِّمَّن دَعَا إِلَى اللَّهِ وَعَمِلَ صَالِحاً وَقَالَ إِنَّنِي مِنَ الْمُسْلِمِينَ

Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва “Албатта, мен мусулмонларданман!” деган, кишидан ҳам гўзал сўзли ким бор?!(Фуссилат сураси, 33).

Шунингдек, ушбу ҳадисга ҳам таянадилар:

المؤذنون اطول اعناقا يوم القيامة

Қиёмат куни муъаззинларнинг бўйлари (бошқалардан) узунроқ бўлади! (Имом Муслим ва Ибн Ҳиббон ривояти).

Бир гуруҳ фуқаҳолар эса имомлик яхши, чунки тўрт рошид халифалар имомликни танлашган, деб сабаб кўрсатганлар.

Ҳозирги замонимизда азончиларнинг ҳақ олиши макруҳ бўлмайди. “Мухтор ал-фатава” дан нақл қилиб “Сирож ал-мунир”да шундай келтирилган.

Таҳорати йўқ одамнинг азон айтиши макруҳ эмас. Саҳиҳ  қавл шу. Иқома айтиши эса макруҳ.

Жунуб ҳолатда азон айтиш макруҳ бўлади. Шунингдек, хунаса, фосиқ (ҳатто олим бўлса ҳам), мажнун, маст, ақлини танимаган ёш бола ва аёл кишининг азони ҳам макруҳ ҳисобланади.

Жунуб одам айтган азон қайтариб айтилади. Иқомаси эса қайтарилмайди. Чунки шариатда азонни қайтариб айтиш бор. Масалан, жуманинг азони. Иқоманики эса йўқ.

Ўтириб азон айтиш макруҳ бўлади. Лекин ўзи учун азон айтганда ўтириб айтиш макруҳ эмас.

Азонни бир жойда тик туриб айтилади. Икки жойда бир азон айтиш макруҳ (“Дуррул-мухтор”).

Кўзи ожиз одамнинг азон айтиши Ҳанафий ва Шофеъий мазҳабларига кўра макруҳдир (“Муҳит”). Аммо, “Канзуд-дақоиқ”да худди қулнинг, валади зинонинг ва аъробийнинг азони макруҳ бўлмагани каби, кўзи ожизнинг азон айтиши ҳам макруҳ бўлмайди, дейилган.

Азон ва иқома айтиш жараёнида томоғини қириб танаҳнуҳ қилмайди. Чунки бу бидъат. Шунингдек, шу икки жараёнда гапириш ҳам мумкин эмас. Салом берганга алик олиб ҳам бўлмайди. Агар гапириб юборса, бошидан қайта айтиш керак (“Фатҳ ул-қадир“).

Маждул-аимма Туржумоний “Ал-Қуня”да келтиришича, азон орасида томоғини қириш ё йўталиш учун тўхтаб вақф қилса азонни қайтариб айтиш шарт эмас, аммо кўп йўталиб вақф чўзилиб кетса қайтариб бошидан айтиш керак.

Масжиднинг ичида азон айтилмайди (“Фатавои Қозихон”). Азонни баланд жойда, иқомани эса ерда айтиш суннат (“Шарҳ ул-иршодда”). Лекин шом намозининг азонида машойихлар ихтилофи бор.

Маст, аёл, мажнун ва ақли пастнинг айтган азони қайтарилади. Аммо фосиқнинг азонини қайта айтиш вожиб эмас.

Намоз вақтларини билмайдиган муаззин муаззинлик савобини олмайди (“Фатавои Қозихон”). Бу гап “Фатавои Хония”да ҳам бор.

Муаззин келмаса жамоат бошқа масжидга кетиб қолмайди, балки ораларидан бири азон айтиб намоз ўқийдилар. Гарчи битта одам бўлса ҳам.

Муаззин тоқатидан ортиқ даражада овозини баланд кўтариб ўзини қийнаши макруҳ бўлади (“Жомеъул музмарот”).

Форс тилида айтилган азон – азон эмас! Асаҳ қавл шу (“Мавоҳибур-роҳман”).

Масжидда азон ва иқомани айтган одам ўша жамоат билан намоз ўқимаслиги макруҳ бўлади. Чунки у одамларни яхши ишга жамлаб қўйиб ўзи ташлаб кетяпти (“Матолиб ул-мўминин”).

Азондан кейинги “тасвиб” (иқома айтишдан олдинги “такбири қома”, “иқома” каби сўзлар)ни Кўфа олимлари пайдо қилган. имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ уни муҳим ишлар билан машғул ходимларга айтиб қўйилса зарари йўқ. Масалан қози, амир кабиларга иқомадан олдин тасвиб айтиб қўйилса бўлаверади, деган. Мутааххир уламоларимиз эса тасвиб ҳамма намозда ҳасан деб ҳисоблаганлар. (Абдулҳай  Лакнавий. Нафъул муфти вас-саил).

Андижон шаҳар “Чинор” жомеъ масжид имом хатиби
Авазбек Мўминов

69000cookie-checkНажотга шошилинглар…
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!