islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Mart 10, 2019

Day

Росулуллоҳни у зотга манзур суратда ҳимоя этайлик!

Шу кунларда ҳамма ўз фикру мулоҳазасини билдириб турган воқеага мен ҳам ўзимнинг шахсий фикримни билдирсам. Бунга ўхшаш ҳолат биринчи бўлмаганидан бу гал айрим мулоҳазаларни айтишга қарор қилдим. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига вафд ‒ дегация келди. Меҳмонлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига шошишди. Уларнинг ичида ёш бўлишига қарамай, Мунзир ибн Оиз Ашаж нарсаларини тартиблаб қўйиб, туясини боғлаб, яхши кийимларини кийиб, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келди. Шунда у зот уни чақириб, ёнларига ўтиргиздилар ва: «Сенда Аллоҳ ва Расули суядиган иккита хислат бор: босиқлик ва ҳилм», дедилар. Босиқлик деб таржима қилинган «ал‑анаа ату» сўзи бир ишни қилишда обдон ўйлаб, яхшилаб ўрганиб, шошмасдан иш қилишни, ҳилма эса ўткир ақл билан, мулоймлик билан йўл тутишни билдиради. Охирги уч кун ичида ижтимоий тармоқлардаги кўпчилик мусулмонларимизнинг тасарруфлари ушбу хислатга зид келди, десак, хато бўлмайди. Биз Аллоҳ ва Расули учун ҳаракат қилар эканмиз, Аллоҳ ва Расулига манзур бўладиган тарзда иш олиб боришимиз керак. Ўша машҳур бўлиб кетган аёлнинг гапи, ифодаси хато эканида шубҳа йўқ. Очиғини айтаман, мен ўша гапни биринчи ўқигандаёқ аслида ҳақорат учун айтилмаган, қандайдир бошқа гапга боғлиқлигини тахмин қилгандим. Чунки муаллиф “Пайғамабаримиз”, “Хадича онамиз”, “Ҳазрат Али”, “Фотима онамиз” деб ёзган эди. Демак, у аслида ҳақорат қилмоқчи эмас ва жуда диндан бехабар ҳам эмас, сийратни анча‑мунча биляпти, Пайғамбаримиз ҳаётини ўқиган. Ўша заҳотиёқ аввал ўша постнинг ўзини ўқиш керак экан, деган хаёл келди. Ўзбек тилида завқи бор одам буни дарҳол фаҳмлайди. Лекин нима бўлганда ҳам, аёл катта хатога йўл қўйди, фикрини тўғри ифода этолмади, ўзи билиб‑билмаган ҳолатда Жанобимизга нисбатан қаттиқ беодоблик қилди, тилига эрк берди. Ўзини билган инсон, масалан, ота‑онасининг исмини ҳам бу тарзда қўлламайди. Бу жиҳатдан опанинг ишини ҳар қанча қораласа бўлар. Аммо ҳар бир ишга ўз баҳосини бериш керак, ошириш ҳам, кам қилиш ҳам зулм бўлади. У аёлни кофирга тенглаштириш, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни инкор қилароқ қасддан масхара қилганлар қаторига қўшиш, яна “нажас”, “ит” ва алламбало ҳақоратлар билан таҳқирлаш ‒ булар ҳеч қанақасига динимиз таълмотларига, хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқий мезонларига асло тўғри келмайди. Ана шундай мулоҳазаларни ҳар гал ўқиганда мусулмонларга ичим ачишди, муслумончилигимиздан қанчалар узоқлашиб кетганмиз. Фараз қилинг, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт бўлсалар, шунақа қуюшқондан чиққан тасарруфларни маъқуллармидилар? Йўқ, асло! Чунки у зот ўз ҳаётларида бундан оғир ҳолатларда ҳам ҳалимлик билан йўл тутганлар ва шуни тавсия қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Бир тўда яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб, «Ас-сааму ъалайкум», дейишди. Мен буни фаҳмлаб қолиб, «Ва ъалайкумус-сааму вал-лаънату», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳай-ҳай, Оиша! Аллоҳ барча ишда мулойимликни севади», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, уларнинг нима деганини эшитмадингиз чоғи?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен уларга: «Сизларга ҳам», дедим-ку», дедилар». «Ас-сааму ъалайкум» – «Сенга ўлим бўлсин», дегани. «Ва ъалайкумус-сааму вал-лаънату» – «Сизларга ҳам ўлим ва лаънат бўлсин», дегани. «Ва ъалайкум» – «Сизларга ҳам», деганидир. Оиша розияллоҳу анҳо яҳудийларнинг салом беришда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озор беришга, у зотга зарар етказишга ҳаракат қилаётганидан дарғазаб бўлиб, уларнинг қаршиғига қарғиш билан жавоб қайтардилар. У киши буни қасос ўрнида жоиз санаган эди. Аммо жавобда лаънатни ҳам қўшимча қилдилар. Набий соллаллоҳу...