islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Mart 2019

Month

Самарқанд сайқали рўйи заминаст!

Маълумки, Ўзбекистон республикаси президентининг “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори имзоланди. Унга кўра, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш Дастурини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуслари билан диёримиздан етишиб чиққан буюк муҳаддисларнинг улкан илмий асарларини ўрганиш, тадқиқ қилиш ҳамда нашр этиш, буюк аждодларга муносиб ворисларни тайёрлаш мақсадида Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактаби ташкил этилди. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам юртимиз ҳамда ислом оламидан етишиб чиққан алломаларнинг илмий асарларини ўргатиш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2018-2019 ўқув йили феврал ойи “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис фан ойлиги” деб эълон қилингани муносабати билан очиқ дарс ҳамда талабалар ўртасида қуйидаги танловлар ўтказилди: “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис” илмига муносиб ҳисса қўшган юртимиз ҳамда дунё муҳаддислари ҳаёти ва ижоди тўғрисида мақола танлови; “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис” фанига оид савол-жавоблар танлови; “Имом Термизийга муносиб авлод бўлайлик” шиори остида ҳадис ва мусталаҳул ҳадис мусобақаси. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастурини амалга ошириш мақсадида, институт раҳбарияти томонидан профессор-ўқитувчилар, ишчи ходимлар ва танловда ғолиб бўлган ва иштирок этган талабалар ҳамда ташкилотчилар, жами қирқ кишини Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби билан таништириш ва улар билан илмий ҳамкорлик қилиш мақсадида Самарқанд шаҳрига зиёрат ташкил қилинди.Ушбу зиёрат Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Muslim Tour” саёҳат фирмаси лойиҳаси орқали, Вақф хайрия жамоат фонди ҳомийлиги ва ЎМИ Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими бошчилигида амалга оширилди. Зиёрат саёҳати даврида жамоа аъзолари билан Самарқанднинг қадамжолари ҳисобланган “Имом ал Бухорий” зиёратгоҳи, “Шохи Зинда” ансамбли мажмуаси, “Бибихоним ансамбли” мажмуаси, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабига саёҳатлар уюштирилди. Саёҳат давомида жамоа аъзоларига ЎМИ Самарқанд вакиллиги ҳамроҳлигида зиёрат жойларнинг тарихи ва бугуни ҳақида қимматли маълумотлар берилди. Айниқса, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабида амалга оширилган юксак бинокорлик ишлари, яратилган шарт-шароит ва қулайликлар зиёратчиларни ҳайратга солди. Жамоа аъзолари қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига уюштирилган тарихий ташрифдан катта таассурот билан қайтдилар. “Хадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Б.Аъзамов 211

Суралардаги “муқаттаот” ҳарфлар

Араб алифбосидаги ҳар бир ҳарфнинг номи бор ва у ҳарфларнинг номи икки ёки уч ҳарфлик бўлади. Масалан: ا ҳарфининг номи “الأَلِفْ” (алиф) ва ب нинг номи “الْبَا” (ба) ва ҳоказо. Қуръон каримдаги баъзи суралар (ص),(حم),(الم),(المص),(كهيعص) каби “муқаттаот” ҳарфлари билан бошланади. Бу сўзларни алифбодаги ҳарфларнинг номи билан тиловат қилинади. “Муқаттаот” ҳарфлар – “узилган” ҳарфлар демакдир. Умумийроқ баён қилинса, ушбу ҳарфлар бирикиб, сўзга айланган бўлса-да, инсонлар сўзлашувида ишлатадиган сўзлар каби маъноларни ифода қилмайди. Яъни, бу ҳарфлар бирикиб сўз шаклида бўлса-да, сўз сифатида тушунарли маънони ифода қилмагани учун гўё бирикмасдан, бир-биридан узилгандек. Уни талаффузида ҳам битта-битта, алоҳида номи билан талаффуз қилинади. Грамматик таҳлили: Бу ҳарфларнинг грамматик жиҳатидан баён қилиб Абул Баракот Насафий раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Бу ҳарфлар мўъроб (яъни, турланиш ёки тусланишида тугалланмаси ўзгарадиган сўз)дир. Сукун қилиб ўқилишлигига сабаб эса, уларга эъроб берадиган омилни йўқлигидир. Масалан, زَيْدْ деганимизда, унинг омили йўқлиги сабабли сукунли бўлгани каби. Баъзилар бу ҳарфларни “асмоул асвот” каби мабнийдир”, дейдилар[1]. Тафсири: Бу ҳарфларнинг маъноси борасида муфассир Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ қуйидагича баён қилади: “Муфассирлар сураларнинг аввалидаги “муқаттаот” ҳарфларнинг тафсирида ихтилоф қилишди. Бир гуруҳ муфассирлар: “Бу ҳарфларнинг маъноси Аллоҳнинг илмига аёндир” деб, тафсир қилишмаган. Яъни, таъвилини фақатгина Аллоҳ биладиган муташобиҳ оятлардандир, дейишган. Айнан шу фикрни аксар уламолар қўллаган. Бир қанча муфассирлар эса тафсир қилишган ва уларнинг тафсирлари турлича бўлган. Баъзилар: “Бу сураларнинг исмларидир” дейишган. Замахшарий бу фикрга кўпчилик қўшилишини айтади. Бошқа баъзи муфассирлар эса: “Муқаттаот” ҳарфларнинг ҳар бири Аллоҳнинг исмлари ва сифатларидан бирига далолат қилади. Масалан “алиф” Аллоҳ таолонинг исми бўлмиш “Аллоҳ”га, “лам” эса “Латиф”, “мим” эса “Мажид”га далолат қилади ва ҳоказо” дейдилар[2]. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Бу Аллоҳнинг исми аъзамидир” деган[3]. Баъзи муфассир уламолар қуйидагича тафсир қилишади: “Сураларнинг бошидаги бу ҳафрлар башарни ожиз қолдириш мақсадида келтирилган. Ушбу “муқаттаот” ҳарфлар инсонлар сўзлашадиган ҳарфлардан ташкил топган бўлса-да, башарият уни зиддига унга ўхшаш бирор-бир нарса келтиришга ожиздир”. Бу фикрни Имом Розий Мубаррад ва бир қанча муҳаққиқ уламолардан келтиради. “Муқаттаот” ҳарфларига тегишли баъзи қизиқарли маълумотлар: Замахшарий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу “муқаттаот” ҳарфларининг барчаси Қуръонда бир жойда жамлаб келтирилмаган. Балки бошқаларни унга ўхшашини келтиришда баҳсга чақириб, бир қанча сураларда такрор ва такрор келтирилган. Масалан, баъзи сураларда битта ҳарф қилиб келтирилганлари (ص), (ق), (ن), яна бошқа сураларда иккита ҳарф қилиб: (حم), (يس), (طس), (طه), учта ҳарф қилиб: (الم), (الر), (طسم), тўртта ҳарф қилиб: (المص) (المر), ҳамда бешта ҳарф қилиб келтирилган: (كهيعص)(حم عسق), Одатда инсонларнинг сўзлашувидаги арабий сўзлар битта, иккита, учта, тўртта ва энг кўпи бешта ҳарфдан ташкил топгани сабабли ҳам “муқаттаот” ҳарфларидан ташкил топган сўзлар ҳам шу ададдаги ҳарфлардан ташкил топди”[4]. “Муқаттаот” ҳарфларини сураларнинг бошида такрорланишига кўра қуйидагича келади: 1 та сурада келганлари: (ص), (ن), (ق), (حم عسق), (يس), (طس), (طه), (كهيعص) (المص) (المر). 2 та сурада келганлари: (طسم). 5 та сурада келганлари: (الر) 6 та сурада келганлари: (الم), (حم). Бу маълумот қуйидаги жадвалда батафсил берилади. “Муқаттаот” ҳарфлардан ташкил топган сўзларнинг барчаси алоҳида оят эмас. Балки баъзилари алоҳида оят, баъзилари эса биринчи оятнинг бошидаги сўз сифатида келган. Имом Замахшарий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Муқаттаот” ҳарфлари Қуръони каримда 29 та ҳарфдан иборат араб алифбосининг ададича 29 та сурада келган. Агар такрорланганларини чиқариб юборсак, 14 та сурада келиши маълум бўлади. Бу эса араб алифбосидаги ҳамза ва алифни битта ҳарф деб оладиган бўлсак. Шунда такрорланмаган “муқаттаот” ҳарфлар алифбонинг ярмини ададига тенг бўлади. “Агар ушбу 14 та “муқаттаот” ҳарфларига назар солсак, араб алифбосидаги ҳарфларнинг сифати жиҳатидан тенг ярмиси шу ҳарфларда жамланган. Масалан, 10 та жарангсиз (маҳмуса) ҳарфлардан 5 таси “муқаттаот” ҳарфларида мавжуд. Улар: (الصاد والكاف، والهاء، والسين، والحاء), 18 та жарангли (мажҳура) ҳарфларнинг ярмиси (الألف، واللام، والميم، والراء، والعين، والطاء، والقاف، والياء، والنون), 8 та қаттиқ (шадида) ҳарфларнинг ярмиси (الألف، والكاف، والطاء، والقاف), 15 та сирғалувчи (рохова) ҳарфларнинг ярмиси (اللام، والميم، والراء،...

Тунги тиловат фазилати

Қуръонни тунда, хусусан, тунги намозларда ўқишга кўпроқ эътибор қаратмоқ лозим. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: مِّنْ أَهْلِ الْكِتَابِ أُمَّةٌ قَآئِمَةٌ يَتْلُونَ آيَاتِ اللّهِ آنَاء اللَّيْلِ وَهُمْ يَسْجُدُونَ. يُؤْمِنُونَ بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَيُسَارِعُونَ فِي الْخَيْرَاتِ وَأُوْلَئِكَ مِنَ الصَّالِحِينَ …Аҳли китоблар орасида туни билан сажда (ибодат)қиладиган, Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб чиқадиган тўғри жамоа ҳам бор. (Улар) Аллоҳга, охират кунига имон келтирадилар, яхши ишларга буюриб, ёмон ишлардан қайтарадилар ва хайрли ишлар сари шошиладилар. Айнан улар солиҳ кишилардандир. (Оли-Имрон сураси, 113-114 оятлар.) في الصحيحين أنه صليالللهعليهوسلم قال: يَا عَبْدَ اللهِ لاَ تَكُنْ مِثْلَ فُلاَنٍ، كَانَ يَقُومُ اللَّيْلَ ثُمَّ تَركَهُ وروى الطبراني وغيره Икки саҳиҳ тўпламда шундай ҳадис мавжуд: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Эй Абдуллоҳ, фалончи каби бўлмагин. У кечасида уйқусидан турар сўнг у (Қиёмул лайл) ни тарк қилар эди”[1]. عن سهل بن سعد رضي الله عنه عن رسول الله صلي الله عليه وسلم قال: شَرَفُ الْمُؤْمِنِ قِيَامُ اللَّيْلِ رواه الطبراني Имом Табароний ва бошқалар Саҳл ибн Саъддан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мўминнинг шарафи кечани қоим қилишлигидадир”, деб марҳамат қилдилар. Бу борада ҳадис ва асарлар жуда кўп ворид бўлган. Иброҳим Нахаъий: “Қуръонни тунда қўйни ийдириш муддатича бўлса ҳам ўқинглар”, деб айтар эди. Язид Рақошийдан [2] қуйидагича ривоят қилинади: “Агар мен ухлаётиб уйғониб кетсам, сўнгра яна уйқуга ётсам кўзларим ухламайди”. Тунги намоз ва тунда ўқилган Қуръоннинг бошқалардан устунроқ эканининг сабаби шундаки тунда инсон қалби хотиржам ва турли нарсалардан холи бўлади. Шунингдек ҳожати учун зарур бўлган тасарруфлардан фориғ бўлади. Ҳамда ибодатнинг савобини барбод қиладиган риё ва шу каби амаллардан омонда бўлади. Шу билан бирга шариат кўрсатмаларида тунда турли яхшиликлар борлиги  ҳақида айтилади.  Зеро Исро воқеаси ҳам тунда содир бўлган. Ундан ташқари Имом Бухорий қуйидаги ҳадисни келтиради: “Роббиларингиз ҳар кеча туннинг ярми ўтган вақтда  дунё осмонига тушади ва: “Дуо қиладиганлар борми? Дуосини ижобат қиламан”, дейди”. Ундан ташқари Имом Бухорий “Саҳиҳ” китобида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Тунда Аллоҳ таоло ҳар дуоларни қабул қиладиган бир вақт бор” деганлари ривоят қилинади: Тунда ўқилган намоз ва қилинган тиловат оз ёки кўп бўлса ҳам унинг фазилати ҳосил бўлаверади. Лекин қанча кўп бўлса шунча фазилат ошиб бораверади. Бироқ доимий тарзда, туни бўйи қоим бўлиш макруҳдир. Шунингдек ўзига зарар етадиган бўлса ҳам тунги намоз ва қироатни тарк қилиш жоиз. Озгина амал билан ҳам кечанинг фазилати ҳосил бўлишига Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис далолат қилади. عبد الله بن عمرو بن العاص رضي الله عنهما قال قال رسول الله صلي الله عليه وسلم: مَنْ قَامَ بِعَشْرِ آيَاتٍ لَمْ يُكْتَبْ مِنَ الْغَافِلِينَ وَمَنْ قَامَ بِمِائَةِ آيَةٍ كُتِبَ مِنَ الْقَانِتِينَ وَمَنْ قَامَ بِأَلْفِ آيَةٍ كُتِبَ مِنَ الْمُقْسطِينَرواه أبو داود Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки тунда ўн оят тиловат қилса ғофиллардан деб ёзилмайди, агар юз оят ўқиса итоат қилувчилар қаторида ёзилади, кимки минг оят тиловат қилса адолат қилувчилардан деб ёзилади”. (Абу Довуд ривояти.) Саълабий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Кимки  тунда икки ракат намоз ўқиса, Аллоҳ учун сажда қилгувчи ва қоим тургувчи бўлган ҳолда тунни ўтказибди”. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Жалолиддин Ҳамроқулов [1] Имом Бухорий “тунда таҳажжуд ўқиш” бобида келтирган. [2] Язид ибн Руқоший Басрий, куняси Абу Амр. Зоҳид тобеъинлардан...

Қабри шариф зиёрати ҳақида мулоҳаза

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. Юртимиздан ҳаж ва умра сафарига отланганлар одат бўйича аввал Мадинаи мунавварага бориб, жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қабрларини зиёрат қиладилар. Масжидун-набавийда намоз ўқийдилар. Ана ундан кейин Маккага келиб асосий ибодат амалларига киришадилар. Лекин ҳозирги сохта салафийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрини зиёрат қилишни ҳаром, деб ҳисоблашади. Жумладан, уларнинг раҳнамоларидан бири Носир Албоний қуйидагича фатво берган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрати учун сафарга отланиш ҳаром. Қаранг: “Фатава ал-Албоний фил-мадина вал-имарат”. 12 – Б. Амр Абдулмунъим Сулайм томонидан жамланган. Биринчи босма. Доруз-зия. Миср. Албонийнинг бу фатвоси аввалда ҳанбалий мазҳабидан бўлган Аҳмад ибн Таймиянинг қарашлари асосида айтилган бўлиши мумкин. Чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабри шарифларини зиёрат қилишдан қайтаргани, бу шарафли ният билан йўлга чиқиш гуноҳ ва бу йўлдаги мусофирларга, ҳатто намозни қаср қилиш ҳам мумкин эмаслигини айтиб келгани бир қанча адабиётларда келади. Айрим олимлар бу гапнинг асли йўқ, ибн Таймияга нотўғри нисбат қилинганини ҳам иддао қилишган. Шундай бўлса-да, бу масалада суннат ҳомийлари бўлмиш аксар уламолар ибн Таймияга раддиялар битишган. Хусусан, шофеъий мазҳабининг йирик олимларидан имом Субкий раҳматуллоҳи алайҳ шу масалада ибн Таймияга алоҳида раддия битган. У “Шифоус сақом фи зиёрати хайрил аном” деб номланади. Мазкур китоб ўн бобдан иборат бўлиб, унинг аввалги етти боби зиёрат масаласига бағишланган. Кейинги учта бобда, тавассул ва истиғоса, шафоат, пайғамбарларнинг қабрларида ҳаёт эканлиги ҳақида сўз юритилган. Аллоҳ рози бўлсин, муаллиф мазкур китобда қабри шариф зиёратидан ман этувчиларни жуда кучли далиллар билан “калтаклаган”. Аслида Расулуллоҳнинг қабри шарифларини зиёрат қилиш салафи солиҳлар ижмоъси билан мандуб ва кўп савоблик амалдир. Жумҳурнинг қавли ҳам шу. Шайх ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ қабри шариф зиёрати ижмоъан жоиз эканини “Раддул мухтор”да айтади ва “Лубоб”да ҳам бу ижмоъ нақл қилинганини алоҳида қайдлаб ўтган. Шайх Муҳаммад Саъид Соғиржий “Ал-фиқҳ ал-ҳанафий ва адиллатуҳ” номли асарида қабри шариф зиёрати мандублигини, жумҳури аҳли илмлар бу қарашда якдиллигини алоҳида урғулаб, қуйидаги оятни унга асос бўлишини билдиради: وَمَا أَرْسَلْنَا مِن رَّسُولٍ إِلاَّ لِيُطَاعَ بِإِذْنِ اللّهِ وَلَوْ أَنَّهُمْ إِذ ظَّلَمُواْ أَنفُسَهُمْ جَآؤُوكَ فَاسْتَغْفَرُواْ اللّهَ وَاسْتَغْفَرَ لَهُمُ الرَّسُولُ لَوَجَدُواْ اللّهَ تَوَّاباً رَّحِيماً «Агар улар ўзларига ўзлари зулм қилган чоғларида ҳузурингизга келиб, Аллоҳга истиғфор айтганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун истиғфор айтганида эди, албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул этувчи ва раҳмли зот эканини топган бўлур эдилар» (Нисо сураси, 64-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларида тирикдир. Ул зот бу дунёдан ўтганларидан кейин ҳам Набийдир. Шундай экан, оятга кўра Ул зотнинг қабри олдига Аллоҳдан мағфират тилаб келиш то даври қиёматгача биз осий умматлар учун манфаатли иш бўлиб қолаверади. Қаранг: Ал-фиқҳ ал-ҳанафий. 3 – Ж. 490 – Б. Дамашқ. Дор ал-калим ат-тойиб. 2005. Қабри шариф зиёратига далил сифатида яна ушбу ҳадисни келтириш мумкин. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки ҳаж қилса, бас, вафотимдан кейин қабримни зиёрат қилса, у гўёки мени ҳаётлик чоғимда зиёрат қилгандек бўлади» (Сунани Дорақутний 2/278). Хулоса шуки, ҳозирги сохта салафийларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қабрларини зиёрат қилишдан қайтаришларига эътибор йўқ. Бу масалада салафи солиҳларнинг ҳаммаси якдил фикрда мандуб деб эътиқод қилганлар. Тўрт фиқҳий мазҳаб фуқаҳолари ҳам қабри шариф зиёратини мандуб, деб уқтиради. Ўшаларга...

“Ар-Роҳман” сурасида яширинган мўъжизалар

Аллоҳ таоло ўзининг Каломи шарифида шундай марҳамат қилади: قل لئن اجتمعت الانس و الجن علي ان يأتوا بمثل هذا القرآن لا يأتون بمثله و لو كان بعضهم لبعض ظهيرا “Агар инсу-жинлар тўпланиб, ушбу Қуръонга ўхшаш нарса келтирмоқчи бўлсалар, бунда баъзилари баъзиларига ёрдамчи бўлсалар ҳам, унга ўхшашини келтира олмаслар” (Исро сураси 88-оят). Мўътабар тафсир китобларимизда бу оят борасида шундай дейилади: “Барча инсонларга ҳам, жинларга ҳам жуда оз илм берилгандир. Шундай экан, ҳаммалари бир бўлиб, ўзаро ёрдамлашиб ҳаракат қилсалар ҳам, Қуръонга ўхшаш нарса келтира олмаслар. Қуръон сўзлари каби сўзлар туза олмаслар. Қуръон жумлалари каби жумлалар топа олмаслар. Қуръони каримнинг мўжизакорлиги фақат сўз, гап, балоғат-фасоҳат ёки услуб жиҳатидан эмас, балки инсониятнинг барча мушкулотларини ҳал қилишда, унга икки дунё саодатини ато этувчи мукаммал ва абадий, ҳар замон ва ҳар маконга мос дастур тақдим қилишида ҳамдир. Бундай илоҳий дастурни ҳеч ким, ҳатто дунёдаги барча инсонларга барча жинлар қўшилиб, бир-бирларига ёрдам бериб уринганларида ҳам ярата олмайдилар. Улар Қуръонга ўхшаш нарса келтириш у ёқда турсин, шу бор Қуръонни тўғри англашга ҳам ожизлик қиладилар”. Ҳақиқатда ҳам, Қуръон мўъжизаларга бойдир. Биз бу мўъжизалардан баъзиларинигина тушуна оламиз. Биргина “Ар-Роҳман“ сурасининг ўзида бир қанча мўъжизаларни топамиз. Агар биз Қуръонни тафаккур ва тадаббур ила ўқийдиган бўлсак, ундаги мўъжизаларни англашимиз мумкин. Аҳамият қилган бўлсангиз “Ар-Роҳман“ сураси маъно жиҳатидан тўрт қисмга бўлинади: 1-қисм: 1-30-оятлар. Бунда ердаги боғлар ва ундаги ҳаёт ҳақида сўз кетади. 2-қисм: 31-45-оятлар. Бунда жаҳаннам ҳақида ва ундаги ҳолат ҳақида гап боради. 3-қисм: 46-61-оятлар. Бунда жаннат ҳақида ҳикоя қилинади. 4-қисм: 62-78-оятлар. Бунда ҳам жаннат яъни жаннат остидаги жаннат ҳақида сўз боради. Барчамизга маълум, жаннатнинг эшиклари сони саккизтадир. Жаҳаннамнинг эшикларини сони эса еттита. Эътибор қилинса, биринчи қисмда, “Роббингизнинг қайси неъматларини инкор этурсиз” деган оят саккиз марта зикр этилган. Бу жаннатнинг эшиклари сонига тўғри келади. Иккинчи қисмда эса, ушбу оят етти марта зикр қилинган. Бу эса жаҳаннамнинг эшиклари сонига тўғри келади. Учинчи қисмда эса, бу оят саккиз марта зикр қилинади. Тўртинчи қисмда ҳам худди шундай. Бу эса жаннатнинг эшиклари сонига тўғри келади. Ушбу суранинг яна бир мўъжазлиги учинчи қисмдан бошлаб  “жаннатаан” яъни икки жаннат деб бошланади ва суранинг охиригача “Роббингизнинг қайси неъматларини инкор этурсиз” ояти ўн олти марта зикр қилинган. Чунки иккита жаннат бўлганлиги сабабли эшиклар сони ҳам ўн олтита бўлади. Шунинг учун ушбу оят ҳам ўн олти марта зикр қилинди. Аллоҳнинг қудратини ва унинг Каломини мўъжазлигини қарангки, биринчи, учинчи ва тўртинчи қисмларда жаннат ва боғу роғлар ҳақида сўз борганлиги сабабли ушбу оят саккиз мартадан, яъни жаннат эшиклари сонича, иккинчи қисмда жаҳаннам ҳақида сўз борганлиги сабабли, етти маротаба зикр қилинди, яъни жаҳаннам эшиклари сонича. “Роббингизнинг қайси неъматларини инкор этурсиз” ояти умумий ўттиз бир марта зикр қилинди. Аллоҳ таоло ушбу оят билан “сақолайн” яъни инсу-жинларга хитоб қилмоқда. Лекин “сақолайн” лафзи келган оят қаерда ворид бўлди? Аллоҳ таоло айтадики: “Албатта сизлар учун вақт топармиз, эй инсу жинлар!” (Ар-Роҳман, 31) Ушбу оятнинг рақами ўттиз бир, бу эса “Ар-Роҳман“ сурасида ўттиз бир маротаба такрорланган оятнинг ададига тенг. Биз ҳозир биргина “Ар-Роҳман” сурасидаги мўъжазликларни зикр қилдик, худди шундай мўъжизалар Қуръон каримда бисёр. Бу эса Аллоҳнинг тенгсиз ва қудратли зот эканлигига бир дадил. Аллоҳ барчамизни ўзининг ҳидоятидан адаштирмасин ва Ўзининг каломини тафаккур ва тадаббур ила ўқишликни насиб этсин! “Таҳфизул Қуръон” кафедраси талабаси Мираббос Ёров 216
1 15 16 17 18 19