Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича лицензияланадиган фаолият тури жорий этилмоқда. Лицензияни олиш учун БҲМнинг 10 бараварида бож белгиланмоқда. Шунингдек, эндиликда Умра тадбирларини лицензиясиз амалга ошириш ёки лицензияни қалбакилаштириш БҲМнинг 200 бараварида жаримага сабаб бўлади.
Умра тадбирларини ташкил этиш бўйича лицензияланадиган фаолият тури жорий этилади
Сенатнинг эллик иккинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан Умра зиёратига оид «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди.
Мажлисда сўзга чиққан сенаторнинг таъкидлашича, туризм фаолияти билан шуғулланаётган айрим тадбиркорлар Умра сафарига кетиш ҳақидаги рекламаларда берилаётган ваъдаларини бажармаяпти, манзилга етиб борганда меҳмонхоналар билан боғлиқ муаммолар учрамоқда, кўп ҳолларда эса зиёратчилар бориш-келишда самолёт рейсларининг белгиланган санадан кечикишидан шикоят қилишмоқда. Бир сўз билан айтганда уларнинг ҳуқуқлари поймол этилмоқда.
Бундан ташқари айрим тадбиркорлар томонидан Умра зиёратини амалга оширишда диний амалларни ўргатиш ҳамда зиёратчиларга ҳамроҳлик қилиш учун диний соҳада етарли малака ва тажрибага эга бўлмаган элликбошини ёллаш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Мисол учун, арзон ишчи кучини мўлжаллаб, Саудия Арабистонида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ёки Мадина ва Макка шаҳарларида яшаётган фуқароларни элликбоши сифатида ёллашмоқда.
«Бу эса ўз навбатида бизнинг азалий қадриятларимиз ва эътиқодларимизга зид бўлган турли адабиётлар билан зиёратчиларимизни таништириш, анъанавий зиёратлардан четга чиққан ҳолда, ватандошларимизга ёд бўлган турли зиёрат амалларини бажаришга ундашга олиб келмоқда», — деди сенатор.
Маълум қилинишича, юқорида қайд этилган муаммоларни бартараф этиш ҳамда зиёратчилар Умра амалларини муносиб ва хавфсиз бажаришлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, хорижда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва кафолатланган хизматлардан фойдаланишини таъминлаш мақсадида ушбу қонун ишлаб чиқилди. Қонун 5 та моддадан иборат бўлиб, унинг ташаббускори Вазирлар Маҳкамаси ҳисобланади.
Муҳокама этилаётган қонун билан «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги ва «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, «Давлат божи тўғрисида»ги Қонун билан тасдиқланган илованинг 28-бандига тегишли ўзгартириш киритилиб, Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича янги лицензияланадиган фаолият тури жорий этилмоқда. Бунда ушбу лицензия Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан берилиши белгиланмоқда. Яъни мазкур соҳада Қўмита ваколатли орган ҳисобланади. Ушбу лицензияни олиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараварида давлат божи ҳам белгиланмоқда.
Шунингдек, сенатор амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда давлат харидлари электрон тизими операторлар фаолиятини тартибга солиш жараёнларининг етарлича қамраб олинмагани, соҳа ривожига салбий таъсир кўрсатиб келаётганини таъкидлади.
Мазкур қонун билан амалга оширилиши учун рухсат ва тегишли ҳужжатларни талаб этадиган фаолият турлари қаторига Давлат харидлари электрон тизими оператори фаолиятини амалга оширганлик учун ҳам рухсатнома олиш қўшимча сифатида киритилмоқда.
Шунингдек, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималар қаторига қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишнинг қонунийлигини таъминлаш мақсадида бу фаолиятни лицензиясиз амалга оширганлик ёки лицензияларни қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида жарима белгиланмоқда.
Бундан ташқари, давлат харидлари электрон тизими оператори фаолиятида рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз фаолиятни амалга оширганлик ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олганлик учун ҳам худди шу миқдорда жарима киритилмоқда.
Gazeta.uz