islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Yanvar 26, 2020

Day

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртида «Хатмул кутуб» тадбири

“Албатта, биз уни арабча Қуръон қилдик. Шоядки, ақл юритсангиз”. (Зухруф 3-оят) “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртининг жонкуяр ёш педагогларидан Алибек домла Тўхтаевнинг саъй – ҳаракати билан 1-курс А гуруҳида қўшимча ўқув машғулотлари ўтказилиб, 2019-2020 ўқув йилининг биринчи ярим йиллигида талабалар сарф, шифоҳия ва мабдаъ ул-қироат китобларини тўлиқ хатм қилдилар. Шу муносабат билан жорий йилнинг 23 январь куни билим юртида «Хатмул кутуб» тадбири бўлиб ўтди. Унда билим юрти мудири Ў. Ғузаров, ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Ў.Маҳмудовлар иштирок этишди. Билим юрти мудири Ў.Ғузаров гуруҳ талабаларини «Хатмул кутуб» муносабати билан муборакбод этиб, Республикамизда сўнг шарқ тилларини, хусусан, араб тилини ўрганишга катта аҳамият берила бошлангани, ҳозирги кунда араб тили мамлакатимиздаги бир қанча олий таълим даргоҳларида ҳам ўқитилиб келинаётгани шунингдек, араб тилига ихтисослашган мактаблар ҳам мавжудлигини айтиб, талабаларга араб тилини мукаммал ўрганиш лозимлигини таъкидлади. Шундан сўнг гуруҳ талабаларига устозлари бошчилигида эзгу анъанани давом эттирган ҳолда араб тилининг отаси ҳисобланмиш Дурусун наҳв китобидан дарс бошладилар. Билим юрти мудири Ў.Ғузаров табаррукан мазкур китобни ўқиб бошлаб бердилар. Тадбир сўнгида хатми Қуръон ўқилиб, билим юртида хизмат қилган марҳум устозлар ва китоблар муаллифининг ҳақларига бағишланди. Шунингдек, билим юрти мудири томонидан мазкур гуруҳ талабаларига китоблар ҳадя қилиниб, кейинги ўқишларида Аллоҳ таоло мададкор бўлишини тилаб дуолар қилинди. Маълумот учун: Бугунги кунга келиб араб ва унга яқин тилда мулоқот қилувчилар сони 300 миллионни ташкил этади. Улардан 240 миллиони учун араб тили она тилидир, 50 миллион киши эса иккинчи тил сифатида ишлатади. Бутун дунё мусулмонлари учун араб тили Қуръон тили бўлиб ҳисобланади. Хозирги кунда араб тили Республикамизнинг Тошкент Давлат Шарқшунослик институтида, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида ва ўрта махсус Ислом билим юртларида асосий фан сифатида ўқитилса, Ўзбекистон Миллий университети ва Жаҳон тиллари университетининг барча факультетлари, Тошкент Давлат педагогика университетининг филалогия ва тарих факультетларида ҳам ўқитилиб келинмоқда. Шунингдек, араб тилига ихтисослашган мактаблар ҳам мавжуд. Манба: @xojabuxoriy 210

Мурожаатнома – институт жамоаси эътиборида

Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасида берилган ваколатдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатнома йўллаш анъанага айланди. Шунга кўра, 2020 йилнинг 24 январь куни Президент парламентга ўз мурожаати билан чиқди. Президент мамлакат қонунчилик органига йўллаган мурожаатида ўтган йилни сарҳисоб қилди ва яқин келажакда Республикани ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб берди. Жорий йилнинг 25 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2020 йил 23 январдаги 209-сонли хати ижроси юзасидан Тошкент ислом институти ўқитувчи, ишчи-ҳодим ва талабаларга Президент Ш.Мирзиёевнинг Парламентга мурожаатномаси видеотасвири намойиш этилди. Мурожаатномада Президентимиз томонидан ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар, жорий ва келгуси йилларга мўлжалланган устувор йўналишлар, давлатимиз ички ва ташқи сиёсати учун асосий вазифалар баён этилиб, долзарб қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди. Шунингдек, 2020 йил номи ҳам эълон қилиниб, жорий йил мамлакатимизда Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили бўлди. Мурожаатномада Президентимиз томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар чуқур мазмун ва катта аҳамиятга эгалиги, барча соҳаларга алоқадорлиги билан ТИИ жамоасида катта қизиқиш уйғотди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи А.Олимов 142

Самарқанд Имом Мотуридий таълимотига бағишланган халқаро анжуман мезбони бўлади

Шонли тарихимиздан маълумки, Мовароуннаҳрдан нафақат ислом цивилизацияси, балки жаҳон илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган кўплаб буюк мутафаккир ва алломалар етишиб чиққан. Истибдод даврида улардан кўпининг номини тилга олиш ҳам мумкин эмасди. Айниқса, мусулмон дунёсида барчага маълум ва машҳур зотларни уларни етиштирган она халқининг ўзи – ўзбеклар танимаслиги жуда аянчли ҳолат эди. Шукрки, Истиқлол йилларида миллий қадрият, урф-одат ва анъналаримизни тиклаш, улуғ алломалар меросини ўрганиш ишлари давлат сиёсати даражасига кўтарилди – муқаддас қадамжолар таъмирланиб, ободонлантирилмоқда, янги илмий-тадқиқот муассасалари очилиб, энг сўнгги техника ва технологиялар билан жиҳозланмоқда. Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам янгидан бунёд этилган ёш илмий-тадқиқот муассасасидир. Унга Президент Шавкат Мирзиёев қанчалик аҳамият қаратишини оддий бир далил билан изоҳлаш мумкин – давлатимиз раҳбари турли халқаро ташкилотларнинг юксак минбарларидан туриб, динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маърифат ва маданиятларни бойитиш масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйишда ушбу Марказ самарали платформа бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб келмоқда. Нуфузли хорижий меҳмонларнинг Ўзбекистонга ташрифи дастурига, албатта, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси зиёрати билан бирга Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан танишув тадбири ҳам киритилмоқда. “Ғарбда – Рим, Шарқда – Самарқанд”, деган нақл “Рўйи замин сайқали” бўлган бу шаҳар фақат кўплаб йирик давлатлар пойтахти бўлганинигина англатмайди. Бу таъриф Самарқанд кўплаб ҳукмдорлар орзусидаги пойтахт, шу билан бирга, улуғ аллома ва мутафаккирларни етиштирган, уларнинг хоки пойи учун муқим маконга айланган замин бўлганини ҳам ифода этади. Самарқанд чин маънода ер юзининг безаги, кўркидир. Жорий йил ўтказиладиган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро анжуманга мезбон этиб айнан Самарқанд белгиланганида ҳам ушбу шаҳарнинг жаҳон илми ва тарихида ўзининг мумтоз ўрнига эгалиги ва мусулмон маданияти дурдоналаридан бири эканига, қадимда унинг аҳли ва меҳмонлари қолдирган мероснинг беқиёслигига ишорат намоён бўлади. Самарқанднинг танланиши Имом Мотуридийнинг табаррук мақбараси жойлашган бу шаҳарда энг ноёб ва бетакрор маънавий-руҳий муҳит мавжудлиги билан ҳам асосланади. Конференция мотуридийлик таълимотининг туб мазмун-моҳиятини очиб бериш, Имом Мотуридий меросини ўрганиш ва унинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этиш каби ишлар қамровини янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилмоқда. Бугунги кунда юртимиздаги турли илмий-тадқиқот марказлари, қўлёзма фондлари, музей ва кутубхоналарда 100 мингдан ортиқ нодир қўлёзма ва тошбосма асар сақланмоқда. Улар асосан Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг асарларидир. Уларни сифатли сақлаш ва кенг тадқиқ этиш керак. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва хорижий тадқиқот марказлари фондларида қандай асарлар сақланаётганини ўрганишни замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Бугунги кунда барча қўлёзма фондлар ўзидаги манбаларни каталоглаштирмоқда. Қайси фонд ва марказда қандай қўлёзмалар мавжудлиги тўғрисида аниқ маълумотга эга бўлиш мақсадга мувофиқ. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига навбатдаги Мурожаатномасидаги ташаббуслар бошқа соҳалар қаторида илм аҳли учун ҳам айни муддао бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистонда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида юртимизда 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном бериш тўғрисидаги таклифи олқишлар билан қарши олингани бежиз эмас. Зеро, Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришдек улуғ мақсадга фақат жадал ислоҳотлар қаторида, илм-маърифат ва инновация билан эришиш мумкин....