islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Институтимиз ўқитувчиси Яҳё Абдураҳмонов мусобақада ғолиб бўлди

Бугун, 30 октябрь куни “Энг маърифатли имом“ мусобақасининг Тошкент шаҳри босқичи ўтказилди. Бу ҳақда ЎМИ сайти хабар бермоқда. Мусобақа доирасида иштирокчилар бир қанча шартлар бўйича билимларини синовдан ўтказдилар. Якуний натижаларга кўра эса, биринчи ўринни Юнусобод туманида жойлашган “Кулол қўрғон“ жоме масжиди имом-хатиби, Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси Яҳё Абдураҳмонов қўлга киритган бўлса, иккинчи ўринни “Ҳазрати Имом“ жоме масжиди имом ноиби Ҳабибуллоҳ Абдураззоқов эгаллади ва учинчи ўрин Шайхонтоҳур тумани “Зангиота“ жоме масжиди имом-хатиби Илҳомжон Мадвалиевга насиб этди. Эътиборли жиҳати, мусобақада “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир Неъматов қироат бўйича, “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Ҳасан Қодиров фиқҳ бўйича иштирокчиларнинг билимларини ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида баҳоладилар. Тошкент ислом институти жамоаси “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси Яҳё Абдураҳмоновни ғалаба билан муборакбод этади. 791

Илм талаб қилиш фазилати

Илм талаб қилиш динимиздаги энг муҳим ва аввалги буйруқлардан бўлиб, Қуръондаги биринчи нозил бўлган оят ҳам илмга тарғиб қилиш билан бошланди. Илм ўз соҳибини юқори мартабаларга кўтариб, Роббисини яхшироқ танишга ва У Зотдан қўрқишга олиб боради. Шунингдек, одамлар, жониворлар ва чорва ҳайвонлари орасида ҳам ҳар хил ранглилари бордир. Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир (Фотир сураси, 28 оят). Илм ўз эгасини улуғ мукофот бўлган жаннатга олиб боради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талаби йўлига чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилади”, дедилар. Муслим ривояти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа бир ҳадисларида шундай дейдилар: “Дунё ва охират яхшилиги илм билан, дунё ва охират ёмонлиги жоҳиллик биландир”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни кўп ҳадисларида илм олишга тарғиб қилганлар. Шулар жумласидан: Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Илм олинглар, чунки Аллоҳ розилиги учун илм олиш савобдир, уни ўрганиш тасбеҳ, илм қидириш жиҳод, талаб қилиш ибодат, уни таълим бериш садақа, ўз аҳлларига етказиш, қурбат хосил қилишдир. Чунки илм ҳалол – ҳаромни ўргатувчи, жаннат йўлини кўрсатувчи, қабрдаги улфат, ёлғизликдаги ҳамсуҳбат, ғарибликдаги дўст, ҳурсандликка далолат қилувчи, оғирликда ёрдам берувчи, дўстлар олдида зийнат, душманга қарши қурол бўлади. Илм билан банда олий даражадаги яхшилар мақомига, дунёда подшоҳлар билан ўтиришга, жаннатда мўминлар билан билан бирга бўлишга эришади. Илм ҳақида фикр қилиш, рўза тутиш билан баробар бўлиб, уни музокара қилиш қиём яъни, кечаси намоз ўқиш билан баробардир. Илм билан силаи раҳм қилинади, ҳукмлар ечилади, ҳалол – ҳаром билинади, Аллоҳни танилади, итоат ва ибодат қилинади”. Абу Умома ал-Бохилий розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бири обид, бирлари эса олим бўлган икки киши зикр қилинди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Олимни обидга фазли мени энг пастларингизга бўлган фазлим кабидир”. Термизий ривояти. Мусо алайҳиссалом муножотида шундай дейди: Эй Роббим сенга энг суюкли банда ким? Илм талаб қилувчи олим. Али розияллоҳу анҳу дедилар: “Илм дарё, ҳикмат денгиз, уламолар дарё бўйида айланиб юрсалар, ҳакимлар денгиз ўртасида шўнғиб юрадилар, орифлар нажот кемасида сузиб юрадилар”. Яна дедилар: “Ким ўзини инсонларга имом деб билса, бошқаларга таълим беришдан олдин ўзига таълим берсин. Тили билан одоб беришдан олдин ўз сийрати билан одоб берсин”. Айтиладики – олим бу уммат табиби, дунё эса уммат касаллиги, агар табиб касалликни талаб қилса, бошқаларни қандай даволайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Умматимни ҳалокати икки нарсада, илмни тарк қилиш ва мол дунё жамлаш”. У зотдан амалларни афзали сўралганда шундай дедилар: “Аллоҳ учун илм ўқиш ва динида фақиҳ бўлиш”. У зотга яна савол қайтариб: “Эй Расулуллоҳ сиздан амал ҳақида сўрасам илм ҳақида жавоб бердингиз. Шунда у зот: Илм билан озгина амал сенга фойда беради, жаҳолат билан кўп амал сенга фойда бермайди” дедилар. Айтилади, ким ёшлигида илм олмаса, катта бўлганида юқорига кўтарила олмайди. Луқмони Ҳаким ўғилларига шундай насиҳат қилдилар: “Уламолар билан ўтир, уларга яқин бўл, Аллоҳ ерни осмон суви билан тирилтирганидек, қалбларни ҳикмат нури билан тирилтиради”. Шаъбий (роҳматуллоҳи алайҳи)  айтадилар: “Кимда икки хислат бўлса бу илмни талаб қилади. Ақл ва тақво. Агар тақволи бўлиб, ақлли бўлмаса, айтадики бу ишга фақат ақллиларгина эришади деб, уни талаб қилмайди. Агар ақлли бўлиб тақволи бўлмаса айтадики: бу ишга фақат тақволиларгина эришади...

“Таҳфизул-Қуръон” кафедрасида китоблар тақдимоти

Тошкент ислом институтида “Октябрь – Қуръон қироати ва илмлари  ойи” эканлиги муносабати билан институтимизнинг  “Таҳфизул-Қуръон” кафедрасида янги китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир домла Неъматовнинг Имом Жазарий қаламига мансуб  “Муқаддиматул-Жазарий” китоби ва унинг шарҳи асосида ёзилган  “Тартил асослари” ,  Раҳматуллоҳ домла Нурматовнинг Доктор Аймман Рушдий қаламига мансуб  “Ат-тажвийдул-мусоввар” китоби асосида ёзилган  “Қуръон ўрганиш қоидалари”  ҳамда “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Обидхон домла Икрамовнинг “Қуръони карим тиловатида вақф (тўхташ) ва ибтидо (бошлаш)” китоблари талабаларга таништириб ўтилди. Тақдимотни “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир домла Неъматов олиб бордилар. Дастлаб кафедра мудири Ж.Неъматов Қуръони карим ва уни тиловат қилишнинг фазилати, қориларнинг даражалари-ю одоблари ҳақида сўзлаб ўтдилар. Сўнгра ўзининг “Тартил асослари” ҳамда Раҳматуллоҳ домла Нурматовнинг “Қуръон ўрганиш қоидалари” китобларини таништириб, мазкур китоблар ва улар ўз ичига олган мавзулар, уларнинг долзарблиги  ҳақида маълумотлар бериб ўтдилар.Сўнгра, кафедра ўқитувчиси Исломхон домла Убайдуллаев кафедра талабаларига Обидхон домла Икрамовнинг “Қуръони карим тиловатида вақф (тўхташ) ва ибтидо (бошлаш)” китоби ва у ўзида қамраб олган Қуръони карим тиловатидаги вақф ва ибтидога тегишли ҳолатлар ҳақида маълумотлар бериб, ҳаётимизда учрайдиган мисоллар орқали тушунтириб ўтдилар.  Тадбир сўнгида устозлар ва талабалар ҳақига Аллоҳ таолонинг каломи бўлмиш Қуръони каримга хизмат қилиш, уни ўрганиб сўнг бошқаларга Аллоҳ йўлида ўргатишликни насиб қилишини сўраб дуо қилинди. “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси кабинет мудири  Э.Ахматқулов 903

Тил-миллатнинг руҳи

Она тили – муқаддас тушунча. Ҳар бир инсон ўз она тилини улуғлайди, кўкка кўтаради. У орқали дунёни танийди, кашф этади, жамиятда ўз ўрнини топади. Тил миллатнинг бойлиги, туганмас хазинаси, кўзгуси ҳамдир. Шу сабаб ҳам “Тил бойлиги – эл бойлиги” дейишади. Тилни асраш, авайлаш, бойитиш, мазмунли сўзлаш ҳар бир инсоннинг бурчи, вазифаси ҳисобланади. “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига 29 йил тўлгани муносабати билан 26 октябр куни Тошкент ислом институти талаба қизлари иштирокида “Тил-миллатнинг руҳи” мавзусида “Давра суҳбати” бўлиб ўтди. Суҳбатни талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова олиб борди. Ўз она тилимизни, буюк тарихини чуқур ўрганиб, унга ёт сўзларни аралашиб кетишидан ҳимоя қилиш сиз-у бизни олдимизда турган улкан вазифалардан эканлиги ҳақида, “Тиллар кафедраси” ўқитувчилари: У.Ҳафизова, С.Валиевалар сўзлади. Ахборот техник таъминот бўлими ходимаси Д.Каримова эса талаба қизларга “Давлат тилида” иш юритишда тилимизни нақадар гўзаллигини сақлаб қолган ҳолда ишлатиш кераклиги, четдан кириб келаётган бегона сўзларни қўшмай соф ўзбек тилида мақола, шеър ва ҳикоялар ёзишни ўзига хос фазилатлари ҳақида маъруза қилди. Тилни асраш, авайлаш, бойитиш, мазмунли сўзлаш ҳар бир инсоннинг бурчи, вазифаси ҳисобланади. Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи  З.Суярова 946

Хушхабар! Институтимиз қория талабаси 30 пора Қуръонни бир кунда тўлиқ ўқиб берди!

Бугун, 27 октябрь куни Тошкент Ислом институти 4-“В” курс толибаси Нажмиддинова Робия ўттиз (30) пора Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда 12 соат мобайнида ёддан ўқиб беришга муваффақ бўлди. Талабанинг Қуръони каримни ёддан ўқиш жараёнини “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов, устозлардан Исломхон қори Убайдуллаев, Зафар қори Маҳмудов, Жаҳонгир қори Рўзиев, Абдулбосит қори Қобилов, Муҳаммадсолиҳ қори Мажидов, ҳамда талаба қизлар кузатиб бордилар. Нажмиддинова Робия эрталаб тонгдан Қуръони каримни ёддан ўқиб беришни бошлаб, Шом намозида якунлади. Хатми Қуръон дуосини Тошкент Ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов ва бир гуруҳ устоз ва талаба қизлар билан биргаликда қилинди. Маълумотларга кўра, Нажмиддинова Робия 2016 йилнинг февраль ойидан бошлаб Қуръони каримни “Таҳфизул Қуръон” ўқитувчиси устози Зафар қори Маҳмудовга кунига бир бетдан ёдлаб топширишни бошлаган ва охирги маротаба 15 бет топширган. Қарийб 6 ой мобайнида Каломуллоҳни тўлиқ ёд олиб, икки ярим йилда тўлиқ кўтаришликка муваффақ бўлиб, бугун эса бир ўтиришда бутун Қуръони каримни устозлари гувоҳлигида ёддан ўқиб топширди. Эслатиб ўтамиз, Нажмиддинова Робия 2016 йил, Ўзбекистонда таълим муассасалари ўртасида ўтказилган Қуръони карим мусобақасида “Зийнат қория” сифатида иштирок этган. 2017 йил,Таълим муассасалари ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг Республика босқичининг мужаввид йўналиши бўйича олий ўрин соҳибаси. 2018 йил, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилган “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018”да ҳифз йўналиши бўйича мутлоқ ғолибликни қўлга киритиб олий ўрин соҳибаси бўлди. 2018 йил, Малайзия Қироли Муҳаммад (V) Фарис Петра ташаббуси билан ташкил этилган халқаро Қуръон мусобақасида мураттаблик йўналиши бўйича кучли еттиликдан жой олган. Бугунги дин соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бир қаторда қори ва қорияларимизни қуллаб қувватлаётган Юртбошимиз Ш.М.Мирзиеёвга ва таълим муассасаларидан етишиб чиқаётган бу каби иқтидорларга шароит яратиб бераётган Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Тошкент Ислом институти мутасаддиларига ўзимизнинг чуқур миннатдорлигимизни билдириб қоламиз. Барчамиз учун урфга айланиб бораётган Қуръони каримни тўлиқ ёддан бир ўтиришда ўқиб бериш анъанаси бундан кейин ҳам ривожланиши ҳамда юртимиздан мана шундай қори ва қориялар кўплаб чиқишини Аллоҳ таоло Ўзи осон ва муваффақ айласин! Юртимиз мусулмонлари ва Тошкент ислом институтига яна бир мураттаб қория муборак бўлсин! Тошкент Ислом институти “Тахфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси Зафар Маҳмудов 821
1 1 371 1 372 1 373 1 374 1 375 1 548