Фиқҳ луғатда “الفهم – тушуниш” ва “العلم – илм” маъноларини англатади. Мисол учун “فقه – фақиҳа” феъли “فهم – фаҳима” яъни “тушунди” маъносини ва “فقه – фақуҳа” яъни, “фақиҳ бўлди” маъносини билдиради. Унинг асли “الفهم – тушуниш” бўлиб, сўнг шариат илмларига хосланиб қолган.
Фиқҳ шариат истилоҳида: аввалда фиқҳнинг муаййан таърифи бўлмаган. Унинг луғавий яъни, “тушуниш” ва “илм” маънолари шариат ва дин илмларига хос бўлган. Шу сабабдан ҳам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳнинг “Фиқҳ нафсга нима фойда ва нима зарар эканини билишдир” деган сўзи нақл қилинган. Сўнг фиқҳ илм сифатида шаклланганч унга “Фиқҳ – амалий шаръий ҳукмларни тафсилий далилларидан билишдир” деган таъриф берилган. Ушбу илм ҳукмларга хосланиши билан эътиқодий ва ахлоқий масалалар фиқҳ илми остига кирмай қолади.
Уламолар фиқҳ тарихини уч даврга бўлганлар: рисолат асри, саҳобалар асри ва тобеъинлар асри. Фиқҳнинг ривожланишида ҳар бир даврнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд.
Рисолат асрида фиқҳ
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлиб юборилгач, Роббисидан рисолатни етказар, ибодатларни адо қилар ва турли ишларни бевосита амалга оширар эди. Саҳоба розияллоҳу анҳумлар у зотни кўриб эргашардилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шариатни батамом охирига етқазганларидан кейин ҳаётдан кўз юмган. Шариат умумий тушунчаларни баён қилиш, мутлоқ нассларни қайдлаш, мужмал нассларни шарҳлаш, умумга далолат қилувчи нассларни хослаш ва насх қилиниши мумкин бўлган нассларни насх қилиш орқали мукаммал бўлади.
Шунга қарамасдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига китоб шаклида ёзилган фиқҳни қолдирмаган. Балки умумий қоидалар, Қуръон ва Суннатда тарқоқ ҳолдаги жузъий ҳукмлар ва қалбларда ёдланган маълумотларни қолдирган халос.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам ижтиҳодлари бўлган. Бироқ, барчаси ваҳийга асосланган бўлиб, гоҳо тасдиқлаган бўлса, баъзан тўғирлаб қўйган.
Ушбу даврда ҳар қандай шариат ҳукмини жорий қилиш ваҳий ёки Роббисидан рисолатни етказувчи зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам воситасида бўлган. Ушбу даврда шариат масдарлари Китоб ва Суннатдан иборат бўлган.
Батаҳқиқ, саҳоба розияллоҳу анҳумлар ижтиҳод қилганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ижтиҳод қилишларига рухсат берган. Мисол учун, у зот Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга юбора туриб, унинг қилган ижтиҳодига иқрор бўлган.
Ушбу рухсат саҳобаларни эҳтиёж тушганда қилинадиган ижтиҳодга тайёрлаш учун бўлган. Балки бундай ижтиҳодларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида бўлишига, уларнинг Пайғамбаримиздан узоқда бўлиб қолишлари ёки бирор ишда вақтнинг ўтиб кетиш хавфи юзага келиши каби бир қанча сабаблари бўлган. Бундай ижтиҳодлар шариатга масдар бўлмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳар қандай қилган ишларида мурожаат қилинадиган асос бўлиб, гоҳо уларни тасдиқлаган ёки тўғирлаб қўйган. Шу сабабдан ҳам ушбу давр ихтилофлар йўқлиги билан ажраб туради.
Дарҳақиқат, ҳукмлар воқеъа ва эҳтиёжларга қараб ёки саволга жавоб бўлиб тарқоқ-тарқоқ тарзда нозил бўлар эди. Гоҳо ҳеч бир муносабатсиз янги бир ҳукм сифатида нозил бўлар эди. Ушбу даврдаги шариат ҳукмлари босқичма-босқичлик, машаққатни кўтариш ва насхнинг воқеъ бўлиб қолиши каби имтиёзлар билан фарқланиб туради.
Аммо китоб шаклида ёзишга нисбатан эса, котиблар бўлиб, улар фақат Қуръонни ёзардилар. Лекин бу ҳам тарқоқ ҳолда бўлган. Ҳадис Қуръон билан аралашиб кетмаслиги учун ёзилмай турган.
Дарҳақиқат, баъзи Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, ибн Масъуд, Убай ибн Каъб, Муъоз, Зайд ибн Собит, Абдураҳмон ибн Авф, Аммор ибн Ёсир, Ҳузайфа ибн Ямон, Абу Дардо ва Абу Муса Ашъарий каби саҳоба розияллоҳу анҳумлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидаёқ фатво берганлар.
Саҳоба розияллоҳу анҳумлар асрида фиқҳ
Ушбу асрдан катта саҳобалар асри ирода қилинган. Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган ва узоқ муддат бирга бўлган саҳобийлар. Гоҳо ундан хулафоий рошидинлар асри ҳам ифодаланади.
Биз юқорида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шариат мукаммалига етганидан кейин вафот этганларини, шариат масдарлари Қуръон ва суннат бўлганини ва китоб шаклда ёзилган фиқҳ мавжуд эмаслигини айтиб ўтган эдик. Саҳоба розияллоҳу анҳумлар ана шундек динни етказишга бел боғлаган эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг кўплаб шаҳарлар фатҳ қилинди турли хил инсонлар Исломни қабул қилдилар. Ишлар жиддий тус олиб, ҳукми ворид бўлмаган ёки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида бўлмаган ҳодисалар воқеъ бўла бошлади. Мазкурларни ҳукмини баён қилиш лозим эди.
Вазият тақозаси билан ижтиҳод янада юзага чиқиб, шариат масдарларидан янги масдарга айланди. Воқеъ бўлган бирор масала хусусида ҳақ талабида чуқур тафаккур ва мулоҳазадан кейин ақл маъқул деб топган нарсани назарда тутадиган рай вужудга келди. Ушбу рай қиёс, истиҳсон, масолиҳ ва саддуз зароеълардан кейин қабул қилинган нарсаларни қамраб олган эди. Воқеъ бўлган кўплаб янги масалаларнинг ҳукми ижмоъга ассоланиб амалга оширилар ва шу асосда фатво берилар эди.
Ушбу даврда суннат китоб шаклида ёзилмаган ва Қуръондан чалғиб қолиш хавфи борлигидан ривояти ҳам оз эди. Расулуллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш хавфи борлигидан халифалар ҳадисни қабул қилишга қаттиқ қарардилар.
Саҳобалар халифалар атрофида ҳозир эдилар. Бирор масала воқеъ бўлиб қолса, унинг ҳукмини Аллоҳнинг китобидан қидирардилар. Агар Аллоҳнинг китобидан топа олмасалр суннатдан ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалга оширган ишларидан қидирардилар. Агар ундан ҳам топа олмасалар, ўзаро маслаҳатлашар эдилар. Агар бир ҳукмга ижмоъ қилсалар амалга оширардилар.
Ушбу даврда саҳоба розияллоҳу анҳумлар ўртасида ихтилофлар ҳам воқеъ бўлиб турган. Бироқ, фақиҳ саҳобаларнинг ижмоъси, ривоятнинг ва янги пайдо бўлган масалаларнинг озлиги сабаб, кескин ихтилофлар бўлмаган. Ушбу асрда Қуръонни бир мусҳафга жамлаш иши амалга оширилди. Лекин, суннат хали ҳам китоб шаклида ёзилмаган эди.
Фақиҳ саҳобалар ичида Али, ибн Масъуд ва Умар каби райни кўп ишлатганлари ҳамда ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ва Зубайр каби райга ўрин қолдирмаганлари ҳам бўлган.
Батаҳқиқ, бундай йўналиш, яъни райга асосланиб ҳукм билдириш, ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларидаёқ вужудга келган эди. Зеро, саҳобалар пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Аср намозини фақат Бани Қурайзага етиб борганда ўқиш” борасидаги буйруқларини тушунишда ихтилоф қилгандилар. Ўшанда Пайғамбаримиз икки гуруҳни ҳам тасдиқ этганлар. Бироқ, бу йўналиш саҳобалар даврида очиқрорқ намоён бўлди. Учинчи даврда эса, янада очиқроқ юзага чиқди.
Фиқҳ ушбу даврда воқеъий ва амалий тарзда бардавом бўлди. Қиёс, ижтиҳод ва ижмоъ янада кўзга ташланди. Энди шариат масдарлари Китоб, суннат, ижмоъ ва қиёсга айланди.
Тобеъинлар асрида фиқҳ
Ушбу асрдан хулафои рошидинлар асридан кейинги даврлар ирода қилинади. Ушбу аср кичик саҳобийлар ва катта тобеъинлар асри деб ҳам ифодаланади. Ушбу давр уммавийлар давлатининг тасис топишидан бошланиб, биринчи ҳижрий аср охиригача давом этган.
Ушбу давр ҳижрий 41 йилда саййидимиз Ҳасан розияллоҳу анҳу уммат бирдамлиги учун халифаликдан воз кечганидан кейин, Муовия розияллоҳу анҳу халифаликни бошқаришга ўтганида бошланган. Шиа ва хаворижларнинг баъзилари мусулмонлар бунинг натижасида сиёсий бўлинишга юз тутган, деган фикрни билдирадилар. Аслида эса, бу бўлиниш фиқҳ ва ҳадис ривоят қилиш ҳаракатига катта тасир кўрсатди. Ҳадис ривоят қилиш кенг тарқаши билан бирга турли мазҳабларни қўллаб қувватловчи тўқима ва ёлғон ҳадислар ҳам авж ола бошлади. Умар розияллоҳу анҳу тўхтатиб турган саҳоба розияллоҳу анҳумлар Усмон розияллоҳу анҳунинг рухсати билан одамларга динни ўргатиш учун турли юртларга чиқиб кетдилар. Турли юртларга тарқалиб кетган саҳоба розияллоҳу анҳумлардан ҳар бир шаҳар аҳли илм ола бошладилар. Улар ўз-ўзидан саҳобий устозининг фикрини қўллаб қувватлар эдилар. Натижада хилофлар бошланиб, кенгайиб ижмоъ қилиш мумкин бўлмай қолди.
Лекин ривоят ва тўқималар кенг тарқалишига қарамасдан, Аллоҳ таоло суннатни турли тўқима ва аралашмалардан ҳимоя қилиб сақлайдиган зотларни чиқариб қўйди. Ривоятларни қабул қилиш шартларига асос солинди. Бидъатчи, фосиқ ва ҳавои нафсига эргашувчиларнинг ривоятлари рад қилинди.
Ушбу асрда рай ва ҳадис мактаблари зоҳир бўлди. Бу иккиси Куфа ва Мадина мактаблари ортидан вужудга келган эди. Рай мактабига Иброҳим Нахаъий (95 ҳ. вафот этган.) ва Мадина мактабига Саъид ибн Мусаййиб (98 ҳ. вафот этган) етакчилик қилган.
Ушбу давр ислом фиқҳини пишиб етилиши ва фиқҳий мазҳабларнинг юзага чиқиши учун муқаддима эди. Айни мана шу асрда қиёс, истиҳсон ва истислоҳларга амал қилиш асносида ҳодисалар кўпайиб насслар оз бўлгани сабабли рай йўли ҳам кенг тус олди. Ушбу асрда Ироқда бир қанча ишларда аҳли суннага мухолиф бўлган шиа фиқҳи ҳам вужудга келди.
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси
Ф.Жўраев