Ҳазрат Пайғамбаримиз алайҳиссалом Қуръони каримнинг шарҳловчиси сифатида шаръий қонун чиқариш ваколатига эга эдилар. Шунга биноан ҳадис шаръий қонун чиқариш бўйича икки асосий соҳани қамраб олади.
Биринчи соҳа. Қуръони каримда зикр этилган ҳукмларни ёритиб беришга боғлиқ.
Иккинчи соҳа. Қуръони каримда кўрсатилмаган ҳукмларни шаръий қонун шаклида белгилашга боғлиқ бўлади.
Биринчи соҳада ҳадис Қуръони карим оятларини тафсир қилади. Мужмал, яъни, ноаниқ ибораларини изоҳлайди, умумий маънога эга бўлганини хослаштиради, яъни унга хусусий маъно беради, мутлоқ, яъни, қайд ва шартсиз оятларни қайдлайди.
Шу ўринда баъзи бир мисоллар келтириб ўтамиз. Қуръони каримда “намоз ўқинглар” деб амр қилинган. Лекин намозларнинг сони, сифати, ракъатларининг сони Пайғамбаримиз алайҳиссалом томонидан белгиланган ва амалда кўрсатиб берилган. Бу эса мужмал иборани изоҳлаш мисоли.
Умумий мазмунни хос қилиш учун мисол. Қуръони каримда мерос тизими умумий маънода келган. Яъни мерос қолдириш ва мерос олиш ҳуқуқи берилган. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мерос олиш учун дин бирлиги, қотил бўлмаслик ва қул бўлмасликни шарт қилиб қўйиб уни хослаштирганлар. Масалан, ўз отасини ўлдирган ёки ноҳақ йўл билан унинг ўлимига сабаб бўлган фарзанд отасидан мерос олиш хуқуқидан маҳрум бўлади.
Иккинчи соҳа бўйича ҳадисга тегишли масалалар. Зарурат чоғида Қуръони каримда айтилмаган бирон бир янги ҳукмни ҳадис шаръий қонун қилиб белгилаб беради. Бу ўринда айрим ҳукмлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан махфий ваҳий ёки илҳом орқали содир бўлган ва баъзилари у зотнинг ижтиҳодлари ва шахсий фикрларидан келиб чиққан. Албатта, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ижтиҳод қилишда ҳам ислом руҳи ва фалсафасини назарда тутар эдилар.
Бу ўринда кўп мисоллар бериш мумкин. Масалан, момога меросдан олтидан бир ҳисса бериш, никоҳ битимининг тўғри бўлиши учун гувоҳлар шартлиги, бадан аъзолари хун баҳосини белгилаш каби ҳукмлар киради.
Ислом шариатида ҳадисларнинг ўрни аҳамиятли экани кўриниб турибди. Ҳукмлар фақатгина Қуръони каримнинг ўзидан олинмайди. Қуръони каримда келган кўпгина ҳукмлар тафсилотини билиш учун ҳадислар муҳим аҳамият касб этади. Балки шаръий ҳукмларнинг бир қанчаси ҳадислар орқали келиб чиққан экан.
Манбалар асосида Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Ҳошимов Ойбек