islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Имом Абдулкарим Самъонийнинг “Адабул имло вал истимло” асари ҳадис илми таълим методологиясига оид муҳим манба

Ислом шариатида Суннат Қуръон каримдан кейинги асосий иккинчи манба ҳисобланади. Қуръон каримни ўқиш ва ўргатиш илмларнинг энг муҳими бўлиб, унинг тафсири ва шарҳи бўлмиш Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиш ва ўргатиш илми аҳамият жиҳатидан кейинги ўринда туради. Зеро, маълумотнинг муҳимлигига қараб илмнинг қадр-қиммати ошади.

Ҳадислар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли бўлгани учун, У зотга кўрсатиладиган эҳтиром ҳадисларга ҳам кўрсатилиши зарурдир. Яъни, ҳадисларни ўрганиш ва ўргатишнинг бошқа илмларда учрамайдиган ўзига хос жиҳатлари: шартлари, таълим услублари ва одоб-аҳлоқлари мавжуд бўлиб, ҳадис илми билан шуғулланувчи муҳаддислар бунга катта эътибор билан қарашган. Муборак ҳадисларни ривоят қилаётган ва эшитаётган кишилар амал қилиши керак бўлган таълим методикаси-услуби, одоб-аҳлоқини белгилаб беришган. Бу ҳолат ҳадис илми китоб шаклида тўпланишига қадар оғзаки жорий бўлган. Ҳадис илмларини ўргатадиган “мусталаҳул ҳадис” фанида ҳадис илмларига тегишли бошқа илмлар қаторида ушбу илм ҳам жой олган. Мусталаҳул ҳадис фанида ривоятни эшитиш ва уни етказиш ҳолатлари тўғрисида алоҳида боб бўлиб, у ерда таълим услублари-методлари, шартлари ва одоб-ахлоқлари белгилаб берилган.

Ҳадис илмининг илк ривожланиш даврида бу илмлар фаннинг таркибий қисмида жойлашган. Кейинчалик, унга бўлган эҳтиёж сабабли муҳаддислар томонидан алоҳида китобларга жамланган. Ҳадис илми таълим методологиясига бағишланган асарлар ичида ҳадис илмлари султони Хатиб Бағдодийнинг “ал-Жомеъ ли ахлақир ровий ва адабис сомеъ” асари, Ибн Абдул Барнинг “Жомеъ баянил илм ва фазлиҳи” асари муҳим аҳамиятга эга. Ушбу асарлар қаторида машҳур муҳаддис, тарихчи ва насабшунос олим Абдулкарим Самъонийнинг “Адабул имло вал истимло” асари яққол кўриниб туради.

Хорижлик ва маҳаллий тадқиқотчиларнинг Абдулкарим Самъоний ҳаёти ва ижоди борасида қилган изланишларига қаралганда, олимнинг тарихга оид “ал-Ансоб” номли шоҳ асарига кўпроқ эътибор қаратилгани гувоҳи бўлинди. Шу эътибордан олимнинг тарихчи ва насабшунос жиҳати ўрганилган. Олимнинг “Адабул имло вал истимло” асари ўрганиб чиқилгандан сўнг, олимнинг машҳур муҳаддис эканлиги, ҳадис илмларида моҳир ва мўътабар бўлгани намоён бўлди. Замонасининг Ибн Асокир, Абул Фатҳ Боқиллоний каби имомлари олимдан ҳадис ривоят қилгани, имом Заҳабий, Ибн Халикон, Тожиддин Субкий, Ибн Касирдек алломаларнинг олим ҳақидаги мақтовлари ва эътирофлари Самъонийнинг илмий даражаси нақадар юксак бўлганлигига далил бўлади.

Асар “Адаб ул-имло ва-л истимло” деб номланиб, сўзма-сўз таржима қилинганда “ҳадис айиш ва ёзиб олиш одоби” деган маънони англатади. Муҳаддислар мусталаҳида ҳадис ривоят қилиш жараёни “имло”, ёзиб олиш жараёни “истимло” деб аталган. Таърифдан келиб чиқиб, ҳадис ривоят қилаётган шайхга “мумлий”, ёзиб олаётган талабага “мустамлий” деб айтилган. Ушбу таърифдан келиб чиқиб, аллома асарни “Адабул имло вал истимло” деб номлаган. Яъни, ҳадис ривояти билан шуғулланувчи устоз-шогир одоблари деган маънони англатади.

Асарнинг ёзилиш тарихини муаллифнинг асарга ёзган муқаддимаси ифодалаб беради. Унда муаллиф шундай дейди: “Биродарим, Аллоҳ сени ҳифзи ҳимоясида сақласин, мендан ривоят қилиш ва эшитиш одоблари, ривоят қилувчи ва эшитувчига зарур бўлган юксак ахлоқларлар билан хулқланиш ва набавий суннатга эргашиш масалалари ҳақида бирор асар таълиф қилишимни сўрадингиз. Шу билан бирга асар мухтасар бўлишини истадингиз. Зеро, ҳимматлар озайган, сиз сўраган маълумотлар ҳадис илмлари ичида келтирилган. Уни топиб ўқишга бўлган қизиқиш эса сўнгандир. Сиз сўраган маълумотларни ўзида жамлаган асар ёзиш учун Аллоҳга истихора қилиб, уни тўплашга киришдим. Асарда муҳаддис ва талабага зарур бўлган одоблар, ўқитиш ва ўрганиш услубларига тегишли маълумотларни келтирдим”.

Муқаддимага назар солинса, “мухтасар асар” деган сўзга гувоҳ бўлинади. Чунки, Абдулкарим Самъоний бу асардан олдин “Тирозуз заҳаб фий адабит талаб ” номли асар таълиф қилган бўлиб, асар ҳажми катта бўлган ва талабаларга уни ўқиш ва ёдлаш қийин бўлган. Шунинг учун аллома мухтасар асар ёзишни қарор қилиб, ушбу асарни таълиф қилган.

Асар икки асосий катта бобга ажратилиб, “мумлий”-ҳадис ривоят қилувчи, “мустамлий”-ривоятни ёзувчи, яъни устоз-шогирдга тегишли одоблар, таълим бериш ва олиш методикалари-услублари ҳақида хабар беради. Устозга тааллуқли бўлган одоб-ахлоқлар, таълим услублари тўғрисида:

– ҳадис ривоят қилувчи шайх дарс мажлисига келишдан олдин ташқи кўринишига эътибор қаратиши;

– мисвак қилиши, мўйлабини қисқартириши, оқ либос кийиши, хушбўйлик суртиши, кўзгуга қараб қўйиши;

– илм мажлисига келаётганда секин, виқор билан юриб келиши;

– йўлида учраган барчага салом бериши;

– илм мажлисига ўтиришдан олдин икки ракъат намоз ўқиб олиши;

– тавозели ҳолатда чордана қуриб ўтири;

– тингловчиларга мулойим хитобларни қўллаши;

– тингловчиларга нисбатан хулқини гўзал қилиши;

– тингловчиларга тайёргарлик кўришлари учун илм мажлиси кунини белгилаб бориши;

– илм мажлисларини масжидларда ташкил қилиши;

– қиблага қараб ўтириши;

– таҳоратли ҳолатда ҳадис айтиши ва ҳадис китобини ушлаши;

– китобига қараб ҳадис айтиши;

– мажлисни Қуръон карим тиловати билан бошлаши;

– тингловчиларни сукут сақлашга чақириши;

– ривоят қилаётганда овозини баланд қилиши;

– овозини тингловчилар эшитадиган даражада баланд қилиши;

– тингловчилар ақли кўтарадиган нарсаларни ривоят қилиши;

– ривоят қилаёган ҳадисда нотаниш сўз учраса, ўша сўзни шарҳлаши;

– тингловчилар ҳадисни ёзиб олгунича такрорлаб туриши ва бошқа кўрсатмалар келтирилади.

Шогирдга тааллуқли бўлган одоб-ахлоқлар, таълим олиш услублари тўғрисида:

– зийрак ва ақлли бўлиши;

– ҳадис мажлисларига эрта келиши;

– шошмасдан хотиржам ҳолда юриб келиши;

– кийинишда ҳаддан ошмаслиги;

– мажлисга кирганида ҳаммага салом бериши;

– мажлисга киришидан олдин оёғ кийимини ечиши;

– оёғ кийимини ечаётганда чап томондан бошлаши;

– мажлисдаги бўш ўринга ўтириши;

– устознинг олдида ўтирганда, унга камоли эҳтиром кўрсатиши;

– устозга мурожаат қилганда, унинг исми билан чақирмаслиги балки куняси билан мурожаат қилиши;

– мажлисда ухламаслиги;

– агар уйқуси келса, жойини ўзгартириши;

– шайх ҳадис ривоят қилоятганда диққат билан тинглаши:

– мажлисга сиёҳдон, қалам, қаламдон, қалам йўнгич, сиёҳ, қоғоз билан келиши;

– чиройли ва тушунарли ёзиши;

– мажлис тугашидан олдин кетмоқчи бўлса, мажлисдагиларга салом бериб чиқиши ва бошқа кўрсатмалар келтирилади.

Асарни бошидан охирига қадар ўрганиб чиқилганда қуйидаги хулосага келинди:

– асар муаллифи Абдулкарим Самъоний машҳур муҳаддис, ҳадис илми мутахасси бўлганлиги;

– асарда келтирилган ҳар-бир маълумот муаллифнинг санади билан келтирилгани;

– асар ҳадис илми мутахассислари учун муҳим қўлланма;

– асар ҳадис илми таълим методологиясига оид муҳим манба;

– асарни нафақат ҳадис илмларини ўрганиш ва ўргатишда, балки таълимнинг барча соҳаларда кенг қўллаш мақсадга мувофиқ. Зеро, таълим-тарбиядан кўзланган мақсад жамиятда комил инсонни шакллантириш, таълимнинг самарадорлигини ошириш, устоз ва шогирд ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш, устозни таълим бериш маҳоратини ошириш ҳамда шогирдни таълим олиш савиясини юксалтиришдир.

Хулоса ўринда шуни айтиш мумкинки, асар ҳадис илми таълим методологиясига бағишланган қимматли асар бўлиши билан биргаликда умумий таълим методологиясида кенг қўллаш ва фойдаланиш зарур бўлган ўқув-услубий дастур ҳисобланади. Келажакда асарда борасида кенг қамровли илмий изланишлар, тадқиқотлар олиб борилиши ҳамда жонажон она тилимизга таржима қилиниб ҳаётга татбиқ қилиниши мақсадга мувофиқдир.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Ҳадисшунослик” йўналиши
1-курс магистранти,
Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Юсупов Ҳалилуллоҳ 

112530cookie-checkИмом Абдулкарим Самъонийнинг “Адабул имло вал истимло” асари ҳадис илми таълим методологиясига оид муҳим манба

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: