islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

«Агар Ватан севгиси бўлмаганда, юртлар хароб бўларди»

Дарҳақиқат, инсон зоти борки турли мезон ва ўлчовлар орқали ҳар бир нарсанинг қийматини баҳолайди. Ана шундай буюк ўлчовлардан бири, яъни, ҳақиқий одамийликни белигиловчи буюк мезон – бу Ватанга муҳаббат туйғуси ва унга садоқат ҳисобланади.

Зеро, улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг авлодидан бўлган аллома Масъудий қуйидагиларни айтади: “Инсонни оқил ва ҳидоятда эканлигининг аломатларидан бири унинг ўзи туғилиб ўсган жойига нисбатан эзгулик қилишга интилиб, яшаб турган жойига нисбатан оқибатли бўлишидадир”. Олимлар: “Инсонийлик ва аҳдга вафонинг аломатларига қуйидагилар киради; дўстларига меҳрли бўлиши, Ватанига муҳаббатли бўлиши, ўтган хатоларига пушаймон бўлиб, келажак учун ҳозирлик кўриши”, деб айтишган.

Ҳақиқатан ҳам бир ўйлаб кўрадиган бўлсак, инсон ўз уйи, оиласи, ота-онаси, маҳалласига нисбатан муҳаббатли, садоқатли бўлмас экан ундан қандай қилиб бошқа бир шахс ё жамиятга яхшиликни кутиш мумкин. Демак,  Ватанга содиқ бўлиш керак. Содиқ бўлиш эса Ватанга вафо қилиш, унинг моддий ва маънавий мулкини асраб-авайлаб, хиёнат қилмасликдир.

Албатта, ер юзидаги одамзот борки, Аллоҳ томонидан тақсимланган ризққа рози бўлганлари ё ношукурлик қилганлари бор. Лекин, шундай бир тақсимот борки, барча унга бирдек рози бўлади бу ҳам бўлса она Ватандир. Ҳазрат Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу бу ҳақида: “Инсониятни Ватанидан кўра ризқ тақсимотида рози бўладиган бирор неъмат йўқ”, деб айтганлар.

Энди табиий ҳолатда Ватан нима билан обод бўлади? деган бир савол пайдо бўлади. Бунга ҳакимларимиз: “Аллоҳ диёрларни уни севиш билан обод қилади”, деб жавоб беришган.  Бу оддий бир ҳақиқатни англаб етганлар ва етмаганлар бор. Оддий мисол билан тушунтирсак. Мажнун Лайли учун ҳамма нарсага тайёр бўлади, борини беради. Энди Ватан эса сизу бизнинг ота-онамиздан, ёрга бўлган севгимизданда устун туради. Ўз даврининг улуғларидан бўлган, ақл-заковатда унча бунча эркакларни ҳам ортда қолдирадиган саҳобия Ҳинд розияллоҳу анҳо бир гапида: “Юртингнинг ҳурмати, ота-онанинг ҳурмати каби. (Ота-онангни қандай ҳурмат қилсанг, юртингни бунданда зиёда ҳурмат қилгин.). Зеро, сен улар туфайли озуқаланган бўлсанг. Улар ушбу диёрдан озуқалангандир.”, деб айтиб ўтган. Жумаладан Имом Муҳаммад  Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ шундай деган эканлар: “Ватаннинг ҳам ҳақлари бўлади. Уларнинг биринчиси шу Ватанда яшаганда тинч-хотиржам, шукрона қилиб яшаш ҳаққидир. Шунингдек, Ватандан кетганда уни соғиниш, Ватан камситилганда ғазабланиш, Ватанга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қилиш ҳам Ватаннинг шу юртда туғилиб-ўсганлар зиммасидаги ҳаққидир. Шу жаннатмакон Ватанда яшаяпмизми, унда тинч-тотувлик билан яшайлик, бунга шукрона қилайлик, илм излабми, тижорат мақсадидами, Ватандан сафар қилдикми, уни соғинайлик”.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам: «Агар Ватан севгиси бўлмаганда, юртлар хароб бўларди», деганлар.  Юртни уни севганлар обод қилади, уни Ватан деб билганлар ҳимоя қилади.

Энди эса бизнинг йўлбошчимиз ва башариятнинг энг аълоси бўлган зотнинг ҳаётига бир назар ташласак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий нозил бўлганда Хадича онамиз розияллоҳу анҳо у зотни Варақа ибн Навфалнинг олдига олиб борганлар. Кексайиб, кўзлари ожиз бўлиб қолган бу инсон Таврот, Инжилдан хабардор, охирзамон пайғамбарининг аломатларини биладиган, у зотнинг келишини кутиб юрган зийрак, заковатли зот эди. Варақа ибн Навфал Пайғамбар алайҳиссаломни гапларини эшитиб, «Қавмингиз сизни ёлғончига чиқаради, сизга азият беради, туғилиб-ўсган юртингиздан чиқариб юборишади», дейди.

Олимлар ушбу ҳолатни Ватанга муҳаббатнинг ҳақлигига, Ватандан ажралишнинг машаққат эканлигига далил қилиб, шундай дейдилар: «Варақа ибн Навфал сизни ёлғончига чиқаришади деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни индамай эшитиб ўтирдилар, сизга азият беришади деганида эшитиб ўтирдилар. Аммо «Сизни юртингиздан қувиб чиқарадилар» деганида у зот тўлқинланиб кетиб, «Ҳали қавмим мени шаҳримдан қувиб чиқарадими?» деб сўраганлар. Мана шу у зотнинг Ватанларига бўлган муҳаббатларининг белгиси эди.

Варақа ибн Навфал айтган кун келиб, маккаликларнинг тазйиқи ҳаддан ортиб кетгач, ҳижратга изн берилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан узоқлашмасдан туриб, Укоз бозорининг олдига борганларида ортларига ўгирилдилар. Маккага қараб туриб, ўзларининг машҳур гапларини айтганлар: «Эй менга севикли шаҳрим Макка! Агар қавминг мени ҳайдаб чиқармаганда сени ҳаргиз тарк қилмаган бўлардим», деганлар. Мадинага бориб, Аллоҳ таолога: «Роббим, Маккани менга суюкли қилганингдек, Мадинани ҳам суюкли қил» деб дуо қилганлар. Шунингдек, у зот алайҳиссаломнинг яна бир машҳур сўзлари бор – у зот: «Агар ҳижрат бўлмаганда, мен ансорлардан бўлган бўлардим», деганлар. Бунинг маъноси «Макка бўлмаганда, мен маккалик бўлмаганимда, мадиналик бўлардим», деганларидир. У зот Мадинада қолганлар, ансорларни ихтиёр қилганлар, лекин маккаликларни асло унутмаганлар. Бу ҳақда Қуръони Каримда оятлар ҳам келган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзини «У Зот сизни қайтиш жойингизга қайтарувчидир», деганда Маккани назарда тутган.

Араблар бирон жойга сафарга чиқишса, ҳидлаб юриш учун Ватан тупроғидан олиб кетишар экан. Ўша тупроқ ватан ҳиссини уйғотиб, уни эсдан чиқармай турадиган омил бўлар экан.

Муҳаддислар султони Имом Бухорийнинг ҳаётида ҳам бир ажойиб воқеа кузатилади. У зот узоқ сафарда, ўз юрти Бухородан олис масофада бўлган вақтларида бир шогирди томонидан чопар у зотни йўқлаётгани хабарини айтади. Ҳадисдан сабоқ берётган Имом унинг киришига изн беради. Чопар кириб унга юртидан бир мактуб келтирганинг хабарини беради. Шунда мактубни ўзгача бир эҳтиром билан чопарнинг қўлидан олиб, юрти томонга нигоҳ ташлаб, қўлидаги мактубни пешонасига теккизиб, муборак лаблари билан ўпадилар. Кўзларига ёш оладилар. Буюк Ҳофиз ушбу мактуб кимдан эканлигни билмасди. Лекин юртидан келгани учун унга бўлган соғинч ва ўзгача муҳаббат оддийгина қоғозга шунчалик ҳурматларини намоён қилиб берган эди.

Буни қарангки, ҳатто биологик жиҳатидан ҳам инсон ўз туғилиб ўсган жойига боғлиқ бўлар экан. Жумладан файласуф Гиппократ: “Дард борки, ўз заминидаги ўсган ўт-ўланлар билан даволанади. Зеро, инсон табиатига истеъмол қилган таоми ва нафас олиб турган ҳавоси таъсир қилади.”, деган. Афлотун ҳам: “Табиатнинг озуқасидан кўра фойдали даволовчи нарса йўқ.”, деб айтган. Яна буюк олимлардан бири Жолинус(Гален): “Касалликка худди боғдаги дарахтга ўша жойнинг суви шифо бўлгани сингари, яшаб турган жойидаги тоза ҳаво билан даво бўлади. Зеро, ҳар бир тирик жон гарчи суви ва ҳавоси тоза бўлмасада ўз ватанига ошиқади.”. деб айтган. Шоирлардан бири ҳам;

Биз Ватанни севамиз гарчи сусамбил бўлмаса ҳам,

Гоҳо гўзал бўлмасада, севилар оддий ашйо ҳам.

Майли суви шўр бўлсин, ҳавоси ёмон,

Лекин қалб ошиқар барибир Ватан томон.

Шуни ёддан чиқармаслик керакки, ҳеч бўлмаганда инсон фақат ёлғиз ўзини ўйлаши керак эмас. Балки, унинг ортида Ватан, халқ ва миллат, диннинг обрў ва шаъни турганини ҳис қилиб яшаши даркор.  Қолаверса, ҳар ким ўзига юклатилган вазифани чиройли ва пухта тарзда бажариши ҳам Ватан ҳимояси ва уни обод бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бизни жонажон Ўзбекистондек Ватан билан сийлаган экан уни шукронасини адо қилишимиз керак.

Демак, Ватанга муҳаббат ундаги халқнинг қувончи ва ғамига шерик бўлиб, қўлидан келганча шукрона айлаб, уни ҳар хир ёт ғоя ва душманлардан ҳимоя қилиб, эзгу ишларни амалга ошириши орқали билинади. Бу эса инсонийликнинг энг олий бурчи ҳисобланади.

Маънавият, маърифат ва иқтидорли ёшлар

билан ишлаш бўлими услубчиси

 Аҳрорбек Мадаипов

114290cookie-check«Агар Ватан севгиси бўлмаганда, юртлар хароб бўларди»

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: