islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Динимизда фарзанд тарбияси

Никоҳ инсонлар учун муҳим эҳтиёждир. Ҳузур-ҳаловат, бахт-саодат оилада таъмин этилади. Фароғат истаб дунё кезган киши уни фақат оилада топади. Оила – гулзор бўлса, фарзанд – шу гулзорнинг энг чиройли гули, чечаги. Бу мўъжаз мавжудотнинг табассуми, қаҳқаҳаси оиланинг энг катта шодлигидир. Фарзанднинг ҳиди жаннат бўйидир. Гулнинг етилиб, камол топиши, ён-атрофига бетакрор ифор таратиши учун сув ва зиё нақадар муҳим, нақадар беқиёс.

Демак-ки, фарзандларимизнинг ҳам оилада, маҳаллада, жамиятда, мамлакатда ва бутун дунёда етук, комил инсон бўлиб, маърифат таратишида, дунё аҳли учун фойдали шахс бўлишида ота ва онанинг алоҳида-алоҳида мислсиз ўрни, бошқа ҳеч ким босолмайдиган залвори бор, албатта!

Аммо минг афсус, вазиятни доим назорат қилишнинг иложи йўқ. Мазкур муқаддас ришта – оила баъзан хоҳласак-хоҳламасак дарз кетади, фарзандларнинг кўз ёшларига қарамасдан ота ва оналар баъзан ажралишади.

Ажрашгандан сўнг фарзанд кимда қолади?

Шариатимизга кўра, боланинг тарбияси аёлларга берилади. Чунки аёллар эркаклардан кўра шафқатли ва сабрлидирлар. Аёлларда энг биринчи валоят хаққига эга бўлган зот боланинг онасидир. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Отаси мендан ажрашгандан сўнг қорнимда кўтарган сут бериб эмизган ва бағримда ўстирган ўғлимни тортиб олиб қўймоқчи,” деб шикоят қилиб келган аёлга, “Сен токи эрга тегмас экансан болани олиш сенинг ҳаққингдир,” дедилар. (Абу Довуд, Байҳақий ва Ҳоким ривоят қилганлар)

Ҳанафий ва шофеъийларга кўра, онадан кейин боланинг тарбиясига энг лойиқ бўлганлар онасининг онаси, отасининг онаси, синглиси, ундан кейин эса холаси ҳисобланади. Бундан шу нарса тушунилади-ки, агар оилада ота-онаси йўқ бўлса болага бувилари ва хола-аммалари қараши керак бўлади.

Агар болага онасидан бошқа қарайдиган кимсалар бўлмаса, онаси болага қараши шарт. Агар бошқа қарайдиганлар бўлса онанинг болага қараш мажбурияти йўқолади. Чунки она эрга тегадиган бўлса, онадаги биринчи валоятга эга бўлиш ҳуқуқи йўқолади.

Биронта аёлга уйланмоқчи бўлган эркак унинг фарзандларини қабул қилишга мажбур эмас. Агар болаларининг бошқа боқувчиси йўқ бўлса, бу унга мажбурият бўлиб қолади. Акс ҳолда, бола зое бўлиш эҳтимоли бор. Аёлларда ҳам ҳолат худди шундай бўлади. Эрининг фарзандларини қабул қилишга мажбурмаслиги уларнинг ҳуқуқидир. Фақат болалар қарашга муҳтож бўлсалар, уларга қарайдиганодам бўлмаса, аёл болаларга қарайди. Болаларни қабул қилади ёки оила қурилмайди.

Бола кимда бўлишидан қатъий назар нафақасини отаси беради. Аёл фақир бўлса, бу нафақани бола билан бирга истеъмол қилади. Агар боланинг отаси бўлмаса, боланинг молидан сарфланади. Боланинг моли йўқ бўлса, нафақани ўзлари (ким қараётган бўлса ўша) бериши вожиб бўлади.

Кичкина қиз бошқаси билан оила қурган онаси билан қолади, ёки онасининг холасига ёки аммасига берилади. Ўғил бола етти ёшга тўлганда, қиз бола балоғатга етганда отасига ҳам берилиши мумкин. Агар отаси йўқ бўлса, отасининг фосиқ бўлмаган қариндошига бериш мумкин.

Болали оилаларда ажрим ҳақида сўз кетар экан, бола кимнинг қарамоғида қолишида бир тўхтамга келинмаган. Шу сабабдан, бу ҳақдаги қарорлар судялар тарафидан қабул қилинмоқда. Валоят – болани боқиш, ҳимоялаш, қўллаб қувватлаш, таълим тарбияси каби ота-онаси зиммасида бўлган бир қанча ҳақларни ўз ичига қамраб олади.

Фарзандни қарамоғига олишда муҳим хусусиятлар

Фарзанд тарбиясини белгилаётган мутахассислар, уни кимга беришда асосий унсур сифатида боланинг манфаатига эътибор қаратишлари шарт. Бола манфаати тикланар экан, ота-онанинг қай бири унинг келажагини яхши таъминлай олиши назарда тутилмоғи лозим. Дарвоқе, фарзанднинг ўзи кимни танлаши ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Бир жиҳатдан, тарбиялаш ҳуқуқи кимга берилишида боланинг ёши ҳам муҳим ўрин тутади. Чунки она парваришига муҳтож бўлган болани отасига олиб берилиши, унинг ҳам жисмонан ҳам руҳан саломатлигини шикастлаб қўйиш эҳтимолини юзага келтиради. Шунингдек, бу даврда гўдакнинг айнан она меҳри, она шафқатига жуда катта эҳтиёжи борлигини ҳис қилишимиз даркор.

Дунёнинг аксар давлатларида 3 ёшга қадар болалар онанинг қарамоғи ва парваришига мутлақо муҳтож эканлиги қабул қилинган. 3 ёшигача боланинг тарбияси тўғрисида қарор қилинар экан, онанинг иши, уйи, маоши ҳатто яшаш тарзи қандай ҳолатда бўлишининг аҳамияти йўқ. Олий суд деярли ҳар доим бу ёшлардаги болаларнинг тарбиясини онасига берилиш ҳукмини чиқаради.

3-7 ёш орасидаги болалар онанинг парвариши ва қарамоғига нисбатан озроқ эҳтиёж сезадилар. Ва бу ҳолни фақатгина нисбатан деб қабул қилишимиз шарт. Фақат бу даврларда яшаган бола жуда кам ҳолларда, истисно тарзида,отасига берилади. Масалан, онаси боласининг соғлигига зарар бериши, болага қарашдан ожиз бўлиши, соғлиги кўтармаслиги каби сабаблар боланинг онасидан отасига олиб берилишига олиб келади. Бу ерда оналик ёки оталик туйғуларининг таъминотидан кўра, боланинг манфаатини эътиборга олиб қарор чиқарилиши зарур.

6-12 ёш мактаб ёшидаги болаларнинг валоятини белгилашда ёш яна муҳим ҳисоблансада, бу даврда фарзандга ҳавола қилинадиган моддий имконлар ҳам олдинги ўринларга чиқиб келади. Табиийки, бу пайтга келиб, фарзанд учун сифатли таълим, етук тарбия ва соғлом келажакни таъминлайдиган муҳит муҳим аҳамият касб эта бошлайди. Ажрим беришда судялар ота ёки онани танлаш асносида, албатта, мана шу омилни эътибордан қочирмасликлари ва мазкур шароитларни таъминлай оладиган вариантни танлашлари ўта долзарбдир. Айниқса, бу босқичдаги боланинг қарамоғи ҳақида сўз кетар экан, масалага ўз соҳасини яхши биладиган педагог-психологни жалб этиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз. Мутахассис педагог бола билан яқиндан суҳбатлашиб, унинг маънавий-руҳий ҳолатини ўрганади ҳамда унинг фикрларини тинглаб, танишади. Бу ҳолда, қарор қабул қилиш жараёнида боланинг шахсий қарашларидан ҳам фойдаланишимиз мумкин.

12 ва ундан катта ёш болалар учун ўзига хос етилиш давридир. Бу ёшга келиб, ҳар бир бола ўзича янги дунё, янги бир шахс бўлиб шакклана бошлайди. Айниқса, болаларнинг хоҳиш-истаклари куртак ота бошлаганини яққол кузатишимиз мумкин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Болалар ҳақ-ҳуқуқлари” битимига кўра, 12 ёшга тўлганидан бошлаб, боланинг ота ёки онанинг қарамоғида қолиш масаласида судялар уларнинг шахсий фикрларини тинглашлари шарт қилиб қўйилган.

Сўнгсўз ўрнида шуни таъкидлашимиз лозимки, фарзанднинг онадан олганларидан шаклланадиган сифатлари бўлгани каби, отадан олганлари ҳам жуда беқиёсдир. Халқимизда бир гап бор, она сени дунёга келтиради, ота эса шу дунёда яшашни ўргатади!

Она юмшоқлик, ҳалимлик, меҳрибонлик, мулойимлик, иффат ва ҳаё каби сифатларни шакллантирса, ота шижоат, жасорат, қаттиқ қўллик, ўзига ишонч каби сифатларга туртки бўлади.

Бу ўлчовлар умумий маънода, албатта. Нима ҳам дердик, фарзанд кимга берилгани маъқул?!

Онага берсак, бир томонлама ноқис, отага берсак, яна бир бошқа томонидан кемтик.

Ҳар икки ҳолда ҳам яна ютқизган ота-она, йўқотган яна бечора фарзанд бўлади. Худди, тайёрлаган таомимизнинг ё тузи ёки шакари кам бўлиб қолаётгандек…

Хўш, ажрашаётган ота-оналар, келинг шу саволга фарзандимизнинг ички дунёсидан туриб жавоб қидирамиз:

Фарзанд сеникими ёки меникими?!
Кел, яхшиси, “ФАРЗАНД – БИЗНИКИ” бўлақолсин!

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Нигора Усмонова

116350cookie-checkДинимизда фарзанд тарбияси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: