islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ақида мактаби асосчиси Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ

Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Аҳли сунна вал жамоанинг икки йирик ақидавий мактабидан бири Мотуридийлик йўналишининг асосчисидир. Имом 240/850 йилда туғилган. У “Имомул Ҳуда-Тўғри йўлга бошловчи”, “Аламатул ҳуда-Тўғри йўл байроқдори” ва “Имомул мутакаллимийн-Калом илми олимлари пешвоси” унвонлари билан танилган.

Баъзи тарихчилар уни машҳур саҳоба Абу Айюб Холид ибн Зайд Ансорий авлоди эканлигини айтадилар.

У муътазилалар билан баҳс-мунозара олиб бориб, Ўрта Осиёда ўша даврда кенг тарқалган бошқа адашган фирқаларга раддиялар берган. У адашган фирқаларнинг иддаоларидан Аҳли сунна вал жамоа ақидасини ҳимоя қилди.

Устозлари:

Имом Мотуридийнинг устозлари забардаст имомларга, Имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари Абу Юсуф Ансорий ва Муҳаммад Шайбонийларга бориб етади. Ва бошқа силсила орқали Имом Мотуридийнинг шайхи ақида илмини тўғридан-тўғри имом Абу Ҳанифадан олган. Шунинг учун имомнинг ақида усули Имом Абу Ҳанифа ёндошувларига асосланган. Имом Абу Ҳанифанинг ақидага оид китобидаги эътиқодий масалаларни ҳар томонлама ўрганиб, ўз замонаси талабларига биноан тушунтириб берди.

Имом Мотуридийнинг илм олишдаги силсиласи қуйидагича:

1-йўл: Имом Абу Мансур Мотуридий→ Абу Наср ал-Иёзий ва Абу Бакр Аҳмад Журжоний → Абу Сулаймон Журжоний → Имом Муҳаммад Шайбоний ва Қози Абу Юсуф → Имом Абу Ҳанифа → Ҳаммод ибн Абу Сулаймон – Имом Наҳаий → Алқама ибн Қайс → Абдуллоҳ ибн Масъуд.

2-йўл: Имом Абу Мансур Мотуридий → Нусайр ибн Яҳё Балхий ва Муҳаммад ибн Муқотил Розий → Ҳаким ибн Абдуллоҳ Балхий ва Абу Муқотил Ҳафс ибн Салом Самарқандий → Имом Ҳамбу Ҳама Абу Сулаймон → Иброҳим ан-Наҳаий → Алқама ибн Қайс → Абдуллоҳ ибн Масъуд.

Шайхлари:

  1. Абу Бакр Аҳмад Журжоний
  2. Муҳаммад ибн Муқотил Розий (248 ҳ. / 862 м.)
  3. Абу Наср Аҳмад бин Аббос ал-Иёзий (268 ҳ. / 881 м.)
  4. Нусайр ибн Яҳё Балхий (268 ҳ. / 881 м.)

Шогирдлари:

  1. Абул Қосим Ҳаким Самарқандий (342 ҳ. / 953 м.)
  2. Абу Бакр Муҳаммад ибн Наср ал-Иёд (361 ҳ. / 971 м.)
  3. Абу Аҳмад ибн Абу Наср ал-Иёзий
  4. Абу Муҳаммад ибн Мусо Паздавий (390 ҳ. / 1000 м.)
  5. Абул Лайс Бухорий (373 ҳ. / 984 м.)
  6. Абул Ҳасан Али ибн Саид Рустуғфаний (345 ҳ. / 956 м.)

Китоблари:

  1. Китобут Тавҳид.
  2. Ақидату Имоми Аби Мансур ал-Мотуридий (Шарҳ Тожуддин Субкийнинг “Сайфул ал-машъур фий Шарҳи Ақидати Аби Мансур” деб номланган китоби Истанбулда араб ва турк тилларида босилган. Китобнинг имомга тегишли эканлиги тўғрисида ихтилоф мавжуд)
  3. Ар-Радду ала аваилил адилла лил Каъбий
  4. Радду таҳзибил жадал лил Каъбий
  5. Радду ваъийдил фуссақ лил Каъбий
  6. Ар-Радду алал Қарамита
  7. Китабул жадал
  8. Баян ваҳмил Муътазила
  9. Таъвилатул Қуръон (Таъвилату Аҳли Сунна)
  10. Шарҳу Фиқҳил Акбар
  11. Маъхозуш шароиъ
  12. Радду китабил имоми ли Равафиза
  13. Китабул мақолат фил калом
  14. Радду усулил хомса ли Аби Муҳаммад Ал-Бахилий
  15. Рисала фил иман
  16. Рисала фима ла яжузул вақфу алаиҳи фил Қуръон
  17. Китабул усул

Олимлар томонидан Имом Мотуридий тўғрисида айтилган мақтовли сўзлар шунчалик кўпки, уларнинг ҳаммасини бу ерда санаб ўтишнинг иложи йўқ. Аслида, бу сўзларсиз ҳам Аҳли сунна вал жамоа имомларининг кўпчилиги унинг Ақида мактабига эргашиб, уни ўзларининг етакчиси сифатида танлаганликлари Имом Мотуридийни эътироф этиш учун етарли омил бўла олади.

(давоми бор…)

Тошкент шаҳар “Мўйи муборак” жоме масжиди
имом-хатиби Луқмон Аблақулов

116370cookie-checkАқида мактаби асосчиси Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: