Меҳрибон ва раҳмли бўлган Зот Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду-саноларимиз, суюклигимиз, икки олам Сарвари Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васалламга чексиз салоту-дурудларимиз бўлсин! Биз бу мақолада Набий соллалоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш мавзусини кенгроқ ёритишга ҳаракат қилдик. Меҳрибон Роббимиз Аллоҳ таолодан бу мақоламизни манфаатли қилишини, уни ёзиш жараёнида йўл қўйилган хато ва камчиликларни афв этиб, даргоҳида ҳусни мақбул айлашини ўтиниб қоламиз.
“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг”. (Аҳзоб сураси, 56-оят)
Аллоҳ таоло тарафидан бўлган саловот раҳматдир. Бандалар тарафидан бўлган саловот дуодир [1]. Фаришталар тарафидан бўлган саловот бу уларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учун у зотга лойиқ нарсани – Аллоҳ таолонинг раҳматини сўраб қиладиган дуоларидир. Шунда Аллоҳ таоло тарафидан бўлган раҳмат устига фаришталарнинг яна раҳмат сўрашлари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бериладиган раҳмат борлиқдаги барча нарсани қамраб оладиган раҳмат эканини келтириб чиқаради. Натижада Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айни раҳмат манбасига айландилар [2].
Фаришталар ва мўминларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишларининг ҳикмати ана шу иш билан шарафланишларидир. Чунки улар бу иш билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бандалар зиммасидаги баъзи ҳақларини адо этган бўладилар.
Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломга
саловот айтиш кайфияти
Аллоҳ азза ва жалла бизга бу саловотнинг кайфиятини Ўз Китобида баён қилиб бермади. Аллоҳ уни Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиллари орқали бизга баён қилиб берди. [3]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш кайфияти борасида бир неча ҳадислар ривоят қилинган. Биз бу ўринда бу ҳадисларнинг иккитасини келтириш билан кифояланамиз.
Амр ибн Сулайм Зуроқийдан ривоят қилинади: “Менга Абу Ҳумайд Саъийдий ўзининг Набий алайҳиссаломга шундай дегани хабарини берди: “Эй Аллоҳнинг Расули! Биз сизга қандай саловот айтамиз?” У зот: “Аллоҳумма солли ъалаа Муҳаммад ва азважиҳи ва зуррийятиҳи. Кама соллайта ъалаа али Иброҳима. Ва барик ъалаа Муҳаммад ва азважиҳи ва зуррийятиҳи. Кама барокта ъалаа али Иброҳима. Иннака Ҳамидум-Мажийд.” (Молик, Бухорий, Муслим ривояти).
(Маъноси: Аллоҳим, Муҳаммадга, у зотнинг аёлларига ва фарзандларига Иброҳимнинг оиласига саловот айтганингдек саловот айтгин. Ҳамда Муҳаммадга ва у зотнинг аёлларига ва зурриётларига Иброҳимнинг оиласига барака берганиндек барака бергин! Сен Ҳамийд (Барча мақтовлари ила мақталган) ва Мажийд (шон-шуҳрат ва қадри баланд ва чексиз) Зотсан.)
Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан ривоят қилинади: “Менга Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳу йўлиқди ва шундай деди: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган бир ҳадя (яъни ҳадис)ни сенга тортиқ қилайми?”. Мен: “Албатта”, дедим. У зот: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан савол сўраб, “Эй Аллоҳнинг Расули, сиз – аҳли байтга саловот айтиш қандай бўлади? Батаҳқиқ, Аллоҳ сизга қандай салом йўллашимизни ўргатди”, дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма солли ъалаа Муҳаммад ва ъалаа аали Муҳаммад. Кама соллайта ъалаа Иброҳима ва ъалаа аали Иброҳим. Иннака Ҳамидум-Мажийд. Аллоҳумма барик ъалаа Муҳаммад ва ъалаа аали Муҳаммад. Кама барокта ъалаа Иброҳима ва ъалаа аали Иброҳим. Иннака Ҳамидум-Мажийд, денглар”, дедилар.” (Муттафақун алайҳ фақат Имом Муслим икки ўриндаги “ъалаа Иброҳима” ни келтирмаган.)
Юқорида ўтган икки ва бундан бошқа ҳадислардаги “аали Муҳаммад” (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилалари) борасида уламолар турли хил фикрлар билдиришган. Улардан баъзилари “аали Муҳаммад”дан мурод закот олишлари ҳаром қилинган Бану Ҳошим ва Бану Мутталиб каби Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломнинг авлодлари”, дейишса, баъзилари “Ҳар бир тақводор банда ёки жамики уммат”, деганлар.[4]
Шунингдек, саловот айтиш борасида баъзи ҳадисларда хоссатан Иброҳим алайҳиссаломнинг зикрлари келишининг сабаби у зотнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари бўлганлигидир. Биз дин асослари Иброҳим алайҳиссаломга эргашишга буюрилганмиз.[5]
Саловот айтишнинг ҳукми
Абу Бакр Жассос ўзларининг “Аҳкомул Қуръон” деб номланган китобларида Аҳзоб сураси 56-оятнинг тафсирида қуйидаги сўзларни айтадилар: “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг” ояти Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш буйруғини ўз ичига олади. Бу буйруқнинг зоҳири вожибликни тақозо қилади. (Умрда бир марта) Саловот айтиш бизнинг наздимизда фарздир. Қачонки инсон намозда бўлсин, ё намоздан ташқарида бўлсин, саловот айтса, унинг фарзини адо этган бўлади.[6] Муҳаққиқ Ибн Ҳумом “Зодул-фақир”да айтадилар: “Далилнинг тақозоси шуки, умр мобайнида бир маротаба саловот айтиш фарздир. Ҳар гал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинганларида саловот айтиш вожибдир. Илло, мажлис бир бўлса, бундан мустасно. (Бу ҳолда) такрорланиш билан (саловот айтишни) такрор қилиш мустаҳабдир.”[7]
Намозда мутлоқ охирги қаъдада саловот айтиш суннатдир. Ҳудди шу каби равотиб бўлмаган нафл намозларнинг биринчи қаъдасида ва жаноза намозида ҳам суннатдир. [8]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш
мустаҳаб бўлган ўринлар
Уламолар саловот айтиш мустаҳаб бўлган бир неча ўринларни айтишган:
- Жума куни ва тунида, шанба, якшанба, пайшанба кунлари, бу уч куннинг ҳар бири ҳақида ҳадислар ворид бўлган.
- Тонгда, тунда, масжидга кирганда ва чиққанда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаламнинг муборак қабрларини зиёрат қилганда;
- Сафо ва Марвада, жума хутбаси ва бошқа хутбаларда;
- Муаззинга жавоб қайтаргандан кейин, иқомат пайтида;
- Дуонинг аввали, ўртаси ва охирида;
- Қунут дуосининг кетидан;
- Талбия айтишдан фориғ бўлганда;
- Кўришганда ва хайрлашганда,
- Таҳорат олдидан;
- Қулоқ шанғиллаганда;
- Бирор-бир нарсани унутганда;
- Ваъз қилиш ва илмни тарқатиш пайтида;
- Ҳадис ўқишнинг аввалида ва охирида;
- Савол ва фатво ёзиш вақтида;
- Китоб ёзувчи, дарс қилувчи, дарс берувчи, хутба қилувчига;
- Совчи, никоҳланувчи, никоҳлаб берувчилар учун.
- Ҳар бир муҳим иш олдидан; [9]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алaйҳи васалламга саловот айтиш
макруҳ бўлган ўринлар
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш етти ўринда макруҳ ҳисобланади:
- Жимоъ қилганда, қазои ҳожат вақтида;
- Товарни яхшилигини билдиришда
- Хато қилганда (ёки йиқилганда);
- Таажжубланганда;
- (Ҳайвон) Сўйганда;
- Аксирганда. Охирги учта ўрин борасида уламолар ихтилоф қилишган. Булар Шарҳуд-далоилда келган. Бизнинг наздимизда охирги уч масала борасида шариатда далил келган. Мен айтаманки: “Яна, қироат ёки хутба вақтларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини зикр қилса ёки эшитса, сукут сақлаш ва эшитиш вожиб бўлгани учун истисно қилинади (яъни, бу ҳолатларда ҳам саловот айтмайди). “Фатавои ҳиндийя” китобининг макруҳ амаллар бобида келади: “Агар қироат қилаётганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини эшитса, саловот айтиши вожиб бўлмайди”. Бу ишни Қуръондан фориғ бўлгандан кейин қилиши яхши иш экани “Янобиъ” китобида келган.
Агар Қуръон қироат қилса ва Набийнинг исмини ўқиса, ана шу вақтда тузулиши ва назмига риоя қилиб, Қуръон тиловатини давом эттириш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишдан афзалдир. Фориғ бўлиб, сўнгра саловот айтса, бу иши афзал ҳисобланади. Лекин саловот айтмаса гуноҳкор бўлмайди. “Мултақо” китобида шундай келган. Шунингдек, нафллардан бошқасида биринчи ташаҳҳудда у зотнинг исмлари зикр қилинсада, саловат айтиш суннат эмас балки, таҳримий макруҳ ҳисобланади.”[10]
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 1-курс талабаси
Мурод Музаффар ўғли
[1]Абу Бакр Жассос. Аҳкомул Қуръон 3-жуз. Байрут-Лубнон: “DKI”, 2013. Б-472.
[2] Қаранг: Аҳмад ибн Аҳмад Совий. Ҳошиятус-Совий, 3-жуз. Қоҳира-Миср: “Dorul hadis”, 2011. Б-316.
[3] Абу Жаъфар Таҳовий. Аҳкомул Қуръонул Карийм. 1-жуз. Байрут-Лубнон: “DKI”, 2012. Б-152.
[4] Мулла Алий Қорий. Мирқотул Мафотиҳ. 3-жуз. Байрут-Лубнон: “DKI”, 2001. Б-4
[5] Мулла Алий Қорий. Мирқотул Мафотиҳ. 3-жуз. Байрут-Лубнон: “DKI”, 2001. Б-3-4
[6] Абу Бакр Жассос. Аҳкомул Қуръон 3-жуз. Байрут-Лубнон: “DKI”, 2013. Б-484
[7] Ибн Обидин. Роддул муҳтор 2-жуз. Байрут-Лубнон: “DKI”, 2003. Б-288
[8] Ибн Обидин. Роддул муҳтор 2-жуз. Байрут-Лубнон: “DKI”, 2003. Б-230
[9] Ибн Обидин. Роддул муҳтор 2-жуз. Байрут-Лубнон: “DKI”, 2003. Б- 231
[10] Ибн Обидин. Роддул муҳтор 2-жуз. Байрут-Лубнон: “DKI”, 2003. Б- 231