islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қалбимиздаги ўчмас шам…

 Хотира ва Қадрлаш куни чинакам миллий – умумхалқ байрамига айланди. Хотира ва қадрлаш-инсоният ақл-заковатининг бетакрор маънавий неъматлари, тирикликнинг азалий мезонларидир. Ҳомийлик, саховат ва ҳиммат, меҳр ва мурувват фазилатлари хотира ва қадр тушунчалари билан ўзаро уйғунлик касб этади. Зеро, қалби саховатга, меҳр-муҳаббатга, шафқат-шафоатга тўла инсонларгина ўз тарихини, аждодларини доимо хотирлайди ва фидойи юртдошлари, ёруғ келажак йўлида меҳнат қилаётган кишиларнинг қадрига етади.

Хотира – бу эслаб қолиш, эсда сақлаш, кейинчалик ёдга олиш ва аввал идрок этилган, бошдан ўтказилган ёки бажарилган нарса ва ҳодисаларни таниб олиш билан боғлиқ ўтмишдаги тажрибаларни акс эттиради. Хотира руҳий ҳолатнинг асосий ва мураккаб қисмини ташкил этади. Маълумки, одам туғилган соатидан то сўнгги нафасигача доимий ташқи муҳитнинг таъсирида бўлади. Кузатишлардан олинган, ўқилган ва эшитилган маълумотлар ёки киши шоҳид бўлган ҳар хил ҳодисалар одамнинг онгида маълумот сифатида сақланиб қолади. Шу сақланиб қолган маълумотларнинг ҳаммаси хотира деб аталади.

Инсонга ҳар куни тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик керак. Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Тинчлик-хотиржамлик-тараққиёт гаровидир. Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади. 9 майни Хотира ва Қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди.

II жаҳон урушида Ўзбекистонимиздан 1 миллион 433 минг 230 нафар одам иштирок этди. 604 минг 52 нафар ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтди, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз эса қонли жангларда ҳалок бўлди.

Ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак. Ўзбекистон халқи ва давлати аввал-бошдан тинчлик-тотувлик тарафдори сифатида майдонга чиқди. Инсон бор экан, хотира – муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқ бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳеч бир кишини хотирасидан фориғ қилмайди. Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Қадр – инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олижаноблик бағишлайди.

Хотира ва Қадрлаш кунини муносиб нишонлашдан кўзлаган бош мақсадимиз – Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонларнинг, тинчликнинг қадрига етиш, урушни қоралаш, тинч-осойишта яшаётганимиз, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилишдан иборат. Бу ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни яшашга, яратишга, элу юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди. Ушбу кун инсон хотираси ва қадрига нисбатан адолатни тиклаган, асл ҳақиқатни ўзида мужассам этган муҳим тарихий санага айланди. Жангу жадалларда жон олиб, жон берган минглаб ўзбек ўғлонлари, фронт ортида тунни тонгга улаб меҳнат қилган, ризқу насибасини ўзгалар билан баҳам кўрган меҳри дарё ватандошларимиз матонати ва фидойиликлари ҳеч қачон унутилмайди.

Инсон, халқ, миллат тарихий хотира билан тирик, барҳаёт. Айниқса, ўтганларнинг хайрли ишларини ёдга олмоқ, қадрламоқ биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
Кечаги кун сабоқларини, халқимиз келажаги йўлида жонини фидо қилган инсонларни хотирлаш бугунги ва эртанги кунимизни қадрлашга ўргатади. Хотира бўлмас экан, Қадрлаш ҳам йўқ. Ушбу тушунчалар мустақиллик даври авлоди учун ўзига хос маънавий қадриятга айланди. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, буюк ғалабани буюк жасоратли инсонлар таъминлаган ва биз, миннатдор авлодлар бу фидойи юртдошларимизни доимо улуғлаймиз, уларнинг беқиёс матонати ва хотираси олдида ҳурмат билан бош эгамиз.

Хотира муқаддас, хотира азиз,
Аждодлар руҳини ёд этиб ҳар дам.
Авлодлар яшайди хотира билан,
Аждодлар ортидан бўлишиб бардам
Уларнинг номини кўтарар баланд.

Миллат чироғин ёқмоқлик учун,
Ҳар ким ҳар кун ёниб яшаши керак.
Номини мангуга битмоқлик учун,
Башарга кўп нафи тегиши керак.

Миллатнинг бугуни, кечаси билан.
Бардавом бўлади келажак, иқбол.
Халқим фахрланар аждодлар билан
Хотира мангудир ва у безавол.

Эй буюк миллатнинг, суюк дилбанди,
Аждодлар ёдини қалбингда сақла,
Ахир сен шу халқнинг етук фарзанди
Фарзандлик бурчингни муносиб оқла.

3-курс талабаси Ш.Мамарасулова

136340cookie-checkҚалбимиздаги ўчмас шам…

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: