Улар шайтоннинг ҳийласига учиб тақиқланган мевадан еб қўйишибди. Шайтон ўзининг ёвуз ниятига етибди. Одам ва Ҳавво қилган бу хато ишлари туфайли яланғоч ҳолга тушиб қолишибди. Дарров ўзларини жаннатдаги дарахтларнинг япроқлари
билан тўса бошлабдилар.
Шунда Роббилари уларга: “Сизларни ўша дарахтдан қайтарган эмасмидим ва: “Албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир«, – демаганмидим?!» – деб нидо қилди.(Аъроф сураси, 22-оят).
Шайтоннинг сўзига кириб, Аллоҳнинг буйруғини унутиб гуноҳ қилиб қўйганлари учун Одам ва Ҳаво жаннатдан чиқарилиб, ерга тушишга мажбур этилибдилар. Улар қилган гуноҳларига пушаймон бўлишибди. Аллоҳ таолога тавба қилиб, гуноҳларини кечиришини сўрабдилар ва Роббимиз уларнинг гуноҳларини кечирибди.
Ўша вақтдан буён мана шу яшаб турган еримизда инсонлар ҳаёт кечиришни бошлабди. Одам ва Ҳаво кўплаб фарзандлар кўришибди. Одам алайҳиссалом қариб вафот этибди.
Фаришталар унинг фарзандларига қандай дафн этишни ўргатибдилар. Фарзандлар Одам алайҳиссаломга ердан қабр қазиб, у ерга кўмибдилар ва унинг ҳаққига Аллоҳ таолодан раҳмат тилабдилар…
Қиссадан ҳисса шуки, асли тупроқ, яъни лойдан яратилган Одам болалари умр бўйи шу тупроқ юзида яшаб, бир кун келиб вафот этиб яна ўша тупроққа қайтар экан. Агар у ернинг устида яхши ишлар қилиб яшаган бўлса, Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, покиза юрса, намоз ўқиса, рўза тутса, ҳар бир кишига яхшилик қилса, ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмаса, ота-онасини рози қилса, вафот этиб ернинг остига тушганда Жаннат исмли энг ёқимли, ширин таомлари ва ичимликлари бор
бўлган энг гўзал манзарали боққа тушади. У ерда хоҳлаган нарсаларини еб-ичади ва доим роҳатланиб яшайди.Агар одамлар ярамас шайтоннинг сўзига кириб, ёмонлик қилсалар, вафот этгач Дўзах номли азоб ва қийноқлар кони, турли заҳарли илонлар макони бўлган энг ёмон ва бадбўй жойга тушиб, у ерда жазоланадилар. Ҳа, ана шунақа, болажонлар, бу дунёдан кейин яна бошқа дунё ҳам бор экан. У ерда ҳам сизу бизлар яшар эканмиз…