Дуо – раҳмат эшиги, инсон учун энг кўп манфаат келтирадиган ва зарарни энг кўп даф қиладиган сабаблардан бири, ҳамда ибодатларнинг муҳридир.
Аллоҳ таъоло Қуръони каримда: “Улардан кейин келганлар: Эй Раббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат (пайдо) қилмагин. Эй Роббимиз, албатта, Сен шафқатли ва меҳрибонсан, дерлар” (Ҳашр сураси 10-оят).
Аллоҳ азза ва жалла бу оятда мўминларни сифатлаб, улар ўзларини ва ўтган мўминларни ғойибдан дуо қилишларини айтмоқда.
Бошқа ояти каримада: “Эй Раббим, мени ва зурриётларимни намозни тўкис адо этадиганлардан қилгин. Эй Раббимиз, дуони қабул этгин. Эй Раббимиз, мени, ота-онамни ва мўминларни ҳисоб қилинадиган куни мағфират айлагин” (Иброҳим сураси 40-41-оятлар).
Бу оятларда Иброҳим алайҳиссалом ўзини ва келажакда келадиган зурриётлари ва ота-оналари ҳамда мўминларни дуо қилиганликлари зикр қилиниб, бизларга кимларнинг ҳақига дуо қилиш кераклиги таълим берилмоқда.
Муҳаммад сурасининг 19-оятида: “Бас, билгин: Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовар зот йўқ, ўзингнинг, мўминларнинг ва мўминаларнинг гуноҳлари мағфират қилинишини сўра”, деб марҳамат қилинади.
Аллоҳ таъло бу оятда пайғамбар саллалоҳу алайҳи вассалам ва сизу-бизни барча мўминларнинг хақига дуо қилишга буюрмоқда.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон киши ўз биродари учун ғойибдан қилган дуоси ижобатдир. Унинг бошида турган муаккал фаришта ҳар доим дўстининг хақига яхшилик билан дуо қилганда “Омийн, сенга ҳам шунча бўлсин!” дейди (Имом Муслим ривоят қилган).
Бировнинг орқасидан яхшилик тилаб қилинган дуо мақбул бўлади, чунки бу дуода риё, хўжакўрсин бўлмайди ва у ихлос ва муҳаббат ила тўлган бўлади. Ғойибдан яхши дуо қилувчининг ўзига ҳам ўша биродарига сўраган тилаклари етишади. Албатта дуонинг энг тез ижобат бўладигани ғойибнинг ғойибга қиладиган дуосидир. Имом Нававий айтадилар: “Ўтган баъзи солиҳ инсонлар ўзлари учун дуо қилмоқчи бўлсалар, ўз биродарини шу дуо билан дуо қилашарди. Албатта у дуоси ижобат бўлади ва ўзига ҳам биродарига сўраган тилакларича берилади”.
Дуонинг ижобат бўлмаслигини сабабларидан бири бошқа инсонларнинг ҳақларига дуо қилинмаслигидир.
Билдириладиган тилаклар ҳам Аллоҳ кўрсатмаси асосида бўлиши керак, маъсият устида қилинган тилаклар ҳеч қачон ижобат бўлмайди.
Азизлар, биз ҳам дуомизнинг ижобат бўлишини хоҳласак, кўпроқ мўминларнинг ҳақларига дуо қилишимиз керак бўлади.
Тошкент ислом институти «Тиллар» кафедраси
ўқитувчиси Абдуллаев Алишер
тайёрлади