Таяммум қилувчи киши айнан таҳорат учун ёки жунубликдан покланиш учун деб ният қилиши шарт эмас. Балки таҳорат билан адо этиш лозим бўлган бирорта ибодатни адо этиш нияти билан таяммум дуруст бўлаверади. Масалан: “намоз ўқиш учун таяммум қилишни ният қилдим”сингари. Шунга кўра бир киши дарс қилишни ният қилиб таяммум қилса, таяммум ҳисобланмайди. Чунки таяммум фақат таҳорат билан адо этиш лозим бўлган ибодат нияти билан дуруст бўлади.
2. Пок ер жинси.
Таяммум билан покланиш тўғри бўлиш шартларидан иккинчиси пок ер жинсига таяммум қилишдир. Ушбу шарт Қуръони каримда қуйидагича баён қилинган:
“Покиза тупроқ билан таяммум қилинглар”.
Ушбу оятда “покиза тупроқ” дея таржима қилинган صَعِيدًا طَيِّبًا калималари нимани ифодалаши ҳақида бир-биридан фарқли қарашлар айтилган. Шу сабабли айнан қайси нарсага таяммум қилиш лозимлиги тўғрисида уч хил қавл ривоят қилинган:
1. Имом Шофиъий раҳматуллоҳи айлайҳ: фақат унумдор тупроққа таяммум қилиш жоиз;
2. Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ: фақат тупроқ ва қумга таяммум қилиш жоиз. (Бу зотнинг наздларида тупроққа таяммум қилиш мазкур оят билан, қумга таяммум қилиш эса ҳадис билан собит бўлган ҳисобланади);
3. Имом Абу Ҳанифа ва имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимолар: Барча ер жинсларига таяммум қилиш жоиз.
Мана шу учинчи қавл бизнинг мазҳабимизда мўътабар ҳисобланади. Чунки оятда келган صَعِيدًا калимаси “ер юзаси” маъносини англатади. Шунга кўра, ер жинсидан бўладиган барча пок нарсаларга таяммум қилиш жоиз ҳисобланади. Ер жинсидан бўлган нарсалар деганда эса қуйидаги нарсалар кўзда тутилади:
1. Тупроқ;
2. Қум;
3. Шўрлаб кетган ер;
4. Оҳак;
5. Гипс;
6. Сурма;
7. Сурматош;
8. Зирнийх (Ҳидсиз рангсиз маъдан. Тиббиётда тери кассалликларини даволашда ишлатилади);
9. Олтингугурт;
10. Заж (Буёқда ишлатиладиган туз моддаси).
11. Кон тузи;
12. Дарахтлар, чунки одатда устиларида чанги бўлади;
13. Ўт-ўланлар, чунки буларнинг устиларида ҳам одатда чанг бўлади;
14. Кийимдаги ёки улов ўриндиғидаги чанг. Агар кийимда ё улов ўриндиғида мутлақо чанг бўлмаса, унга таяммум қилиб бўлмайди. Шунингдек кийимини силкитиб ҳавода тўзғиган чанг-ғуборга ҳам таяммум қилса бўлади. Чунки бунда ҳам аслида ер жинсига таяммум қилинган бўлади.
Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим