Ер жинсидан бўлмаган нарсаларга таяммум қилиб бўлмайди. Шунинг учун қуйидаги нарсаларга таяммум қилиб бўлмайди:
1. Ун;
2. Талқон;
3. Кул;
4. Сувли туз;
5. Мушк;
6. Шакар;
7. Анбар (хушбўй модда);
8. Заъфарон;
9. Кафур (хушбўй модда);
10. Хина;
11. Лой. Лой деганда унинг суюқ бўлиб турган пайти назарда тутилган. Аммо қотиб устига чанг ўтирадиган бўлса унга таяммум қилиш жоиз бўлиб қолади. Зеро юқоридаги нарсаларга ҳам агар чанг ўрнашадиган бўлса таяммум қилиш мумкин бўлиб қолади. Чунки бунда аслида ер жинсидан бўлган чангга таяммум қилинаётган бўлади.
– нажосат тегиб сўнгра қуриб нажосат асари кетган ерга ҳам таяммум қилиб бўлмайди. Чунки нажосатнинг асари кетгани сабабли тупроққа поклик ҳукми собит бўлса ҳам, покловчилик ҳукми собит бўлмайди. Таяммум қилинадиган тупроқда эса покловчилик сифати бўлиши шартдир.
– таяммум қилинган жой “мустаъмал” (истеъмол қилинган)га айланиб қолмаслиги сабабли таяммум қилинган жойга яна қайта таяммум қилиш жоиз бўлади. Чунки таяммумда зарба урилган жой эмас, масҳ қилганидан кейин қўлидан тушган тупроқлар “мустаъмал” саналади.
Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим