Бир киши бошқасидан ўн минг доллар қарз сўраб келса ва у қарзни шундоғича бериб юборишни хоҳламай, унинг ўрнига мана бу ўн минг долларлик машинамни ўн икки мингга ол ва пулини бир йилда қилиб берасан, деса бўладими? Машинани олган одам уни бозорга олиб бориб ўн мингга сотади ва пулни олиб ишлатади. Кейин муддат келганда сотувчига ўн икки минг олиб бориб беради.
Жавоб: Имомларимиздан имом Муҳаммад бундай савдо макруҳи таҳримий эканини ва ҳадиси шарифда бундан қайтарилганини айтган. У киши ушбу ишни рибога ҳийла сифатида кўрган. Лекин имом Абу Юсуф бу иш жоиз эканини айтади ва саҳобалар орасида ҳам бу жорий бўлганини таъкидлайди. Мазҳабимизнинг эътиборли уламоларидан бўлган аллома Ибн Ҳумом мазкур икки имомларимизнинг сўзлари икки ҳолатга оид эканини айтади. Имом Муҳаммад макруҳ деган ҳолат қуйидаги суратга тегишлидир. Қарз берувчи ўз нарсасини насияга қимматроққа сотса ва у олган одам у нарсани учинчи шахсга нақдга ўз қийматига сотса, кейин биринчи сотувчи учинчи шахсдан у нарсани ўз қийматига олса бу иш макруҳи таҳримийдир. Яъни нарса ўз эгасига қайтиб келадиган кўриниш ҳадисда қайтарилган ишга тушади. Бу фикрни катта машойихларимизда Фахруддин Қозихон ҳам такидлаган Лекин нарсани олган одам уни бозорга сотиб юборса ва биринчи эгасига қайтмаса макруҳлик юзага келмайди. Бу иш Ибн Ҳумом, Айний, Ибн Нужайм, “Наҳр” муаллифи Шурунбулолий, Муфтий Абу Сауд ва Ибн Обидийн (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин) ларнинг фикрига кўра макруҳ эмасдир. Лекин бу афзал ишни тарк қилишдир яъни қарз бергани афзалдир.
Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ бошқа уч мазҳабларда ҳам ҳукм шундай эканини айтади ва Ислом олами робитаси Фиқҳ академиясининг Маккаи мукаррамада бўлиб ўтган 15-даврасининг 5-қарорида ҳам айнан юқоридаги ҳукмларга мувофиқ қарор чиқарилганини таъкидлайди. Лекин Муҳаммад Тақий Усмоний умумий муассасалар, савдо ташкилотлари ва банклар орасида тузиладиган турли лойиҳаларни молиялаштириш ҳолатлари алоҳида кўриб чиқиладиган ишлар эканини ҳам эслатиб ўтган.
Юқорида ўтган фикрлардан шуни хулоса қилиш мумкинки, қарз бериш ўрнига ўзининг бирон нарсасини насияга қимматроқ нарх эвазига сотиш жоиз. Қарз олмоқчи бўлган одам ҳам уни олгандан кейин нақд пулга сотиб пулини ишлатиши ва муддат келганда олган нарсасининг пулини сотувчига бериши жоиз. Лекин ўртага учинчи одамни киритиб у орқали сотувчига нарсаси қайтиб келса бу иши макруҳи таҳримий ва қарз эвазига фойда олиш ҳисобланади. Лекин мол эгаларига қарзга муҳтож инсонларга қарзи ҳасана бериш, агар фойда олишни кўзласа қарз олувчи билан шариатга мувофиқ тарзда мушорака ёки музораба келишувини тузиш
афзалроқ ҳисобланар экан. Валлоҳу аълам.
ТИИ ўқитувчиси Ҳабибуллоҳ Абдулғаффор тайёрлади.
@habib_uz