Қуръони карим тиловати одоблари ҳақида Имом Ғаззолийнинг “Кимиёйи саодат” асаридаги баъзи маълумотларни келтиришни лозим топдик.
Бугун биз тарихий бир даврда – халқимиз тинч-осойишта ҳаёт кечираётган, авваламбор ўз куч ва имкониятларига таяниб, ўтган солиҳ аждодларининг улкан натижаларни қўлга киритган йўлларидан бораётган бир замонда яшамоқдамиз.
Халқимизнинг ўз дини юзасидан қилган асрий орзу-умидлари рўёбга чиқа бошлади. Муборак Ҳаж ва Умра ибодатларини ихтиёр этганлар учун кенг имкониятлар яратилди. Масжид ва Ислом билим юртлари кўпайтирилди. Диний адабиётлар нашри йўлга қўйилди. Энг асосийси, маънавиятимизни бойитиш учун барча шарт-шароитлар таъминланмоқда.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қуръони каримнинг инсон маънавиятидаги аҳамияти ҳақида сўзлаган нутқларида шундай жумлалар бор эди: “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффақият бўлади. Элимизга нур келади”, деб айтган эдилар.
Ана шу мутафаккирона сўзлардан илҳомланиб Қуръони карим тиловати бўйича мусобақалар ташкил этилди. Ислом билим юртлари қошида Қуръони карим тиловатини ўргатувчи курслар очилди. Қуръони каримнинг улуғ зотлар томонидан қилинган тафсирлари тўлиқ ёки қисман ўз она тилимизга таржима қилиниб, халқимизнинг маънавий савияси ошиши, айниқса, ёшларимизнинг иқболи учун хизмат қилмоқда.
Мўминлар учун раҳмат, мағфират ва савоблар кўпайтириб бериладиган Муборак Рамазон ойи жорий йил бутун Ислом оламида бўлгани каби юртимизда ҳам карантин шароитида ўтказилди. Манбаларда рамазони шариф ибодат ва Қуръон карим бошқа ойларга нисбатан кўпроқ тиловат қилинадиган ой сифатида эътироф этилади. Шу сабабли ушбу ойда Қуръони карим тиловати хонадонларда, оила аъзоларимиз даврасида бўлди. Муборак ой ниҳоясига етгач ҳам Қуръони карим тиловатидек буюк ибодатга янада маҳкамроқ бўлишимиз зарур. Бу борада эса, улуғларимизнинг Қуръони карим одоблари ва фазилатлари ҳақида ўзларининг асарларида битиб кетган қимматли сатрлари бизга илҳом бахш этса не ажаб?
Қуръони карим тиловати одоблари ҳақида Имом Ғаззолийнинг “Кимиёйи саодат” асаридаги баъзи маълумотларни келтиришни лозим топдик.
Маълумки Қуръон тиловат қилиш ҳамма ибодатларидан фозилроқдир. Хусусан, намозда туриб, қироат қилиш мўминнинг улуғ ажрларга эга бўлишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматларим қиладиган ибодатлардан фозилроғи Қуръон тиловат қилмоқдир. Яна бир ҳадис шариф мазмунида: “Кимга Ҳақ таоло Қуръон тиловат қилиш неъматини ато қилган бўлса, у киши бундан ҳам улуғ неъмат бор деса, катта хато қилган бўлади. Чунки Худо азза ва жалла улуғ билган нарсани кичик ҳисоблаган бўлади”, – дейилган.
Агар инсон ибодат ва тақводан узоқлашса унинг қалби занглаши (қорайиши) ҳақида мўътабар китобларда келтирилган. Бу ҳақда “Кимиёйи саодат” асарида ҳам муаллиф ушбу ҳадисни келтирган: “Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Темир занглагани каби, инсон қалбига ҳам занг ўтиради” – дедилар. Саҳобалар сўрадилар: Эй Расулуллоҳ, у зангни нима билан кетказиш мумкин?”. Шунда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон ўқиш ва ўлимни эслаш билан” – деб жавоб берган эканлар. Ҳадиснинг давомида Ғаззолий яна қуйидаги ҳадисни баён қилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизларга иккита сўзлагувчи (воиз) қўйиб кетдим, улардан бири Қуръон каримдир, яна бири ўлимдир, улар сизларга ҳамиша панду насиҳат берур” – дедилар. Албатта киши Қуръон ўқишни ўрганган бўлса, унинг даражаси улуғдир.
Имом Ғаззолий Қуръон тиловат қилувчининг одобларига тўхталиб, уларнинг зоҳирийлари олтита эканини ўз асарида қуйидагича келтиради:
Биринчи одоб – Қуръонни таҳоратли ҳолда, ҳудди намозда турган каби қиблага қараб ҳурмат ва тавозеъ билан ўқиш. Ҳазрат Али розиаллоҳу анҳу: “Киши Қуръонни намозда туриб ўқиса, ҳар ҳарфига юз ҳасана, ўтириб ўқиса, эллик ҳасана, агар таҳорат билан ўқиса йигирма беш ҳасана битилади. Агар таҳоратсиз ўқиса ўн ҳасана битилади (динимиз аҳкомларига кўра, таҳоратсиз ҳолда фақат ёддан ўқишга рухсат берилган).
Иккинчи одоб – оҳиста, тажвид ва тартилга риоя қилиб ўқиш.
Учинчи одоб – қироат вақтида қалб ором олиши (яъни, йиғлаш).
Тўртинчи одоб – Ҳар бир оятнинг ҳаққини адо этиш. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тиловат вақтида азоб оятига етсалар Аллоҳдан паноҳ сўрар эдилар. Муъминлар учун раҳмат хабар берилган оятга етсалар дуо қилар эдилар.
Бешинчи одоб – тиловат қилувчининг кўнглида риё эҳтимоли бўлса ёки яқин жойда намоз ўқиётган кишига халақит берадиган бўлса, оҳиста тиловат қилиш. Чунки Қуръонни оҳиста ўқишнинг савоби жаҳр ўқишдан зиёдароқ бўлади. Ҳудди садақани махфий берганга ўхшаш. Агар кўнгли риёдан узоқ бўлса, овозни чиқариб ўқиш ҳам яхшидир. Чунки эшитувчилар ҳам савоб оладилар. Шу ўринда яна бир ривоят:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Абу Бакр Сиддиқ розиаллоҳу анҳуни оҳиста қироат қилаётганларини кўриб, сабабини сўраганларида у зот махфий ибодатларни ҳам кўра олувчи (Аллоҳ) учун тиловат қилаётганларини айтган эканлар.
Яна бир куни ҳазрати Умар розиаллоҳу анҳуни баланд овоз билан қироат қилаётганларини кўриб, сабабини сўраганларида у зот “ухлаганларни уйғотиш ва шайтонни қувиш учун”, деб жавоб берган эканлар. Шунда сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам “иккингиз ҳам яхши қилибсиз”, – деган эканлар. Зеро, икковиларнинг ҳам ниятлари холис эди.
Олтинчи одоб – тиловат қилувчи агар намоздан ташқарида қироат қилса, Қуръонга қараб ўқисин. Чунки Қуръонга қараб ўқишнинг хосияти кўпдир. Мўътабар китоблардаги ривоятларда келишича, Қуръонга қараб қилинган бир хатм ёд ўқиб қилинган еттита хатм билан баробар эканлиги айтилган.
Айтиш мумкинки, Ислом оламида яшаб ижод қилган ҳар бир мутафаккирнинг ахлоқ-одоб борасидаги Қуръон ва Суннатга тегишли ўгитлари ҳам эътиборлидир. Айниқса, имом Ғаззолийнинг Қуръон тиловати борасидаги насиҳатлари қироат қилувчилар ва уни эшитувчилар учун муҳим аҳамият касб этади.
Зикрулло Маҳкамов
Имом Бухорий номидаги
Тошкент Ислом институти
махсус сиртқи бўлими битирувчиси