islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

МУЗОРАБАНИНГ ТЎҒРИ БЎЛИШ ШАРТЛАРИ

Музораба бу бир томоннинг пул капитали ва иккинчи томоннинг эса ўз қобилияти, маҳорат ва меҳнатини ишлатиб ҳалол фойда топиш ҳамда уни олдиндан келишилган нисбатларда тақсимлаш мақсадида тузилган ўзаро ҳамкорлик (ақди) шартномасидир.
Демак, музораба бир шартнома бўлса, унинг шартлари мавжуд бўлишини тақозо қилади. Зеро, шартнома фақатгина шартлар асосида юзага келади:

Биринчидан, сармоя тижорий товарлар ёки савдо моллари бўлмай, балки нақд пул бўлиши шартдир. Шофеъийлардан бошқа фуқаҳоларнинг жумҳури музорабани савдо моллари билан қўшиб қилишни ҳам жоиз дейишган. Бунда музораба шартномасини тузиш пайтида ўша савдо молларининг қиймати чиқарилиб, шу қиймат музорабанинг сармояси деб эътибор қилинади;

Иккинчидан, шартнома пайтида сармоянинг миқдори токи фойда эгаларига тақсимлангунга қадар маълум бўлишлиги шартдир. Агар сармоя номаълум бўлса, сармоядан ортган фойдани аниқлаб бўлмай қолади.

Учинчидан сармоя зиммадаги муомала ва ишчининг қўлига олиш имкони йўқ ғоиб маблағ бўлмай, балки муайян қўлдаги маблағ бўлишлиги шарт. Ишчи зиммасидаги қарздан уни эгасига топширмагунча қутила олмайди. Ишчи амалда қарзни ҳақдорнинг рухсати билан қарздордан олса, уни музорабанинг сармояси қилишлиги жоиздир. Худди шунингдек омонатни ҳам қўлига олгач, музорабанинг сармоясига айлантириши мумкин.

Тўртинчидан, жумҳур фуқаҳоларнинг қарашларига кўра, сармояни ишчининг қўлига тижорат тақозосига кўра ишлата оладиган тарзда топширишлиги шартдир. Ҳанбалийлар, сармоянинг эгасида туриши ва эҳтиёжга қараб уни ишчига бўлак-бўлак бериши жоиз, чунки музораба шартномаси молни топшириш эмас, балки уни мутлақ тасарруф қилишни тақозо этади, дейишади.

Бешинчидан, икки тараф шартномада фойданинг оз ёки кўп бўлишидан қатъий назар ярим ёки учдан бир каби маълум нисбатда тақсимлашга келишиб олишлари шартдир. Бу фойдадаги шерикчиликнинг асосида бўлади. Аммо зиён ёлғиз сармоя эгасининг зиммасида бўлиб, ишчига эса ундан бирор нарса юклатилмайди. Чунки зиён сармоянинг нуқсонга учрашидир. Сармоянинг эгаси эса сармоядордир. Шунга кўра сармоядор ишчига сармоя билан қўшиб маълум маблағни ёки молдан муайян фоизни бериш шартини қўйиши жоиз эмасдир. Лекин ишчи сармоя эгасига сармоянинг ўзидан фойдалар ҳисобига кўра маълум нисбатда бериб туриши жоиз бўлади.

Олтинчидан, фойда миқдорининг маълум бўлиши ҳам шартдир. Чунки шартнома шунинг устига қурилади. Фойданинг номаълумлиги шартномани фосид қилади. Шу билан бирга ҳар икки тарафнинг насибаси келишилган ҳолда бўлакларга бўлинадиган бўлиши ҳам шартдир. Чунки шартноманиг тақозоси фойдадаги шерикликдир. Икки тарафнинг бирини қуйиб, иккинчисига аниқ ёки муайян миқдорни белгилаб қўйиш жоиз эмас. Чунки бунда фойдадаги шерикчилик асоси йўққа чиқади. Лекин сармоядор ишчи билан муайян нисбатдаги фойдадан зиёда бўлса, ушбу зиёда ишчининг ўзига бўлишини келишиши мумкин. Мисол учун юздан ўн фоиз фойда белгиланган бўлиб, ишчи юздан ўн беш фоиз фойда кўрса, ортган ушбу беш фоизни ишчига беришни келишишлари жоиздир. Чунки бунда ишчини ўз ишига рағбатини орттириш кўпроқ фойда олишга ундаш бор. Шунга кўра музораба шартномасида ислом банки ва тадбиркорнинг ҳиссаси, ортган ҳиссанинг баёни ва музораба жараёнидаги фойда миқдорини билиб бориш кабилар ҳам белгилаб қўйилиши керак.

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Эрқулов Халилуллоҳ

146370cookie-checkМУЗОРАБАНИНГ ТЎҒРИ БЎЛИШ ШАРТЛАРИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: