Сўнг Аллоҳ таоло Солиҳ алайҳиссаломга: “Эй Солиҳ, сен қавмингга хабар бериб қуйгин – бу туяга ёмонлик қилмасинлар! У туя Аллоҳнинг туяси дегин! Оддий туя эмас, унга ёмонлик қилманглар деб айтгин!“деб буюрди. Шунда Солиҳ алайҳиссалом қавмига айтдики: “Эй қавмим! Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Сизга Раббингиздан ҳужжат келди. Аллоҳнинг мана бу туяси сизларга белгидир. Уни Аллоҳнинг ерида тек қўйинглар. Унга ёмонлик етказманглар. Яна сизни аламли азоб тутмасин-а!“ (Аъроф сураси, 73-оят).
Самуд қавмининг бир сув қудиғи бор эди. Шу қудуқдаги сувни бир кун Самуд қавми, кейинги кун эса ўша, тошни ичидан чиққан, Аллоҳнинг туяси ичарди. Яъни шундай навбат билан ичишга келишув бўлган эди. Лекин улар туянинг гали келганда сувсиз, чанқоқ қолишмас эди. Улар туя сув ичгани келганда уни соғиб олишарди.
Туянинг сути шунчалик кўп эдики, уларнинг ҳаммасига етарди. Шу тариқа, келишув асосида, ҳаёт давом этарди. Аммо шайтон Самуд қавмини йўлдан урди. Улардан энг жоҳилларини шайтон
туяни ўлдиришга васваса қила бошлади. Мана шу жоҳил, нодон кимсалар тўққиз киши эди. Уларнинг ҳаммалари Аллоҳнинг пайғамбари Солиҳ алайҳиссаломни ёмон кўришар, қалбларини Солиҳ алайҳиссаломга бўлган адоват, нафрат қурт каби кемирар эди. Шайтоннинг васвасасига учиб, қавмининг қолган кофирлари билан келишиб уларга мўъжиза қилиб тошнинг ичидан чиқарилган, Аллоҳнинг туясини ўлдиришга тил бириктирдилар.
Уларнинг ичида энг жохили Қадор ибн Солиф уларнинг бошлиғи эди. Кунларнинг бирида кофирлар кенг майдонда тўпланиб туянинг ўтишини кута бошладилар. Туя уларнинг олдига етиб келганда кофирлардан бири унга қарата ўқ узди. (Ўқ туянинг оёғига тегиб, уни йиқитди.
Шунда уларнинг бошлиғи, шайтоннинг малайи бўлмиш Қадор ибн Солиф югуриб бориб қиличи билан туяни чопиб ўлдирди. Шундан сўнг Аллоҳни ғазаби келиб Солиҳ алайҳиссаломга ваҳий қилди: “Эй Солиҳ, қавмингни туяга тегмасликларини, агар тегишса, мени ғазабим келиб, уларга аламли азобимни юборишимни айтиб уларни огохлантирган эдим. Улар туяни ўлдиришди. Қавмингга уч кундан кейин азоб келади“, деб у кишини огоҳлантирди.
Бу хабарни Солиҳ алайҳиссалом қавмига етказдилар. Улар қалбларидаги ҳасад, адоват, нафрат сабабли Солиҳ алайҳиссаломни пайғамбар деб тан олгилари келмасада, лекин у зотни тўғри сўз эканликларига, у киши хабарини берган ҳар қандай ҳодиса содир бўлишини жуда яхши билишарди. Солиҳ алайҳиссалом: “Уч кундан кейин сизларга азоб келар экан!“ деб хабар берганларида улар у зотга ишондилар.
Мана шу уч кунни ўтишини кутиб яшадилар. Уч кун ўтгач, тўртинчи куннинг тонгида, кофирлар ҳаммалари азобни кутиб ташқарига чиқиб тўпландилар. Улар ваҳимага тушган, юзлари қўрқувдан қорайиб кетганди.Кўп вақт ўтмай уларга осмондан қаттиқ, даҳшатли қичқириқ овози эшитилиб жуда кучли зилзила бўлди. Натижада, уларнинг ҳаммаларининг жонлари узилди ва жасадлари жонсиз ҳолда қотиб қолди, турган жойларида ҳалок бўлдилар.
Лекин шунчалик даҳшатли зилзила бўлишига қарамасдан Аллоҳ тало Солиҳ алайҳиссалом ва у кишига иймон келтирган мўминларни ўз паноҳида сақлаб қолди. Ҳа, Аллоҳ таоло ҳар нарсага қодир Зотдир. Ерни қимирлатадиган ҳам, осмондан азоб туширадиган ҳам Аллоҳнинг Ўзидир. У хоҳласа бир азобни айримларга зарарли, қолганларга эса зарарсиз қилиб туширишга ҳам қодир Зот эканини биз Солиҳ алайҳиссалом ва унинг қавми мисолида кўриб чиқдик. Кофирларни ер билан яксон қилди, мўминларни эса соғ-омон сақлаб қолди.