«Сизлардан бирортангиз ўз нафси ҳақида сўрамоқчи бўлса, фақат Қуръондан сўрасин. Агар у Қуръонни севса ва ундан ҳайратга тушса, демак, у Аллоҳ ва унинг расулини севаркан. Бордию Қуръонни ёқтирмаса, демак, у Аллоҳ ва Унинг расулини севмас экан».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Жаброил ва Микоил алайҳимассалом олдимга келишди. Жаброил ўнг тарафимга, Микоил чап тарафимга ўтирди”.
Шунда Жаброил алайҳиссалом: Қуръонни бир ҳарфда қироат қил! – деди. Микоил эса: Ундан зиёда қилишини сўра, ундан зиёда қилишини сўра – деди. Ниҳоят, етти ҳарфга етди. Ҳамма ҳарф шофий ва кофийдир. Насоий ривоят қилган.
Бу маънодаги ҳадислар мутавотир даражасига етган. Бунга бутун ислом уммати иттифоқ қилган. Шу мутавотир қироатлардан бири машҳур имом Абдуллоҳ ибн Касир маккий қироат йўлларидир.
У киши аслида Абдуллоҳ ибн Касир ибн Амр ибн Абдуллоҳ ибн Розон ибн Ферузон ибн Ҳармон бўлганлар. Кунялари эса Абу Маъбад Киноний маккий Дорий бўлган. У кишини мавлолари Амр ибн Алқама Киноний бўлган. Ибн Касир ҳижрий 45-йилда туғилганлар. Сахобаларнинг кўплари билан, жумладан, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абу Айюб Ансорий, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳум кабилар билан учрашдилар.
Ибн Касир асли форс миллатига мансуб бўлган. Ибн Касирнинг замонларида яшаган инсонлар у кишининг илмли ва фазилатли киши бўлганларини таъкидлайдилар. Ибн Уяйна роҳимаҳуллоҳ айтадиларки: Маккада Ҳумайд ибн Қайс ва Абдуллоҳ ибн Касирдан кўра қорироқ бирорта одам бўлмаган. Ҳаммод ибн Салама: Мен Абу Амр ибн Аъло Абдуллоҳ ибн Касирнинг шогирди бўлганини кўрдим, дедилар. Дорий Айюб ва ибн Журайждан эса Абдуллоҳ ибн Касир ишончли киши бўлганларининг ривояти келган. Журайж ибн Ҳозим эса: Абдуллоҳ ибн Касир Қуръонда ўта фасоҳатли киши эканини кўрдим, деганлар.
Қироат илмига тегишли нодир манбалардан ҳисобланган, Нубайл ибн Муҳаммад Иброҳимнинг қаламларига мансуб бўлган Илмул қироат: нашатуҳу, атваруҳу, асаруҳу фил улумиш шаръийя китобида шундай баён қилинади: Абдуллоҳ қироат илми бўйича маккалик имомлардан бўлган ва у етти қироат имомининг бири ҳисобланади. Ибн Касир Абдуллоҳ ибн Соиб Махзумий, Мужоҳид, Ибн Аббоснинг мавлоси Дарбосларнинг шогирди бўлган.
Ибн Касир қироат илмини ўрганишга киришди ва Қуръон зобти бўйича Макка аҳлининг имомига айланди. У кишининг шогирдлари: Абу Амр ибн Аъло, Шибла ибн Аббод, Маъруф ибн Мушкан, Исмоил ибн Абдуллоҳ Қистонтий ва бошқалар.
Хулқий сифатлари: у киши фасоҳатли, балоғатли, ажойиб нотиқ эдилар. Сакинат ва виқорли, араб тили олими эдилар. Ибн Касир токи вафотларигача Макка шаҳрида қироатларни жамлаган имом бўлганлар.
Халқий (яратилиш, тузилиш) сифатлари: узун жуссали, терилари буғдойранг, икки кўзлари мовий, соқоллари оқ эди. Соқолларини хина билан бўяб юрардилар. Асмаий айтадиларки, мен Абу Амр Басрийга: “Ибн Касирда ўқиганмисиз?” дедим. У “Ҳа, ибн Касирни тугатдим, ундан кейин Мужоҳиднинг қироатида ўқидим ва билдимки, ибн Касир араб тили бўйича Мужоҳиддан илмлироқ экан”, деди.
Абдуллоҳ ибн Соиб Умар ибн Хаттоб ва Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳумолардан қироатни ўрганган, икки саҳоба эса табиийки Пайғамбаримиз Мухаммад соллаллоу алайҳи васалламнинг қироатларини ўрганишганди.
Шогирдлари: Ибн Касир ал-Маккий рохимаҳуллоҳдан Исмоил ибн Абдуллоҳ ал-Қист, Исмоил ибн Муслим, Жарир ибн Ҳозим, Ҳорис ибн Қодама, Ҳаммод ибн Салама, Ҳаммод ибн Зайд, Холид ибн Қосим, Холил ибн Аҳмад, Сулаймон ибн Муғийра, Шибла ибн Аббод ва унинг ўғли Садақа ибн Абдуллоҳ ибн Касир, Толҳа ибн Амр, Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Зайд, Абдулмалик ибн Журайж, Али ибн Ҳакам, Исо ибн Умар Сақофий, Қосим ибн Абдулвоҳид, Қузоа ибн Сувайд роҳимаҳуллоҳлар каби қироат билимдонлари таълим олганлар.
Ибн Касирнинг вафотлари: У киши ҳижрий 120-санада Маккада вафот этганлар. Суфён ибн Уяйна айтадилар: “Мен ибн Касир Дорийнинг жанозасига ҳижрий 120-йилда бордим”.
Ибн Мужоҳид айтади: “Ибн Касирнинг қироатида иккита ровий бор: Қунбул ва Баззий. Имом Баззий қироат борасида нур сочиш, чароғбонликда энг олдинги сафдаги имом эдилар”.
Юқорида ӯтган Абдуллоҳ ибн Масуъднинг сӯзлари Каломуллоҳни севиб, уни ӯрганиб сӯнгра то вафотларигача бу шарафли йӯлда умр кечирган барча қориларимизга қарата айтилган десак ҳам муболаға қилмаган бӯламиз
Аллоҳ таоло барча замонларда Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун бандалари ичидан Ўзи истаган кишиларни танлаб олиб, уларнинг қалбига Қуръон муҳаббатини, Қуръон ишқини солиб, тилларини унга бурро қилиб қўйди ва дилларига Қуръон ўқитиш шавқини бахш этди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бундай буюк инсонлар Ислом уммати ичида ҳеч қачон узилиб қолмади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу шарафли ишга ибн Касир Маккийдек бир қатор қориларни танлаб олди. Натижада, дунёда мисли кўрилмаган ажойиб бир занжир, муборак бир силсила вужудга келди. Ушбу муборак силсиланинг ҳар бир ҳалқаси ўзгача бир олам бўлди. Улардан Аллоҳ таоло ўзи рози бўлсин!
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Саййидаълохон Саййидакмалхон ӯғли