islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тарих ва бугун

Ироқда уч ўсмир «Айнут Тамр» черковида масиҳийликни тарқатиш мақсадида Инжил ўрганарди.

Бирини Сийрин, иккинчисини Ясор ва учинчисини эса Насир деб чақиришарди.

Аллоҳ таоло Ироқни Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг қўли ила фатҳ қилгач, бу уч қаҳрамонимизни Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу черковдан олди ва ўзи билан Мадинага олиб кетди.

Улар мусулмон бўлишди ва уч фарзанд кўришди.
Сийрин ўғлининг номини Муҳаммад қўйди. У Ислом тарихида ўта қадрли алломалардан, тобеъийларнинг имомларидан, тафсир, ҳадис ва фиқҳ пешволаридан бири Муҳаммад ибн Сийрин бўлиб етишди.
Ясор ўғлига Исҳоқ деб исм қўйди. Исҳоқ ҳам ўғил кўрди ва ўғлини Муҳаммад деб номлади.
Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Ясор тарих билимдони бўлиб етишди ва Ислом тарихидаги машҳур асарлардан бири «Мағозий»нинг муаллифи бўлди.
Насир ўғлига Мусо деб исм қўйди. Мусо ибн Насир мусулмон фотиҳларидан, машҳур қўмондонлардан бири бўлиб етишди.

Инсон қадрининг нақадар буюк эканини саҳобалар теран англашган эди. Шунинг учун ҳам улар одам ўлдиришни эмас, балки уни тарбия қилишни зарурий масала деб билишган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айрим саҳобалар билан ўтирганларида уларга: «Орзу қилинглар!»-, деди.
Шунда улар қимматбаҳо нарсалар ҳақида гапиришди, Аллоҳ йўлига шу молларни сарфласак, дейишди.
Орзу қилиш навбати Умарга келганда: «Қанийди, бир уй тўла Абу Убайда ибн Жарроҳ, Муоз ибн Жабал, Солим мавло Абу Ҳузофа ва Ҳузайфа ибн Ямон каби инсонлар бўлса, уларни Аллоҳ йўлида хизмат қилдирсам эди!», – деди.

Ҳа, улар инсон қадрини жуда яхши билишган, ҳатто ғайридинларни тарбиялаб, уларнинг авлодидан ҳам ўта қадрли инсонлар етиштира олишган.
Ҳа, улар дунёни тирик бебаҳоларга, етук кадрларга тўлдиришган эди.

Аммо бугунги такфирчи-хаворижлар, инсон зотига нафрат уруғини сочувчи ҳашавийлар эса ўлим шиорини қурол қилишиб, Ислом номи билан ҳатто мусулмонларни қатлиом этишиб, ўликлар устига нафрат давлатини қурмоқчи бўлишяпти.
• Ўликлар давлати!
•Ҳақиқий Ислом ва унинг қаҳрамонларини бугунги ақли заиф шошқалоқлардан сўраманг, уларга қиёс қилманг!
• Тарихни ўқинг ва бугунга солиштиринг!
•Шунда Исломнинг инқироз эмас, балки тараққиёт манбаи эканини, бу дин ўликлар дини эмас, балки тириклар дини эканини, бу манҳаж нафрат тарқатувчи манҳаж эмас, балки муҳаббат улашувчи манҳаж эканини кўрасиз.

ТИИ матбуот котиби

Аброр Мухтор Алий

Имом Ҳоким «Мустадрок»да ривоят қилган

148230cookie-checkТарих ва бугун

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: