Ислом динида инсон манфаатлари ҳақида сўз борар экан, инсон – энг аввало дунёдаги барча мавжудотлар унга беминнат хизмат қилиш учун яратилган мукаррам зот сифатида қаралади. Зеро, ислом шариати инсон учун лозим бўлган маънавий ва моддий манфаатлар уйғунлигини ўзида мужассам этган таълимотдир.
Шариат мақсадлари дейилганда унинг барча ишлариларида эътиборга олинган эзгу маъно ва хайрли мақсадлар ёки Аллоҳ таоло томонидан ҳар бир ҳукмда яширган ҳикмат ва асрорлар тушунилади. Бугунги кунга келиб шариат мақсадлари усулу-л-фиқҳдан ажралган алоҳида фан сифатида ўрганилади. Шариат мақсадлари алоҳида фан бўлиб шаклланишида уч босқични босиб ўтганини кўриш мумкин[1, 3-б].
- Юзага келиш. Бу босқичда уламолар усулу-л-фиқҳга оид китобларда шариат мақсадлари билан боғлиқ бир неча мавзу ва масалалар санаб ўтганлар. Жумладан, Имому-л-Ҳарамайн Жувайний (ваф 1086 й.) “ал-Бурҳон”, Абу Ҳомид Ғаззолий (ваф 1112 й.) “ал-Мустасфо” асарларида айни мавзуда алоҳида боб очишган[2, 327-б].
- Алоҳида фан сифатида ажралиб чиқиш. Бу босқичда шариат мақсадларига оид таянч истилоҳлар ва умумий қоидалар шаклланди. Уларни биринчилардан бўлиб Иззуддин ибн Абдуссалом (ваф 1242 й.) “Қоваид ал-кубро” ва “Қоваид ас-суғро” номли асарларида шарҳлаб, асослаб берди. Моликий уламолардан Шиҳобуддин Қарофий (ваф 1285 й.) эса, ўзининг бир неча асарлари орқали Иззуддин ибн Абдуссалом ишларини давом эттирди, айрим қўшимча ва тузатишлар киритди[3, 4-б].
- Мустақил фан сифатида шаклланиш. Бу босқичда мазкур фаннинг мавзулари ва масалалари ёритиб берилиб, тартиб берилди. Унинг баҳслари таҳқиқ қилиниб, қоидалари умумий асосларга келтирилди. Мазкур ишларни имом Шотибий (ваф. 1388 й.) “ал-Мувофақот” асарида муваффақиятли амалга ошириб, айрим тадқиқотчилар фикрига кўра “шариат мақсадлари” илмининг асосчиси бўлди[1, 18-б]. Шотибий бу масалага алоҳида эътибор қаратганининг сабаби бор. У моликий мазҳабида бўлиб, бу мазҳабда шаръий ҳукмлар манбаларидан бири бўлган “масолиҳул мурсала (инсон манфаатлари)”нинг асоси “шариат мақсадлари” тамойили ҳисобланади[1, 19-б].
Давоми бор…
Боқиев Комилхон Умархонович,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси