islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Самарқанддан Бухорийнинг издошлари чиқадими?

Кейинги йилларда юртимизда исломий билим даргоҳлари сони кўпайиб қолди. Улар орасида ўтган йили ташкил этилган, Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида жойлашган “Ҳадис илми мактаби”нинг борлиги ҳам қувонарли ҳол. Боиси Имом Бухорий каби илмда денгиз бўлган боболаримизнинг илмий меросини ўрганиш, уларни халқимиз, айниқса, ёшларимизга етказиб бериш долзарб масала саналади. Чунки “фалонийларнинг авлодимиз”, “ота-боболаримиз улуғ олимлар бўлган” деб қуруқ кўкрак кериб юриш билан бирор ижобий натижага эришиш мушкул.

“Ҳадис илми мактаби”нинг ташкил этилиши, ўқув жараёни ва бошқа муҳим жиҳатлари ҳақида маълумот олиш мақсадида мазкур мактабнинг ўқитувчиси Зиёвуддин қори Бегмуҳаммадга айрим саволлар билан юзландик…

Зиёвуддин Бегмуҳаммад (Бегматов) – 1986 йили Тошкент вилояти Пискент шаҳарчасида зиёли оилада туғилган. 2012 йили Тошкент Ислом институтининг Таҳфизул Қуръон кафедрасида 30 пора Каломи шарифни ёд олган. 2014 – 2017 йиллари Тошкент вилояти Бўка туманидаги “Валиғунт” масжидида имом-хатиб, 2017 – 2018 йиллари “Қақнус медиа” нашриётида таржимон, 2017 – 2018 ўқув йилида Тошкент Ислом институти Ҳадис ва Ислом тарихи кафедраси ўқитувчиси бўлиб ишлаган. 2019 йилдан Самарқанддаги Ҳадис илми мактабида дарс бериб келмоқда.

– Зиёвуддин қори ака! Ҳадис мактабининг ташкил бўлиши, мақсад ва вазифалари нималардан иборат? Мазкур мактабнинг диний билим юртларидан фарқи борми?

– Бизнинг “Ҳадис илми мактаби”миз “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги 896-сон қарори асосида ташкил этилган.

Мазкур олий таълим даргоҳини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад имом Бухорий, Термизий, Доримий, Ибн Ҳиббон каби буюк муҳаддис бобокалонларимиз асос солиб кетган ҳадисшунослик мактабларини қайта тирилтириш, ҳадис ва ҳадис илмларини чуқур ўзлаштирган, халқаро миқёсда Ўзбекистоннинг диний-маърифий салоҳиятини кўрсата оладиган, турли адашган тоифаларга илмий асосланган жавоблар бера оладиган мутахассис кадрлар тайёрлашдан иборат.

Мактабимизнинг бошқа олий диний таълим муассасаларидан ажратиб турадиган энг муҳим жиҳат, бу – исломий илмларнинг маълум соҳасига йўналтирилгани ва бу борада нуфузли халқаро Ислом университетлари стандартларига жавоб берадиган таълим дастуридир. Ана шу таълим дастурини тўла ўзлаштириш мақсадида таълим давомийлиги 5 йил қилиб белгилангани мактабимизнинг яна бир ўзига хослиги дейиш мумкин.

– Бугунги кунда “Ҳадис илми мактаби”да қанча талаба таҳсил олади, кимлар қабул қилинади? Битирувчилар келажакда қаерларда фаолият юритадилар?

– 2019 – 2020 ўқув йилида мактабимиз ўзининг илк талабаларини қабул қилди ва уларнинг сони 12 нафарни ташкил қилади. Бизнинг таълим даргоҳимизга ўрта махсус Ислом билим юртларини тамомлаган (ҳозирча фақат) Ўзбекистон Республикаси фуқоролари қабул қилинади.

“Ҳадис илми мактаби” битирувчилари кейинчалик турдош таълим муассасаларида магистратура босқичида таълим олишлари, юртимиздаги диний таълим муассаларида ҳадис ва ҳадисга алоқадор фанлардан дарс беришлари, мамлакатимиздаги масжидларда имом-хатиб, имом ноиби лавозимларида фаолият юритишлари ёки турли тадқиқот марказларида илмий фаолият билан шуғулланишлари мумкин.

– Устозлар жамоаси қандай шаклланган? Хориждаги уламолар билан ҳам онлайн дарслар йўлга қўйилганми?

– “Ҳадис илми мактаби” профессор-ўқитувчилари жамоаси асосан Мисрнинг дунёга машҳур “Ал-Азҳар” Ислом университетидан ҳамда илгари Тошкент Ислом институти “Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари” кафедрасида дарс берган профессор-ўқитувчилар ҳисобига шакллантирилган.

“Ҳадис илми мактаби” дунёнинг бир қанча нуфузли Ислом университетлари билан илмий ҳамкорликни йўлга қўйган. Мактабимизнинг энг яқин ҳамкори, албатта, Мисрнинг “Ал-Азҳар” университетидир. Шундан келиб чиққан ҳолда “Ал-Азҳар” уламолари билан турли мавзуларда видео конференс шаклида илмий анжуманлар ўтказиб келинмоқда.

– Дарс бериш услуби қанақа? Бошқа ўқув юртларидан фарқи борми?

– “Ҳадис илми мактаби” энг сўнгги педогогик техника ва воситалар билан жиҳозланган. Ҳар бир авдитория мултимедия ускуналари ва таълимни сифатли олиб бориш учун керакли бошқа бошқа воситалар билан тўла таъминланган. Таълим жараёни замонавий интерактив усулларда олиб борилади.

Шу билан бирга мактабимиз таълим жараёнида “Устоз-шогирд” анъанасига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ҳар бир асар тўла ўқиб тугатилгач, устозлар тарафидан ижоза берилиши назарда тутилган.

– Хорижий таълим муассалари билан алоқалар йўлга қўйилганми?

– Албатта, юқорида айтиб ўтганимдек, таълим муассасамизнинг энг яқин ҳамкори Мисрнинг Ал-Азҳар университетидир. Мазкур илм даргоҳи билан яқин алоқаларимиз мавжуд. Бундан ташқари Покистон Ислом Республикасининг энг нуфузли “Дорул улум” Ислом университети билан ўзаро меморандумлар имзоланган.

Қолаверса, Миср, Туркия, Англя, Россия, Иордания, Покистон, Ҳиндистон ва бошқа давлатларнинг нуфузли таълим муассалари профессор-ўқитувчиларидан таълим режаси ва унга киритилган дарсликлар рўйхати борасида тақриз ҳамда мулоҳазалар олинган, таълим дастури уларга ҳам маъқул келган.

Шуни мамнуният билан билдиришни истардимки, жорий йилнинг март ойида Азҳар мажмуъаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб жаноблари бизнинг мактабни зиёрат қилиш жараёнида таълим дастури ва ўқув жараёни билан яқиндан танишди ва ўз ҳайратини яшира олмади. Зиёрат асносида Мисрда ҳам шу шаклда янги таълим муассасаси ташкил этиш кераклигини алоҳида таъкидлади.

– Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”лари қўлёзмаси замонамизгача етиб келганми?

– Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”ни ўзлари ёзганлари маълум. Аммо айнан у зот ўз қўллари билан таълиф этилган нусха ҳозирда мавжудми ёки йўқ, бу менга номаълум. Мазкур масалада Қўлёзмалар институти мутахассисларидан маълумот олган яхшироқ, менимча.

– “Саҳиҳ” китобларидаги хилма хилликлар қандай ечилади? Масалан, айрим масалаларда келган ҳадислар мазҳаб ҳукмларига тўғри келмайди…

– Маълумки, муҳаддис уламолар ўз асарларига ҳадисларни киргазишда маълум шартларни қўйишган. Муҳаддислар султони имом Бухорий, Имом Муслим, Ибн Ҳиббон, Ибн Хузайма каби бир қатор олимлар ўз асарларига фақат саҳиҳ ҳадисларнигина киритишни мақсад қилганлар ва ўз ижтиҳодларига кўра саҳиҳ деб топган ҳадисларинигина асарга киритганлар.

“Сунан”, “Муснад” ва бошқа турдаги асарларда ҳам муаллифлар ўзига хос шартлар қўйишган. Бу ерда улар ҳақида тўхталиш кўпроқ вақт олади.

Шу нарсани алоҳида таъкидлашни истардимки, ҳадисга саҳиҳ ёки заиф деб ҳукм бериш ижтиҳодий иш бўлиб, айрим муҳаддис наздида саҳиҳ бўлган ҳадис бошқа наздида заиф бўлиши мумкин. Чунки ҳар бир жамоанинг ҳадисни қабул қилиш ёки рад этишда ўзига хос қоидалар, дастурлар ва шартлар мавжуд.

Тўпламларида келтирилган ҳадислар тўлалигича маълум фиқҳий мазҳаб қоидаларига мос бўлмаганлиги сабабли, ундаги ҳамма ҳадис ҳам бир мазҳаб қарашларини ифодалайвермайди.

Масалан, “Сунани Термизий”да келтирилган бирор ҳадис ҳанафий уламолари тарафидан қабул қилинмаган бўлса, улар ўзлари бу масалада бундан-да кўра саҳиҳроқ деб ҳисоблашган бошқа ҳадисга ёки оятга таянишган бўлади, Шундай вазиятда мазҳаб уламолари нима учун ўша ҳадисни олмаганларининг сабаби баён этилади ва қабул қилишган ҳадислари қайси жиҳатдан бундан қувватли экани аниқ тушунтириб берилади.

– “Саҳиҳ”нинг машҳур шарҳлари бор, уларни ўзбек тилига таржима қилиш борасида бирор иш қилиняптими?

– Агар саҳиҳ деганда “Саҳиҳи Бухорий”ни назарда тутган бўлсангиз, ҳа. Юртимизнинг бир неча уламолари тарафидан Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”ларига битилган шарҳларни таржима қилишга ҳаракатлар бошланган. Аллоҳнинг изни ила бу асарлар яқин фусатларда халқимиз қўлига етиб борса ажаб эмас.

Агар саволингиздаги “Саҳиҳ”ни сўзидан умумий тарзда “ҳадис тўпламлари”ни назарда тутган бўлсангиз, унга ҳам ҳа, деб жавоб бера оламан. Зеро, юқорида айтганимдек, “Бухорий”нинг шарҳлари таржима жараёни бошланган. Ундан ташқари юртимизнинг бир қанча олимлари тарафида ҳанафий мазҳабининг ҳадисдан далиллари жамланган “Эълоус сунан” асарининг ҳам катта қисми таржима қилиб бўлинган. Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, ҳадис фани ўқитувчиси сифатида мазкур асар таржимасига камина ходимингизнинг ҳам кичик ҳиссаси қўшилган.

Бундан ташқари “Ҳадис илми мактаби” профессор-ўқитувчилари тарафидан ҳам бу борада бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Насиб қилса, халқимиз дуолари билан кўмак бериб туришса, яқин фурсатларда мазкур ишларни уларга тақдим этиш истагидамиз.

– Қори ака, қилинаётган ишлардан бохабар бўлдик, бундан албатта хурсандмиз. Аммо имом Бухорий каби аждодларимизнинг бебаҳо мерослари ҳалиям китоблар қатида, мадрасалар хоналарида қолиб кетмаяптими? Яъни халқимизга, ёшларимизга етиб бориши борасидаги ишлар суст, десак, бунга нима дейсиз? Масалан, мактабларда Имом Бухорий сабоқлари деган махсус дарслар қўйиб, ёшларимизга одоб, ахлоқ тўғрисидаги таълимотларни етказсак, бунинг нимаси ёмон? Ҳатто алоҳида ТВ ёки радио ташкил этилса ҳам нур устига нур бўлмайдими?

– Албатта, Аллоҳ шукр қилган бандалари учун неъматларини янада зиёда қилади. Аллоҳ насиб қилса, бу борадаги ишлар янада кенг кўлам олишидан умидвормиз.

Тўғриси, ҳаммамиз “Имом Бухорийларнинг авлодимиз, Термизий бизнинг бобомиз”, деб кўкрак керамиз-у, оддий халқни қўя туринг, унча мунча зиёли қатлам кишиларидан ҳам “Имом Бухорий ким эди, у зотнинг қандай асарлари бор?” каби саволларга “У киши ҳадисшунос бўлган, Бухорoда туғилган,“Саҳиҳ” асари бор”дан бошқа жавоб ололмайсиз. Ёшларимиз эса хорижлик эстрада юлдузи ёки футбол ўйинчисини таниганичалик боболаримизни, ўзлигимизни билмаслиги одамни ғамга чўмдиради.

Айтиб ўтганингиздек, Бухорийлар, Термизийлар, Насафийлар ва бошқа дунё илм-фан тамаддунига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг илмий меросини ўрганиш ва халқимизга етказиш ишлари кўнгил тўлар даражада эмас. Бу борада имом-хатиблар, илмий тадқиқотчилар ва зиёлий қатламнинг аждодларимиз ҳамда жамиятимиз олдида қилишимиз керак бўлган ишлар бир талай.

Имом Бухорий асарларини алоҳида ўқитишга келсак, охирги йилларда бу борада бир қанча ишлар амалга оширилди. “Тошкент Ислом институти”, Бухородаги “Мир Араб олий мадрасаси” ҳамда бизнинг мактабимизда “Сунани Термизий” ва “Саҳиҳи Бухорий” асарлари дарслик тарзида тўла ўқитилиши йўлга қўйилди.

Аммо уларни мактаб дастурига киритишга келсак, “Виждон эркинлиги ва дини ташкилотлар” тўғрисидаги қонунда мактаб ёшидаги болаларга диний таълим бериш назарда тутилмаган. “Бухорий сабоқлари” номи остида алоҳида курслар, факультатив соатлар ташкил қилишга келсак, бу Халқ таълими вазирлиги ихтиёри ва ваколатидаги иш бўлиб, диний соҳа вакиллари улардан ташаббус бўлганда ҳамкорлик қилишлари мумкин, холос. Имом Бухорийнинг китобларини ўқиган ёшлар албатта тарбияли, одобли, ватанпарвар бўлиб етишади. Агар Халқ таълими вазирлигидан бу масалада бирор таклиф бўлса, биз бажону дил ҳамкорлик қилишга ва қўлимиздан келганча ёрдам беришга тайёрмиз.

Бу борада муайян ишлар амалга оширилиб келмоқда. Бироқ уларнинг сони камдек, назаримда. Агар аждодларимиз асарларини ўрганадиган теле ва радио дастурлар янада кўпайтирилса албатта яхши. Теле ва радио авдиторияси катта бўлгани сабабли бу иш миллий ва диний меросимизни халқимизга етказишда катта ёрдам бўлар эди.

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Аллоҳ илмингизни, хизматларингизни зиёда қилсин. Илоҳим, ўқувчиларингиз орасидан Имом Бухорий бобомиз каби динга қувват бўладиган аҳли илмлар етишиб чиқсин…

Суҳбатдош Абдулазиз Муборак

159700cookie-checkСамарқанддан Бухорийнинг издошлари чиқадими?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: