islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Озиқ-овқат ва дори-дармонлар таркибидаги желатин ҳукми

Желатин баъзи ҳайвонларнинг тери ёки суягидан олинувчи ва дори-дармон ёхуд айрим озиқ-овқат маҳсулотлари таркибига қўшилувчи суюқликдир. Агар желатин гўшти ейиладиган ва ҳалол тариқада сўйилган ҳайвонлардан олинган бўлса унинг истеъмолида ҳеч қандай муаммо йўқ. Лекин бугунги кунда аксар ҳолларда дори-дармон ёки озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги желатин қорамоллардан яъни аслида гўшти ҳалол ҳайвонлардан олинади. Бироқ улар шаръан ҳалол қилувчи тариқада сўйилмаган бўлади. Ушбу ҳолатда шариат ҳукми қуйидагича бўлади. Агар желатин мазкур ҳайвонларнинг суягидан олинган бўлса у пок ҳисобланади. Агар желатин уларнинг терисидан олинган бўлса баъзи замондош фуқаҳоларнинг фикрига кўра у ҳалол ҳисобланади. Унинг фикрига кўра тери маълум кимёвий амалиётлар сабабли моҳиятан бошқа нарсаларга айланиб кетади. Бошқа нарсага айланиши билан у пок бўлади. Лекин бу хусусда Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ қуйидагиларни айтади:

“Мен заводлардан бирига кириб ушбу амалиётга гувоҳ бўлдим. Ушбу амалиёт билан терининг бошқа нарсага айлангани борасида менда аниқ ишонч ҳосил бўлмади. Тўғри, ушбу амалиёт сабабли маълум миқдорда кимёвий ўзгаришлар юзага келади. Лекин у бир нарсани тўлиқ бошқа нарсага айлантира олмайди. Бунга шу далилки, гўшт пиширилганда ҳам маълум даражада кимёвий ўзгаришлар юзага келади, лекин ҳеч ким гўшт пишиш билан моҳиятан бошқа нарсага айланди, демайди. Агар ундай десак ҳар қандай ҳаром гўшт пишириш орқали ҳалол бўлиб кетарди. Ушбу соҳа мутахассисларидан бирининг айтишича, желатин олиш жараёнида териларни моҳиятан бошқа нарсага айлантирмайди. У териларни тозалаш ва суюқликка айлантириш жараёнидир. Нарсаларни суюқликка айлантириб қўйиш унинг моҳиятини ўзгартириш ҳисобланмайди. Шунинг учун менга шу вақтгача унинг бошқа нарсага айланиб кетиши борасида аниқ ишонч ҳосил бўлмади. Лекин ушбу амалиётга гувоҳ бўлиш ва мутахассисларга мурожаат қилиш орқали менга аниқ бўлган нарса шуки, ушбу жараёнда териларни ошлаш ҳосил бўлади…
Ушбу иш устида тадқиқот олиб борган дўстларимдан бири фиқҳ ва кимё илмлари мутахассиси шайх Сарафроз Муҳаммад хулосасига кўра ҳам мазкур амалиёт (фиқҳ эътиборидан) териларни ошлаш ҳисобланади, унда терининг бошқа нарсага айланиши юз бермайди. Ҳалол тариқада сўйилмаган ҳайвоннинг суяги пок бўлгани учун ҳамда унинг териси ҳам ошлаш билан пок бўлиши эътиборидан улардан олинган желатин пок бўлади. Ҳанафийлар иттифоқига кўра емоқдан бошқа нарсалар учун истеъмол қилиш жоиз. Аммо ҳанафийлардаги фатво берилган сўзга кўра уни ейиш жоиз эмас. Лекин ҳанафийларда ҳам, шофеъийларда ҳам уни ейиш жоизлиги борасида баъзи қавллар мавжуд. Шу қавлларга амал қилган ҳолда (агар у чўчқа ёки унинг суягидан олинмаган бўлса) зарурат учун желатиндан олинган капсулаларни даволаниш учун истеъмол қилиш жоиздир. Аммо даволанишдан бошқа мақсадда ейиш ва тановул қилиш, мадомики унинг бошқа нарсага айлангани исботини топмаган экан, жоиз эмасдир. Ундан сақланиш лозимдир. Уларнинг олди-сотдисига келсак чўчқадан бошқа ҳайвонлардан олинган желатинлар савдоси жоиздир.”

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Савдолар фиқҳи” китоби асосида ТИИ ўқитувчиси Ҳабибуллоҳ Абдулғаффор тайёрлади.

162350cookie-checkОзиқ-овқат ва дори-дармонлар таркибидаги желатин ҳукми

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: