Ҳаж Ислом арконларидан бири бўлган улуғ ибодат ҳисобланади. Ҳаж ибодати ҳижрий тўққизинчи сананинг охирларида қуйидаги оят билан фарз қилинган:
“Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурчдир” (Оли Имрон сураси, 97-оят).
Ушбу оятда келган буйруққа кўра, қодир бўлган мусулмон учун умрида бир марта ҳаж қилиши фарз ҳисобланади.
Ҳаж ибодатининг кўплаб умумий ва шахсий фойдалари бор:
Умумий фойдалари:
1. Турли миллат вакиллари бўлган мусулмонларнинг бир-бирлари билан кўришишларига сабаб бўлади;
2. Ер юзининг қайси жойида яшашларидан қатъий назар барча мусулмонлар бир мақсад йўлида яшаётган оға-инилар эканини ҳис қилишларига сабаб бўлади;
3. Ҳидоят нури таралган маконда Аллоҳ таолонинг буйруғини адо этиш учун жамланган мусулмонларнинг ўзлари билган, билмаган кўплаб манфаатларга эга бўлишларига сабаб бўлади.
Шахсий фойдалари:
1. Сағира (кичик) гуноҳлари кечирилишига сабаб бўлади;
2. Маъсиятлардан покланишга сабаб бўлади;
3. Сабр-тоқатга, қийинчилигу машаққатларни кўтаришга ўргатади;
4. Мол ва офият неъматларининг шукронасини адо этишга сабаб бўлади;
5. Ислом тарихини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромларнинг Ислом шиорларини таратиш йўлидаги фидокорона хатти-ҳаракатларини ўзгача файз билан ёдга солади;
Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим