islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Карантин буткул бекор қилиниши керакми?

Янги коронавирус ҳам грипп вируслари каби буткул йўқолиб кетмасдан ҳаётимизнинг бир бўлагига айланиб қолиши тиббиётчилар тарафидан бот-бот такрорланмоқда. Ҳар бир инсон ҳаёти давомида бир марта бўлса ҳам унга йўлиқиши муқаррарлиги айтилмоқда. Демак, коронавирусга чалинмаслик амри маҳол.

У ҳолда бутун дунёда нима учун бунча тайёргарликлар, карантинлар, чекловлар, ижтимоий масофа талаби, маска талаби кетяпти, дерсиз.

Гап шундаки, “Sars-CoV-2” яъни “COVID-19” хасталигини чақирувчи янги коронавирусни инсон организми ҳозирча ўзига ёт нарса сифатида қабул қиляпти. Инсоннинг иммун тизими ушбу хатарли вирусни ҳануз идентификация қилиб, унга қарши қалқон тайёрлаб улгурмади. Шундай экан, организмимиз мазкур вирус билан бутунлай “танишиб олгунга” қадар эҳтиёт чораларини унутмаслик ўта муҳим аҳамият касб этади.

Боз устига бу касалликка қарши ҳали мукаммал вакцина яратилмади. 2021 йилнинг биринчи ярмидан сўнг оммавий равишда чиқариш режалаштирилаётган вакцина ҳам ўта шошилинч тайёрланаётганлиги учун у қадар мукаммал бўла олмайди. Кучли вакцина тайёр бўлиши учун бир неча йил лозим бўлади.

Ҳозир ушбу вирус билан уруш ҳолатимиз. Ҳар бир инсон ўзига жавобгар. Ҳамма ўзини имкон қадар эҳтиёт қилса, жамоат жойларда ниқобда бўлса, гигиена қоидаларига риоя қилса, шунча яхши. Бу вақтдан ютишга ёрдам беради.

Баъзи тиббиётчилар оммавий иммунитет ҳақида сўз очяптилар. Яъни, карантинларни бекор қилиб, касалликни ўз ҳолига қўйиб бериш. Бу жуда хато фикр. Чунки, касалликни ундан ҳимояланмасдан ўз оқимига қўйиб қўйсак унга тайёргарлигимиз ҳам шунга мос бўлиши керак.

Бунинг учун “COVID-19” хасталарини бемалол қабул қиладиган даражада касалхоналарни кўпайтириб қўйиш керак. Дори-дармон бемалол ва ҳамёнбоп нархларда аптекаларда бўлишини таъминлаш зарур. Шунингдек, врачлар ҳам етарли даражада бўлиши лозим. Акс ҳолда касалхоналарга бош урувчи хасталар оқимига қарши ҳеч қандай тўғон туриб беролмайди.

Карантин, ижтимоий масофа ва гигиена қоидаларининг муҳимлиги ҳам шунда. Зотан шу ҳолатда ҳам касаллик тинмай тарқаляпти. Агар очиб юборилса ундан бир неча баробар шиддат билан тарқалади. Кейин эплаб бўлмай қолади.

Кўпчилик Туркия, Малайзия, Европа, Америка ва бошқа қатор давлатларда карантин тўхтатилгани ҳақида тинмай гапириб, Ўзбекистонда ҳам карантинни зудлик билан тўхтатиш лозимлигини таъкидламоқдалар.

Юқоридаги давлат фуқаролари ва яшовчиларининг менталитети, тиббий саводхонлиги, ижтимоий масофаларга риоя қилиши ва ижтимоий маданияти биздан катта фарқ қилади. Улар ўз соғлиги ва ўзгалар соғлигини ўйлаб биров айтмаса ҳам касал бўлса, ниқоб тақиб кўчага чиқади.

Бизда ҳам бор шундай инсонлар. Аммо, жуда кам. Янги коронавирус пандемиясидан анча олдин ҳам ўзимизда шамоллаб қолган бўлса ва кўчага чиқиш зарур бўлса, албатта, тиббий ниқоб таққан ҳолда чиқиб, одамлардан имкон қадар ўзини иҳоталайдиган инсонлар бор эди.

Лекин, халқимизнинг аксарияти ҳатто аниқ бўлган хатарли касаллик одамлар ичида ундан-бунга юқиб, изғиб юрганини била туриб, бугуннинг талабларига бўйсунмаяптилар. Ҳар куни шу ҳолатга гувоҳмиз.

Оддий мисол кеча автобус бекатларига жойлаштирилган кичикроқ бир дўконга кириб, нарса харид қилиш учун ярим соат ташқарида кутиб қолдим. Ичкарида бир аёл учта боласи билан кириб олган ва шошилмасдан, сотувчи билан гап сотиб, харид қиляпти. Унинг чиқишини кутиб турибман, масофа сақлаш учун. Бир пайт мен эшик олдида турганимни кўриб туриб, бир одам кириб кетди. Кейин яна бири келди. Ундан кейин яна бир машина тўхтаб, ундан икки киши тушиб, ўша тиқилинч бўлиб қолган дўконга кириб кетишди. Бирортаси маскани тўғри-дуруст тақмаган.

Биз пандемия даврида ҳаммаёқда огоҳлантиришлар бўлиб турган ва уларни эшитмаслик амри маҳол бўлган ҳолатда оддий навбат кутиш маданиятини билмаяпмиз. Ўзганинг ҳаққини танимаяпмиз. Аҳволимиз шундай бўлгач, кўпайиб кетадида касаллик.

Мен нима демоқчиман?!.. Одамларимиз бугуннинг қонун-қоидаларини жиддийга олмаяптилар. Шу охирги бир ой ичида кўплаб танишларимиз ва қариндошларимизни ерга бердик. Аллоҳ таоло раҳмат қилсин. Одамларнинг кўпи тест топшириш ҳам бир иш бўлганлиги учун ковид бўлганлигини билишга ҳам улгурмасдан ҳаёт билан видолашмоқда.

Аллоҳга таваккул қилишдан олдин сабабларни ҳам ишга солиш керак. Касалликка қарши курашишнинг энг осон йўли ундан ҳимояланишдир.

Масаланинг яна бир томони муаммони тўғри йўл билан жиловлашдан иборат. Агар шер ёки йўлбарс одамлар орасига тушиб қолса, ўта хавфли. Аммо, қафасга солинса, ортиқ хавфлилиги қолмайди. Коронавирус эпидемияси ҳам худди шунга ўхшайди. У қафасдан чиқиб кетган. Ва йўлида учраган кимсани жароҳатлаб, тилка-пора қилишда давом этяпти. Аммо, ҳеч ким уни жиловлаш ва қафасга солиш ҳақида ўйламаяпти.

Туркия коронавирус эпидемияси устидан худди шу йўсинда ғалаба қилди, десак бўлади. Уни буткул назоратга ола билди. Шунинг учун ҳам карантин бўшаштирилди. Энди, бир кунда мингта одам коронавирусга йўлиқса ҳам ортиқ бу хавф туғдирмаяпти. Чунки, вазият назорат остида.

Ҳар куни дейликки, икки мингта фуқарода коронавирус аниқланди. Ўша заҳоти уларга тегишли ёрдам кўрстилади. Муолажа бошланади. Ва умумий статистикага киритилади. Яъни, ҳамма нарса назоратда.

Ҳамонки, ҳолат шундай экан, бир кунда нечта одам коронавирусга чалинаётганлигининг бирор аҳамияти ва хавфи қолмайди. Ва шу тариқа давом этиб, ҳолат яхшиликка эврилади.

Энди қачонки, назорат остига олинмаётган ҳолатлар кўпайиб кетаётган бўлса ва бирорта ташкилот аслида шаҳарда тахминан бўлса ҳам қанча одам ушбу касалликка чалинаётганлигини билмаса мана бу муаммо ҳисобланади. Чунки, йўлбарс жиловланмаган, қафасга солинмаган ва қаерда юрганини ҳеч ким билмайди.

Ривожланган давлатлар мазкур йўлбарсга жуда катта ва кенг бўлса ҳам қафас ясаб бера олдилар. У қафас қанчалик кенг ва катта бўлмасин, зарари йўқ. Етарки, назорат остида бўлсин.

Карантин менинг ҳам жонимга теккан бўлса-да, аммо, коронавирус қиёфасидаги йўлбарсни тутиб қафасга солишдан олдин уни бекор қилиш яна бир карантинга муҳтож қилиб қўйиши мумкин бизларни.

Хўш, уни жиловлаш учун нима қилиш керак.

1. Биринчи ўринда коронавирусга тест топшириш ўта осонлаштириб қўйилиши керак. Мисол учун ҳар бир поликлиникада шу шароитни муҳайё қилиш зарур. Ва бу нисбатан арзон нархда бўлиши лозим. Акс ҳолда кўпчилик 200 минг 300 минг сўмга қанча рўзғор қилса бўлади, деган баҳона билан касал бўлиб турса ҳам тест топширмайдилар. Ва ўзларича даволаниб юраверадилар. Бу ҳолатда улар яна қанча одамга юқтирадилар, Аллоҳ билади.

2. Статистика имкон қадар аниқлик билан олиб борилиши зарур. Чунки, муаммонинг кўламини билсаккина у билан қандай муомала қилишни биламиз.

3. Ковид шубҳалиларини қабул қиладиган касалхоналар сони яна ҳам кўпайтирилиши керак.

4. Ва ниҳоят ҳар бир инсон пандемия шароитида риоя қилиш лозим бўлган қоидаларга беписандлик қилмаслиги ҳам ўта муҳим.

Билмайман, қандай қилиб кўр-кўрона таваккал қилиш, эҳтиётсизлик, қоидаларга беписандлик ва лоқайдлик ёмон нарса эканлиги ва бундай хатти-ҳаракатлар тўғридан-тўғри ўзгаларга зулм бўлаётганлигини ватандошларимизга тушунтириш мумкин?!..

То, организмимиз янги коронавирус билан чиқишиб кетгунча, иммунитет ҳосил бўлгунча ва мукаммал вакцина ишлаб чиқилгунча ўзимизни имкон қадар эҳтиёт қилиб турсак, иншоаллоҳ ҳаммаси яхшилик билан тугайди.

Карантин абадий бўлолмайди. Аммо, пандемия тобора заифлашиб борган ҳолда яна бир-икки йилга чўзилиши мумкин. Шундай экан, энг яхши чора шахсий гигиена, ижтимоий масофа ва “ўз уйингни ўзинг сақла”га амал қилиш. Яъни, эҳтиёткорлик чораларига эринмасдан амал қилиш. Уларга беписандлик қилмаслик. Унутманг, сизнинг бепарволигингиз ўзгаларга қимматга тушиши ҳатто, ҳаётига зомин бўлиши мумкин.

ТИИ ўқитувчиси

Алишер Сўлтонхўжаев

168900cookie-checkКарантин буткул бекор қилиниши керакми?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: