islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-5

Мутавотирнинг қисмлари. Ҳанафий уламолар уни бир неча қисмга бўлганлар. Лекин бу қисмлар китобларда тартибланмаган, тарқоқ ҳолда учрайди. Машойихларимиз шайхи аллома Кашмирий роҳматуллоҳи алайҳ мутавотирнинг қисмларини баён қилган: “Мутавотирликни баъзилар оз, деб ҳисоблаганлар. Буни Ҳофиз роҳматуллоҳи алайҳ “Шарҳу Нухбатул фикар”да келтириб ҳам ўтган: “Баъзилар мутавотирнинг мисолини инкор қилганлар. Баъзилар эса бу борада ўта нодирликни даъво қилганлар”. Ўша даъво қилганлар мутавотирликка битта ёки иккита мисолнигина келтирганлар. Бироқ шариатимизда у мен айтиб ўтганимдек, тўртта тақсимот ичида талайгина. Ҳаттоки, маълум ададга чеклаш имконсиз бўлиб, мундарижасини тузишга инсон ожиз қолади. Баъзан киши унга бефарқ қарайди. Қачонки эътибор қаратса, мутавотирни аниқ-оддий сингари эканини кўради. Мана шу диққат қилиш керак бўлган ишлардандир” .

Энди мазкур тўрт қисмнинг ҳар бирига қисман мисоллари билан тўхталамиз:

1. Лафзий мутавотир. Лафзи ҳам, маъноси ҳам мутавотир бўлган хабар. Аллома Кашмирий роҳматуллоҳи алайҳ бу қисмни “Исноднинг мутавотир бўлиши“, деб номлаганлар.

Маълумки, бу қисм шартларини аниқлаштириш қийинчилиги мисолларини ноёб эканини келтириб чиқаради.

Биринчи мисол:

قال رسول اللّه صلّى اللّه عليه وسلم: مَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ من النارِ

ҳадиси Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менга қасд қилган ҳолида ёлғон тўқиса, жойини дўзахдан тайёрлайверсин”, дедилар .

Бу ҳадисни етмишдан ортиқ саҳобалар ривоят қилганлар. Мана шу кўплик санаднинг ҳамма табақаларида давом этган. Ҳатто бунданда зиёдалашиб борган.

Иккинчи мисол: қуйидаги ҳадис :

التحيات لله والصلوات الطيبات والسلام عليك أيها النبي ورحمة الله وبركاته السلام علينا وعلى عباد الله الصالحين أشهد أن لا إله إلا الله وأشهد أن محمدا عبده ورسوله

Таҳовий роҳматуллоҳи алайҳ айтади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу борадаги ривоятлар мутавотир бўлиб, уларга хилоф хабар келмаган. Демак, хилоф қилиб, бошқасини олмаслик ва қўшимчалар ҳам киритмаслик керак. Фақат Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ҳадисида бир ҳарф бошқасига зиёда бўлади. Ўша зиёдалик المباركات [ал-муба́рока́тдир]дир .

2. Маънавий тавотур. Лафзи эмас, маъноси мутавотир бўлган хабар. Кашмирий роҳматуллоҳи алайҳ буни “Муштарак миқдорнинг мутавотир бўлиши” дея номлаганлар.

Маънавий мутавотир мисоллари:
Биринчи мисол: Дуода икки қўлни кўтариш тўғрисидаги ҳадислар:

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Дуода қўлларини кўтарганликлари” борасида юзга яқин ҳадис ривоят қилинган. Лекин турли хил иш-ҳодисалар асносида келтирилган. Ҳар бир ўрин алоҳида ҳолатда мутавотир эмас. Улар орасида муштарак миқдор – дуо чоғида қўлни кўтариш бўлиб, туруқлар умумийлашуви эътиборидан мутавотирдир .

Иккинчи мисол: Икки махсига масх тортиш мазмунидаги ҳадислар:

Саксонта саҳоба ривоят қилган. Кархий, Ибн Абдулбар, Ибн Ҳумом, Ибн Ҳажар, Зарқоний ва бошқа роҳматуллоҳи алайҳлар бу масаладаги ҳадис мутавотир эканини очиқ-ойдин айтганлар .

Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: “Икки махсига масҳ тортишга то қуёшдан кўра ёрқинроқ осорлар ворид бўлмагунча ҳукм қилмадим”. Яна айтган: “Икки махсига масҳ тортиш мумкинмас, деган кимсани куфрда хавф қиламан” .

Учинчи мисол: Аёл киши сафарга маҳрами билан бирга чиқиши кераклиги ҳақидаги ҳадислар.

Таҳовий роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бу борада уларга қарши ҳужжат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан зикр қилганимиз мутавотир осорлардир. У бунга қарши чиққан ҳаммага ҳужжатдир” .

Тўртинчи мисол: Аёлларнинг дубрига ватий қилиш ҳаромлиги тўғрисидаги ҳадислар.

Таҳовий роҳматуллоҳи алайҳ айтади: Аёлларнинг дубрига ватий қилишдан қайтариш тўғрисида осорлар мутавотир бўлиб келган.

Бешинчи мисол: Фол очишдан қайтариш ҳақидаги ҳадислар .

Таҳовий роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бу борадаги ҳадисларни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари айтганлар ва улар мутавотирликка етган” .

Олтинчи мисол: Тилло узук тақишдан қайтариш ҳақидаги ҳадислар.

Таҳовий роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Тилло узук тақишдан қайтариш борасида осорлар мутавотир даражада ривоят қилинган бўлиб, саҳиҳ тарзда етиб келган” .

Еттинчи ҳадис: Икки оёқни ювиш борасидаги ҳадислар.

Бу ҳадисни ўттиз тўртта саҳоба ривоят қилган бўлиб, унинг мутавотирлигини Ибн Ҳумом, Ибн Амир Ҳож, Шерозий, Ибн Жавзий роҳматуллоҳи алайҳлар очиқ айтиб ўтганлар . Таҳовий роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бу осорлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир бўлиб келган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга олган таҳоратида икки оёқларини ювганлар” .

Саккизинчи мисол: “Товонларнинг ҳолига дўзахдан вой бўлсин” ҳадиси .

Бу ҳадисни ўн икки саҳоба ривоят қилган бўлиб, мутавотир эканини Муновий ҳамда “Шарҳу Мусалламус субут” китоби муаллифи очиқ айтиб ўтганлар .

Тўққизинчи мисол: “Тилсизларда тўлов йўқ” ҳадиси .

Кавсарий роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳамма табақалардаги ровийларининг кўплигига эътиборан бу ҳадис мутавотир ҳисобланади. Бадриддин Айний роҳматуллоҳи алайҳ “Шарҳул Бухорий” китобида мазкур ҳадиснинг тахриж қилувчилари баёнида кенг тўхталган” .

Ўнинчи мисол: Мусулмонни айбини беркитиш ва ҳадни кетказиш мазмунидаги ҳадислар.

Бобартий роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларидан мусулмонни айбини беркитиш ва ҳадни кетказиш ҳақида нақл қилинган хабарлардаги муштарак жиҳат мутавотирликдир. Шундай экан, бу билан (Қуръонга) зиёдалик киритиш мумкин” .

Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулҳодий Ғиёс

169720cookie-checkҲанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-5

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: