islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Эскирмас муаммолар: ХХ аср бошларида Туркистондаги тўйлар

Тўй ва маъракалардаги ортиқча сарф-харажатлар даврий матбуот саҳифаларида мунтазам равишда кўтарилиб турган ва қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлган. Ушбу масалалар муҳокамасида жамият доимо деярли иккига бўлиниб, бир қисми сарф-харажатларни чеклаш тарафдорлари бошқа қисми эса уларни чекламаслик тарафдорлари бўлган. “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида 2020 йил 6 июлда тўй маросимларини 30 кишилик тартибда ўтказилишини доимий сақлаб қолиш ҳақида жамоавий мурожаатнома жойлаштирилди ва уни шу пайтгача 10 мингга яқин киши ўқиб чиққан. 19 август ҳолатига кўра, бу таклифга 2 568 нафар киши ёқлаб овоз берган бўлса, 276 нафар киши буни ёқламаган, 64 киши турлича изоҳлар қолдирган. Мурожаат муаллифи карантин вақтида 30 кишилик тўйларни ўтказишга рухсат берилгани ва карантиндан кейин ҳам тўйларни ҳам 30 киши билан ўтказишни давом эттиришни таклиф қилади.Бир томондан, бундай чеклов ўрнатилиши мақсадга мувофиқ эмасдек кўринади. 2018 йил 29 июнда Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар халқимизнинг миллий урф-одатлари, ҳудудларнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилиши борасида ягона, қатъий нормалар белгиланиши мақсадга мувофиқ эмас, деган хулосага келишган. Халқимиз орасида тўй-ҳашам ва бошқа оилавий тадбирларни ихчам ўтказишни йўлга қўйишга муайян меъёрий ҳужжат билан эмас, одамлар ўртасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот, шахсий ибрат, намунали тадбирлар мисолида эришиш ҳар жиҳатдан фойдали эканини кўрсатганлиги қайд этилади[1].Иккинчи томондан, мазкур масалада жамиятимиз ўз-ўзини бошқара олмаётгани ҳамда сарф-харажатлар кундан-кун кўпайиб бораётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Хорижий мамлакатларда меҳнат қилаётган ватандошларимизни тўй ва у билан боғлиқ бошқа харажатларни кўтариш учун оғир шароитда меҳнат қилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шунингдек, ота-оналар топаётган даромадларини фарзандлар саломатлигини яхшилаш ва уларга илм беришга йўналтирса, мамлакат ривожига катта ҳисса қўшишларини ҳам эътироф этиш лозим.Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ХХ аср бошларида ҳам тўйлар ва уларда йўл қўйилаётган ортиқча сарф-харажатларга нисбатан турлича муносабатлар мавжуд бўлганини ҳамда бу борада қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтганини кўриш мумкин. Жумладан, ХХ аср бошларида Туркистонда жамиятнинг тараққийпарвар кучлари ўлка ҳаётидаги мавжуд иллатларни очиқчасига танқид қилиб, уларни бартараф этиш йўлларини излашга киришганлар. Тўйларда ҳаддан зиёда исрофгарчиликларга йўл қўйилиб, шароитига қарамай, тўй қилишининг оқибатида кўпгина кишилар қарзга ботаётган, қарздорлар бор мол-мулки ва еридан ажралиб қолаётган эди. Ўлкада чоп этилган бир газетада ёзилади: “Бир қанча бойларимиз ҳаддидан зиёда тўйлар қилиб, ҳар бир одамга беқасам, мовут, сатин ва бошқа қимматбаҳо тўнлар кийгизиб халқни ҳайрон қилди. Кейин сағал кун ўтмасдан ўзлари ҳайрон бўлиб қолдилар, тўй ўтказгандин бир ойдан сўнг, синиб, беобрў бўладурлар”[2].Туркистон жадидчилик ҳаракатининг раҳбари, буюк тараққийпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий “Бизни кемирувчи иллатлар” номли мақоласида халқни кемирувчи ҳақиқий иллат, ҳар қандай даврдан энг оғири бўлган тўй ва маъракалар бутун Туркистон шаҳарлари ва қишлоқларини қамраб, халқни инқирозга йўналтираётганини ёзади[3]. Одамларимиз кунига 18-20 соат меҳнат қилиб, емай-ичмай, дам олмай “ўз қаториндаги одамларни қилган тўйидан зиёдроқ”[4] тўй қилишни мақсад қилишади. Бундай тўй ўтказишдаги мусобақалар натижасида қанчадан-қанча кишилар ишлаб тўплаганини бир-икки кунда совуриб, яна қарз-ҳавола қилиб, бор будидан айрилганлар. М. Беҳбудий ёзади: “Катта тўй қилиб хотун олган бечораларнинг ҳолига йиғламоқ керак. Уч кунлик тўйнинг азаси баъзи оилаларда ўн йил, ҳатто бир умр сурар, балки беватан ва хонавайронликка сабаб бўлур”[5]. Беҳбудий қарздорларнинг аччиқ қисмати ҳақида ёзар экан, қарздан қутилиш учун улар ер ва ҳовлиларини сотишга мажбур бўлаёт­ганлари, бу ҳолат яна 20-30 йил давом этса, ер ва ҳовлилар ажнабийларга ўтиб, аксар халқимиз гадойлик даражасига тушиб қолишига ачинади.Газеталардаги шу мавзудаги мунозаралар иштирокчилари бундай аянчли аҳволга тушиб қолмаслик учун қизларнинг ота-оналари куёвнинг шароитидан келиб чиқиб, тўй белгилашлари керак, улар туфайли куёв қарздор бўлиб қолмасин, деган хулосага келишади. “Эй, ота-оналар ва қиз етимлар омонатдорлари инсоф қилиб мазлумаларни тириклай ёндирмангизлар”, деб мурожаат этади[6].Ўша давр маълумотларида келтирилишича, камбағаллар тўйга 200 рублдан 1000 рублгача сарфлаганлар. Бойлар эса тўйларга 5000 дан 10 000 рублгача харажат қилганлар[7]. Бу ўз даврига нисбатан салмоқли маблағ ҳисобланган. Ўша даврда 1 та қўйнинг ўртача баҳоси 2,5-3 рубль (12,5 ёки 15 танга) бўлган. Май ойида, яъни қўй энг қиммат бўлган вақти 2 ёшли қўйлар 7 рублгача (35 танга) бўлган[8]. 1 ботмон буғдойнинг нархи 1,5-2 рубль бўлган[9].Мисол учун, манбаларда ёзишилича, уйланаётган бир қассоб унаштириш учун қуйидагиларни бўлажак келин томонга жўнатган: бир қозон палов, 100 та катта нон, 150 та ўртача нон, 100 та патир, 400 та кичик нон, 1 челак нишолда, 4 та ҳолва, 1 сават ўрик, 1 та шойи кўйлак (8 аршин), 1 та шойи иштон (4 аршин), 1 та рўмол, 1 жуфт лакланган махси (калиш билан) ва 50 рубль пул. «Катта тўй» учун эса 50 та чопон, 25 та рўмол, 3 ўрам чит (27, 30 ва 33 аршин), 25 та қўй, 4 та от, 500 та катта нон, 1000 та ўртача ва 2000 та кичик нон, 4 ботмон гуруч, 4 ботмон ун, 2 сават ўрик, 1 сават қан­до­лат маҳсулотлари, 5 бош қанд, 1 ботмон сабзи ва 500 рубль пул берган[10].1912 йилнинг 26 январида “Туркистон вилоятининг газети” саҳифаларида Тошкент шаҳрининг Бешёғоч даҳаси Қоратош маҳалласида яшаган Осимбой Қосимбой ўғли ўз фарзандига 4 кун мобайнида хатна тўйи қилганлиги хабар қилинган. Ушбу хабарга кўра, бу тўйга Тошкент шаҳрининг ҳар бир даҳасидан бир неча юз одамлар келганлиги, зиёфат учун 6 та ҳўкиз ва 30 та қўй сўйиб, 40 ботмон ундан нон ёпилиб, қанд, нишолда ва мурабболар қўйилган[11].Никоҳ тўйигача бўлган сарф-харажатлар ҳам кишилар гарданига оғир юк бўлиб тушган. Шунинг учун ўша давр матбуотида ўлка аҳолиси орасида тўйгача ҳам ортиқча сарф-харажатлар кўпайиб кетганлиги танқид остига олинган. Жумладан, 1903 йилнинг 18 декабрида “Туркистон вилоятининг газети”даги мақолада таъкидланишича, маҳаллий аҳоли томонидан “бетартиб ва бефойда” тўйлар ўтказилган. Унда тўйдан олдинги урф-одатлар тўғрисида танқидий фикрлар айтилган эди. Масалан, бир хонадоннинг қизини келин қилмоқчи бўлишса, ўша уйга бир хотин бир патнис мева ва тўртта ёғлиқ патир билан бориб, қизнинг ота-онаси билан гаплашиб, улар розилик беришса, мазкур хотинга оқ рўмол ўратиб юборишган. Эртаси куни иккала тараф ҳам бой бўлса, яна тўрт одам қиз тарафга келган ва уларга зиёфат қилиб берилган, уларнинг ҳар бирига мовут чакмон бериб юборилган эди. Ундан кейин эртаси куни бир лаган палов ва бир лаган мева, 30та катта ёғлиқ патир ҳамда олти кийимлик ипаклик ва ипаксиз нарсаларни икки хотин олиб бориб, кечгача қизнинг уйида меҳмон бўлишган, қайтишларида уларга 2 жўра атлас ва 2 кийимлик чит ёки фаранг бериб жўнатилган[12].Бундай сарф-харажатларга эса аҳолининг аксарият қисмининг қурби етмас эди. Қарз эвазига уйланиб хонавайрон бўлган ва беватан қолган одамлар сон-саноқсиз бўлиб, жамиятнинг ҳақиқий муаммоларидан бирига айланган эди.Тўй ва маъракалардаги ортиқча маблағ сарфлашга қарши бўлганлар тўйлардаги исрофгарчиликлар ислом шариатига ҳам тўғри келмаслигини таъкидлашади. Чунончи, Абдурауф Фитрат “Оила ёки оила бошқариш тартиблари” номли асарида ушбу ривоятни келтиради: “Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.) дедилар: “Тўйда биринчи куннинг таоми ҳақ, иккинчи куннинг таоми суннатдур, лекин учинчи куннинг таоми риёдир”. Тўйни бир-биридан қолмаслик учун қилганларга қарата А.Фитрат ушбу ривоятни келтиради: “Набий-алайҳис-салом дедилар: “Икки одам бир-бирларидан ўтиш учун тўй ва зиёфат қилсалар, биронтасиникига борманглар, уларнинг таомларидан еманглар”[13]. У одам ҳар бир одат ва русмнинг зарари ёки фойдасини ўйлаб, кейин ҳаракат қилиши лозим, деган хулосага келади[14].Жадидлар ўз матбуотида бундай тўй ва маъракалар ўтказиш халқнинг илмсизлигидан бўлиб, дунёнинг ҳеч бир миллатида бу ҳол учрамаслигини таъкидлайди. Қолаверса, Қуръон Карим ва Ҳадиси шарифларимиздаги қоидаларга тўғри келмайдиган ҳолатдир, деб тушунтирилади[15]Жадид тараққийпарварлар тўй маросимларини исрофгарчиликка йўл қўймасдан, кичик қилиб ўтказишни ва ортиқча пулларни болаларни ўқитишга сарфлашни таклиф этадилар. Бу пулларни ёшларни Макка, Миср, Истанбул, Русия дорилфунунларига диний ва дунёвий билимларни эгаллашга жўнатиш учун сарфлашга чақирганлар, миллат ёшларидан жамият тараққиёти учун хизмат қиладиган турли касб эгаларини, ҳуқуқшунос, муҳандис, муаллим, тижоратчилар ҳамда банк ходимлари тайёрлашга ундайди. М. Беҳбудий шу пуллардан болалар учун тарбият­хона (пансион) очишни таклиф этади, бундай пансионлар очиш учун жамият тузиш керак, бу жамият одамлардан пул йиғиб миллат болаларини ўқитиши керак[16]. Газета саҳифасидаги мақолаларда хатна, никоҳ тўйи ва дафн маросимларида сарфланаётган мингларча пулларни миллат истиқболи учун хизмат қиладиган мактаб, мадраса ва дорилфунунлар ташкил этишга ишлатиш кераклиги қайта қайта такрорланган[17].Миллий матбуот саҳифаларида миллат учун зарарли бўлган бундай иллатлар тез-тез танқид остига олинади ва халқ миллат манфаати учун хизмат қилишга даъват этилади. Ўша давр газеталаридан бирида миллий жаридаларимиз (газета) давом этиб турса, бу бидъатларимиз ҳам йўқ бўлиб кетар[18] деб, миллий матбуотдан катта умид қилган.Айниқса, 1914-1915 йилларда чоп этилган Садои Туркистон ва Садои Фарғона газеталарида бу борада ўткир фикрлар билдиради ва миллатни асрлар бўйи давом этаётган уйқудан уйғотишга ҳаракат қилади. Садои Туркистон газетаси таҳририятига Туркистоннинг турли жойларидан хат ва хабарлар келиб турган. Қўқон шаҳридан жўнатилган хабарда[19] шахсий манфаатини миллат манфаатидан устун қўювчи кишилар минглаб рубль сарфлаб тўй қилишни халқ орасида тарғиб қилганлиги таъкидланади. Чунки бундай кишилар ўзи бундан манфаатдор бўлиб, улар ҳар йили тўйларда чопон кийишидан 300-400 рубль фойда қилган[20].Жамиятнинг илғор фикрли кишилари бу урф-одатларни ислоҳ қилиш тарафдори бўлса, маҳаллий аҳолининг аксарият қисми бунга тайёр эмас ва миллий тўйга қарши турувчилар сўзига кирмай[21], катта тўй қилган бойларга ҳамду санолар ўқишда давом этаётган эди. Муаллифи номаълум бу хабарда Тошкентнинг катта бойларидан бири Қори бой суннат тўйига 5000 нафарга яқин одам чақириб, 3 кунгача ош бергани, тўй кечалари хотинлар мажлисида ўйинчи, ашулачи, яллачилар чақирилгани мақтаб ўтилган эди.Туркистон тараққийпарварлари нафақат даврий матбуотдаги чиқишлари билан эмас, балки тўй ва маъракалар ислоҳини амалда ҳам қўллашга ҳаракат қилган эдилар. Туркистон жадидларининг раҳнамоларидан Маҳмудхўжа Беҳбудий 1909 йил 15 апрелида Мақсуд Хўжа исмли ўғлига хатна тўйи қилиб 1000 рублдан ҳам кам пул сарфлаган[22]. Тўйга кетадиган ортиқча сарф-харажат ўрнига Самарқанддаги кутубхонага китоблар харид қилган, бу китоблар Россия ва Туркиядан келтирилган. 1909 йилнинг 13 майида “Туркистон вилоятининг газети”да М.Беҳбудий ўтказган тўйга Самарқанд аҳлининг муносабати икки хил бўлганини ёзар экан, баъзилар М.Беҳбудийдан ўрнак олиш кераклигини таъкидласа, бошқалар унинг бойлиги ва обрўсини ҳисобга олиб камида 2000-3000 рубль сарфлаши керак эди, деб танқид қилади. Бу мисол жадидларнинг бу бидъатга қарши курашда ҳам ўрнак бўлганлигини ва миллат манфаатини кўзлаганлигини кўрсатади.Улардан ўрнак олиб, дабдабали тўйга кетадиган маблағларнинг маълум бир қисмини мактаблар очишга сарфлаган кишилар кўпаяди. Масалан, Мунаввар Алифкор ўғлига хатна тўйи ўтказишда сарф-харажатни камайтириб, унинг ўрнига мактаб қурдирган. Шунингдек, Мирзо Ҳамдам Оғоликов ҳам марҳум отаси томонидан таъмирланган масжиддаги мактабни янгича усулда қуришга киришган. 1914 йил 3 майда наманганлик бойлардан Исҳоқжон Мирсолиҳбой ўғли фарзандига хатна тўйи қилишни маслаҳатлашиш учун тужжорларни чақиради, улар билан маслаҳатлашган ҳолда тўйга сарфланадиган пулдан 2000 рублини мактаб ўқувчилари учун мевалик боғ яратишга ва мактабга сарфлашга аҳд қилади[23].Тўйлар ислоҳи ҳақидаги бундай хабарлар “Садои Фарғона” газетаси таҳририятига тез-тез келиб турган. Чунончи, 1915 йилда Қўқон тужжорларидан Ҳожи Муҳаммаджон ва мулла Юсуф Аттор беш-олти нафар одамни чақириб бир товоқ ош ила зиёфат қилиб ўғилларини хатна қилганлар[24].Шуни айтиш лозимки, бу даврда Туркистоннинг баъзи бой кишилари тўйга муносабатларини ўзгартира бошлашди. Масалан, Тошкентлик Саидазимбой “мева тўй”ни бекор қилди, яъни тўйда қуруқ мевалар тарқатилишини бекор қилди. Н.С.Ликошиннинг ёзишича, ўша даврда мушакбозлик билан тўй қилишган, савдогарлар тўйдан кейин алоҳида “савдогар тўй” ўтказишган бўлса, ХХ асрнинг бошига келиб бу одатлар барҳам топди[25].Туркистон жадидлари фақат матбуот орқали эмас, балки театр кўринишлари орқали ҳам тўй ва маъракалардаги исрофгарчиликлар, уларнинг моддий ва маънавий зарарларини кўрсатиб, халқ онгига сингдиришга ҳаракат қилганлар. 1915 йил 21-24 январда Тошкент ва Наманган кўнгилли театр ҳаваскорлари томонидан Ҳожи Муиннинг “Тўй” фожеаси саҳна томошаси қўйилган. Халқ бу томошани мамнуният билан томоша қилган[26].1917 йил февраль инқилобидан кейин эса Туркистон тараққийпарварларининг ташкилоти “Шўрои Исломия” томонидан тўй ва маъракаларни тартибга солиш тўғрисида апрелда қарорнома эълон қилинган[27]. “Шўрои Исломия”нинг 1917 йил 22 апрел­даги умумий мажли­си­да бу тадбирларни амалга ошириш учун комиссия тузилган. Коммиссия таркибига Саид Аҳрорхон Маҳсум, Мурод Хўжа Эшон, Ҳамид Хўжа Эшон, Абдулсамиғ Қори киритилди. Комиссия аъзолари олдига тўй ва маъракаларни дабдабали қилмасдан, исрофгар­чи­ликка йўл қўймасдан ўтказиш тартибларини халққа етказиш вазифаси қўйилган эди.Қарорномада никоҳ тўйларида кичик тўй, қозон қайтариш, катта тўй-базмлар, юз кўрар, ҳайитларда мол сўйиб келин кўриш, қиз оши бериш, аёлларнинг ҳар бирига алоҳида нон ва ош тортиш, сандиқда йиллар давомида сақланадиган гулкўрпа ва бошқа фойдасиз моллар, араваларга ғалла ва бошқа нарсалар ортиб тўй юбориш, қалин олиш ва шунга ўхшаш исрофгарчиликларга барҳам бериш кераклиги таъкидланади. Буларнинг ўрнига келин ва куёв томондагилар кийим ва зарур уй-рўзғор буюмларини келишиб харид қилиши, никоҳ куни куёв ўз дўстлари ва маҳалла кишилари билан карнайсиз, фақат сурнай билан бориб никоҳ қилиши ва келин томондагилар ўз қариндошлари билан келинни олиб бориши белгиланади. Қарорномада куёв билан борадиган одамлар сони 20-40 кишидан ошмаслиги, келин билан борадиган аёлларнинг сони 10-20 тадан ошмаслиги айтилади. Чорлари ҳам бир мартагина қилиниб, унда иккала томондан ҳам 10 тадан ортиқ киши бормаслиги тайинланади. Чорларида таом тугиб олиб кетиш учун эмас, фақат шу ерда ейиш учун тайёрланишига, бешик тўйи ва чиллагаразонларни бутунлай йўқотишга қарор қилинади. “Шўрои Исломия” мажлиси қабул қилган қарорида ўғил тўйларни ҳам ихчам қилиб ўтказиш кўзда тутилади. Унда ёзилишича, фақат давлатлик кишилар уламо ва имомларни чақириб, кичикроқ бир мавлуд ўтказиш ва фақир кишилар маҳалладан уч-тўрт кишини чақириб ўғилларини хатна қилдиришлари керак эди. “Шўрои Исломия” бойларга мурожаат қилиб, мавлудларни ҳам тежамкорлик билан амалга ошириб, тўйга атаган пул ва ғаллаларни маҳаллаларидаги оч ва яланғоч, уй-жойсиз ва бечораларга, мактаб ва мадрасаларга, хайрия жамиятларига берсалар мақсадга мувофиқ бўли­шини таъкидлаган. Бу тартибларга амал қилмаганларнинг тўйларини тўхтатиб, ўзларини қозига топшириш ва жазолашга қарор қилинган.Хулоса қилиб айтиш керакки, ХХ асрнинг бошларига келиб, Туркистонда матбуот саҳифаларидан туриб, жамият тараққиётида тўсиқ бўлувчи иллатлардан бири тўйлардаги исрофгарчиликлар бўлиб, бу жамиятнинг илғор кишилари томонидан танқид остига олинган. Бунда маърифатпарварларнинг роли алоҳида аҳамиятга эга эди. Улар тўйларни мусобақага айлантирмай, маблағларни беҳудага сарфламасликни, ундан кўра, бу маблағларни миллат тараққиёти йўлига – ёшларга илм беришга сарфлашга даъват этганлар.

Муродимиз / М. Беҳбудий. Танланган асарлар. 158-б.
[17] Ҳаракат ва баракат. Садои Фарғона. 1914. №70; Додо Музо Қори. Ароқга тутилмиш оқчалар // Садои Фарғона, 1914. №70.
[18]Турсун Юнус Муҳаммадий. Тўй ҳақида // Туркистон вилоятининг газетаси. 1914. №49.
[19] Ҳўқандли Жигар кабоб. Афсус бизнинг ҳолимизга // Садои Туркистон. 1914. №4.
[20] Ҳўқандли Жигар кабоб. Афсус бизнинг ҳолимизга // Садои Туркистон. 1914. №4.
[21] Тўй масаласи // Садои Туркистон. 1914. №23.

[22] Самарқандда тўй // Туркистон вилоятининг газети. 1909. №35.
[23] Наманганда тўйларнинг ислоҳи ва мактаб // Садои Фарғона. 1914. №6.
[24] Ҳамёнга зарарсиз хатна тўйи // Садои Фарғона. 1915. №117.
[25] Лыкошин Н.С. Пол жизни в Туркестане. Очерки быта туземного населения. – Пг., 1916. С. 347.
[26] Тараққийми. Таназзулми // Садои Фарғона. 1915. №111.
[27] Шўрои Исломиянинг қарорномаси // Нажот. 1917. 28 апрель.

Санобар Шодмонова – тарих фанлари доктори, профессор,

Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институтининг етакчи илмий ходими

172600cookie-checkЭскирмас муаммолар: ХХ аср бошларида Туркистондаги тўйлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: