Мажҳул ва мастур воқеъликда биттадир.
Юқорида айтиб ўтилганидек, бизнинг наздимизда мажҳул билан мастур ўртасида фарқ йўқ. Имом Абдулазиз Бухорий раҳимаҳуллоҳ айтди: “Аслида, мажҳул ва мастур биттадир. Лекин аввалги уч асрдаги мажҳулнинг хабари мақбулдир. Чунки аввалги уч асрда инсонларда адолат ғолиб бўлган. Уч асрдан кейинги мажҳулнинг хабари мардуд ҳисобланади. Сабаби у даврда фисқ кўп учраган” .
Аллома Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мастур шахснинг хабари зоҳирдан қараганда қабул қилинмайди. Чунки у адолати ҳам фисқи ҳам маълум бўлмаган шахсдир. Мана шу мастур мажҳулдир .
Мажҳул ривоятининг қисмлари ва аҳкомлари
Ҳанафийлар мажҳулни ривоятида салафлар қандай муносабатда бўлган бўлса шунга эргашиб бешта қисмга тақсимлаганлар:
Биринчи қисм: Салафлар мажҳулнинг ривоятини қабул қилганлар. Ундан нақл қилишни жоиз санаганлар. Ҳадисининг саҳиҳлигига гувоҳлик берганлар.
Ҳукми: Унинг ҳадиси аҳли маърифатни гувоҳлиги ила машҳур ровийнинг ҳадиси кабидир.
Иккинчи қисм: Мажҳулни ривояти салафлар даврида машҳур бўлиб кетганидан кейин унга таън етказишдан сукут қилдилар.
Ҳукми: Унинг ҳам ривояти қабул қилинади. Чунки баён қилиб беришга тўғри келган вақтда жим туришликнинг ўзи ҳам баён саналади. Салафлар буни баён қилмай қосирлик қилганлар, деб бўлмайди.
Учинчи қисм: Сиқа шахслар мажҳул ровийдан ривоят қилган бўлиб, унинг ҳадиси қиёсга ҳам мувофиқ бўлиши билан бирга салафлар бу борада ихтилоф қилганлар.
Ҳукми: Бунинг ривояти ҳам мақбул. Чунки баъзи машҳур фақиҳлар унинг ривоятини қабул қилишлари ҳудди ўзлари ўша ҳадисни ривоят қилганлари кабидир.
Бунинг мисоли: Тўртта сунан соҳиблари Алқамадан, у Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис бўлиб, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан бир аёлни никоҳлаб олган, лекин маҳрини тайин қилмаган, жимоъ ҳам қилмаган, ўлиб кетган бир киши ҳақида сўрашди. Шунда у киши айтди: “У аёл ўз қавми аёллари маҳрининг мислига эга чиқади. Ундан зиёда ҳам, кам ҳам бўлмайди. Унга идда лозим бўлади. (Ўша эридан) мерос ҳам олади”. Шунда Маъқил ибн Синон Ашжаъий розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб айтди: قَضَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِى بِرْوَع بِنْتِ وَاشِقٍ اِمْرَأَةٍ مِنَّا مِثْلَ الَّذِى قَضَيْتَ فَفَرِحَ بِهَا اِبْنُ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ – “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабиламиздан бўлган бир аёл Бирваъ бинти Вошиқ тўғрисида сиз чиқарган ҳукм каби ҳукм чиқардилар”, деди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бундан жуда ҳурсанд бўлиб кетди.
Бошқа бир ривоятда эса: فَفَرِحَ بِهَا اِبْنُ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ فَرْحًا شَدِيدًا حِيْنَ وَافَقَ قَضَائُهُ قَضَاء رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ – “…Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг чиқарган ҳукми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмларига мувофиқ келган вақтда жуда ҳурсанд бўлиб кетди” .
Татбиқ: Бу ҳадис Маъқил ибн Синон розияллоҳу анҳунинг ривоятидан. Бу киши мана шу ҳадис билангина танилган. Ҳанафийларнинг истеълоҳига кўра бу киши мажҳул ҳисобланади. Салафлар унинг ҳадисини қабул қилишда ихтилоф қилганлар. Масалан, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қабул қилган, ҳазрати Али розияллоҳу анҳу эса рад этган. Ҳанафийлар ҳам унинг ҳадисини қабул қилганлар. Чунки ҳадис қиёсга ҳам мувофиқ. Асвад, Алқама, Масруқ, Ҳасан, Нофеъ ибн Жубайр роҳимаҳуллоҳлар каби иккинчи аср фақиҳлари унинг ривоятини қабул қилганлар. Бу шахс фақиҳлар унинг ривоятини қабул қилиши билан адолатга чиқарилган ҳисобланади. Чунки у замон адолатлилар замонасидир.
Тўртинчи қисм: Ҳадиси ошкор бўлган, аммо салафлардан унга нисбатан фақат рад этиш маълум.
Ҳукми: Унинг ривояти қабул қилинмай мардудга айланган ҳадис. Чунки салафлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган ҳадисни рад этиш, унга амал қилишни тарк этиш, унинг зиддига райни устун қўйиш билан айбланмайдилар. Улар ўша шахснинг ҳадисини рад этишга бир овоздан келишишлари бу шахсни шу ривоят қилишда адашган, хато қилган дейишларига далилдир.
Мисоли: Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотга эри талоқ қилган вақт сукно ва нафақа қилиб бериш ҳукмини чиқармаганлари маъносидаги ҳадиси. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу унинг ҳадисини инкор қилди. Ва бундай деди: “Биз бир аёлнинг гапини деб Аллоҳнинг китоби ва Набиййимизнинг суннатини тарк қилмаймиз. Билмаймизки, эҳтимол у шу ҳадисни ёдлаб қолгандир ёҳуд унутгандир. Аёл учун турар жой ва нафақа бордир”, деди .
Шунингдек, унинг ҳадисини уммул мўъминийн Оиша розияллоҳу анҳо, Усома ибн Зайд ва Саъид ибн Мусайяб розияллоҳу анҳулар ҳам инкор қилганлар.
Татбиқ: Исо ибн Абон раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Китоб ва Суннатдан саҳиҳ қиёсни қасд қилган. Чунки қиёс Китоб ва Суннат билан собит бўлган. Ўша қиёс, нафақани турар жойга қиёс қилишда ўхшашни қиёс қилиш бўлди. Зеро, иккисининг ҳар бирида никоҳга тегишли молиявий ҳақ бор.
Бешинчи қисм: Унинг ҳадиси салафлар ичида зоҳир бўлмаган. Ва на рад ва на қабул қилинмаган.
Ҳукми: Унга амал қилиш вожиб эмас. Агар қиёсга тўғри келса, унга амал қилиш жоиз. Чунки биринчи асрда яшаган инсонда зоҳирий эътибордан адолат собит бўлади .
Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёс ов