Тошкент ислом институтида “Сентябрь – “Миллий маданий меросимизни ўрганиш” фан ойлиги” доирасида, 2020 йил 17 сентябрь куни “Мунавварқори Абдурашидхоновнинг илмий-ижодий фаолияти” мавзусида ZOOM дастури орқали давра суҳбати ўтказилди. “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири Обид Тангиров тадбирни очиб берди.
Хабарингиз бор, айни пайтда пандемия сабабли Тошкент ислом институтида дарс ҳамда таълимий жараёнлар масофадан, онлайн тарзда олиб борилмоқда. Шу жумладан илмий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳам видеоконференция шаклда ташкил этилмоқда.
Мунавварқори номини кўп эшитганмиз, аммо унинг илмий, ижодий ва амалий ишлар кўламини тўғрисида етарли билимга эга эмасмиз. Миллат онгини ўстириш, халқ маданиятини юксалтириш, таълимни ривожлантириш, миллий кадрлар етиштириш ва энг асосийси юрт озодлиги ва тараққиёти йўлида яшаб ўтган Мунавварқори сиймоси ва ишлари бугунги кун зиёлиси ҳамда толиби илмлар учун намуна ҳамда дастурул амал бўла олади.
Маърузачи сифатида тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Миллий университети доценти, тарих фанлари доктори Сотимжон домла Холбоев кириш сўзини юқоридаги маълумотлар билан бошлар экан, “Миллий маданий меросимизни ўрганиш” миллат жонкуярлари бўлган Мунаварқоридек юрт фарзандлари тарихини ўрганиш билан амалга ошишини таъкидлади.
Маърузада, ўша даврда, таълим тизими қайта ишлаб чиқилгани, китобат ва ноширлик ишларининг йўлга қўйилиши, таълим-тарбия, хайрия каби мақсадларда тузилган турли жамият ва уюшмалар, “мардикорлик ҳаракати”нинг бошланиши, “босмачилик урушлари”нинг моҳияти, илк матбуотнинг вужудга келиши каби йўналишлардаги Муновварқорининг амалга оширган ишлари тўғрисида маълумот берилди.
С.Холбоевнинг айтишича, Мунавварқори ўз миллати ва халқини озод ва тараққий этган давлатлар сафида кўриш истаги билан “ёнган”:
“Овропа ваҳший эканида, биз маданий эдик, Сўнгралари, Овропа халқи маориф ва маданият йўлида ишлади, бу ҳолга етишди, тараққий этди, биз тушдек ухладик, ишламадик, бу ҳолга етишдик-мутаасиблашдик. Бу кунгача Овропа халқи осмонга учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овропаликлар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва калта кийим жанжаллари. Овропа шаҳарлари бугун электр билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва тиббиётни ўқитиш-ўқитмаслик ихтилофлари…”, деган сўзлари унинг қалбидаги дард ва изтиробдан бир шўъла эди.
М.Абдурашидхоновнинг 1917 йили Туркистонда мустақил давлат ташкил этиш йўлида жиддий сиёсий фаолият ҳам олиб боради ва шу сабабли совет ҳукумати у кишига нисбатан адоватли муносабатда бўлган. У Европа савдо-саноат, илм-фанини ўрганишга чақирган, маънавий қолоқликни қоралаган. Россия империяси ва совет ҳукуматлари олиб борган мустамлакачилик сиёсатига қарши изчил кураш олиб бориб, 1917-1924 йилларда “Шўройи ислом”, “Турк адам марказият”, “Иттиҳод ва тараққиёт”, “Миллий иттиҳод”, “Нашри маориф” каби жамият, фирқа ва ташкилотлар фаолиятига раҳбарлик қилган. 1917 Қўқон шаҳрида ташкил топиб, 74 кун яшаган Туркистон мухториятини қўллаб-қувватлаган. Умр бўйи ўз ватанини мустақил давлат ҳолда кўришни истаган.
Маърузачи, Мунавварқори Абдурашидхоннинг ўз юртини озод кўришга бўлган истагини “Мақбул қурбонлар” номи остидаги сўзлари орқали тасвирлаб берди:
“Бутун дунёдаги ҳурриятчилар орасида бир сўз бор: “Ҳуррият берилмас, олинур. Ҳеч нарса билан олиб бўлмас, фақат қон ва қурбон илагина олиб бўлур. Мана бу жумлалар ҳақиқатга шу қадар мувофиқдурки, ҳазрати Одамдан шул вақтгача ҳеч бир давлат ва мамлакатда ҳурриятнинг берилгани, қон ва қурбонсиз берилгани тарихларда кўрилмайдур. Балки, ҳар замон ва ҳар ерда ҳуррият берилмаган, олинган, ҳам кўп қон ва қурбонлар баробари билан олинган”.
Мунавварқори ўз шеърлари билан, меҳнат қилибгина юртни обод қилиш мумкин эканлигига одамларни даъват этди:
Қўзғолингиз эй, ўртоқлар! Келди бизга ишлаш чоғи,
Биз барчамиз ёш ишчимиз, ишхонамиз мактаб боғи.
Туринг тезроқ иш бошлайлик,
Ялқовликни биз ташлайлик!
Кўздан булут ёмғир сочар, сувлар оқар, ўтлар ўсар,
Қушлар учар, озиқ излар, бутун дунё тинмай ишлар.
Сиз ҳам туринг, эй ўртоқлар!
Юрт обрўсин ёшлар сақлар.
Тирик бўлсанг, қўзғол, ўртоқ,
Қўлга ишни тез ол, ўртоқ!
Жаннат каби гўзал юртинг йиғлаб, сендан иш кутадир,
Сендан кўргач ишсизликни, ҳасрат чекиб қон ютадир.
Тур ўрнингдан оч кўзингни,
Айт ёвингга сўнг сўзингни.
Ёвинг кимдир биласанми? Нодонликдир, ялқовликдир,
Ёвга қарши кўрашмаслик – қўрқоқликдир, анқовликдир.
Иш қиличин, тур, қўлга ол,
Ёвга қарши чиндан қўзғол!
Маълумки, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети таъсисчиси Мунавварқори бўлиб, 1919 йили ўз имзоси билан Туркистон Миллий дорулфунунини очади. Ўтган йили 100 ёшни қаршилаган отахон таълим муассасаси 2000 йилда Ўзбекистоннинг 1-Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан, Мунавварқори томонидан очилган Миллий Дорулфунун ўзининг аслига, Тошкент Давлат университетидан Ўзбекистон Миллий университетига айлантирилди.
Юртимизнинг чин зиёли фарзанди Мунавварқори Абдурашидхонов 1929 йил ноябрда қамоққа олиниб, 1931 йили Москва шаҳрида совет ҳукумати мустабид сиёсати, қатағонининг қурбони бўлади.
Архив маълумотларини ўрганган Сотимжон домла Мунавварқорини кимлар отгани бўйича тузилган далолатномаларни кўриб, унинг қаерда кўмилгани борасидаги “таҳмин”лар ҳануз баҳсли эканлигини алоҳида таъкидлади.
“Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Т.Азимов