islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мусулмон табибининг дунёга тақдим этган кашфиётлари

Бугун тиббиёт оламининг ихтироларига назар солсак, унда Европанинг олимларини кўришимиз мумкин. Ихтиролар асосан сўнгги 200 йил ичида амалга оширилгандек гўё. Аслида ҳам шундайми? 1000 йиллар олдинги ислом цивилизацияси тарихдан ўчиб кетганми? Ислом илмга тарғиб қила туриб, наҳотки мусулмонлар қолоқ яшаган… Шу каби саволларга жавоб топиш учун тарихий манбаларга мурожаат қилиб кўрамиз.

IX-XII асрлар ислом оламининг уйғониш даври (ренессанси) сифатида тарихда муҳрланиб қолган. Бу муддат давомида кўплаб янгиликлар, ихтиролар қилиниб, бутун дунёга тақдим қилинган. Жумладан, илм ўчоғи Бағдодда “Байтул ҳикма” (“Донишмадлик уйи”)га асос солинди. Унда кўплаб олимлар тун-у кун илм йўлида хизмат қилганлар. Шундай олимлардан бири Ғарбда шифокорлар ва алкимёгарлар орасида Разес номи билан танилган, Бағдоддаги шифохонага раҳбарлик қилган “Иккинчи Гален”нинг илм-фанга қўшган ҳиссаси ҳамда тиббиётга олиб кирган янгиликлари билан танишиб чиқамиз.

Алломанинг тўлиқ исми Абу Бакр Муҳаммад ибн Закарийё ар-Розий (мил. 865-925) бўлиб, Ироқнинг Рай шаҳрида дунёга келган. У тиббиёт, математика, фалакиёт, фалсафа ва кимё соҳаларида самарали фаолият юритган. 200 га яқин асарларга муаллифлик қилган. Улардан 63 таси ҳанузгача сақланиб, жаҳоннинг нодир дурдоналаридан ўрин олган. Тиббиётга оид китоблари Европа мамлакатларида Х асрдан таржима қилиниб, асосий қўлланма вазифасини ўтаган.

Ар-Розий жаҳон тиббиётига кўпгина янгиликлар ихтиро қилиши билан бутунжаҳон шифокорларининг маънан устозига айланган. У фанга киритган янгиликлар бугун замонавий тиббиётнинг фундаментал асосларини ташкил қилади.

1. Шифохонага шикоят билан келган беморга унинг “Касалликлар тарихи”ни юритилиши бугун ҳеч кимга сир эмас. Лекин ёзишда беморнинг исми шарифи, ёши, касби, турар жойини “Касалликлар тарихи” деб номланган дафтарга ёзишни алломанинг бошлаб бергани ҳаммага ҳам маълум эмас .

Ар-Розий кўп ҳолларда касалнинг исми ва отасининг исмини, ёши ва касбини, турар жойи ва жинсини, касаллиги ва бошқа белгиларини, ўзи томонидан тайинланган дори ва тадбирларни, уларнинг касал аъзоларга кўрсатган таъсирларини ва ниҳоят, касал тузалиб кетганлиги ёки ўлганлигини батафсил ёзиб қолдирган.

2. Чечак касаллигига карши эмлашни бошлаб бериш ҳам буюк табибнинг кашфиётларидан биридир. Бу тушунча тиббиётда вариоляция деб ном олган .

Ар-Розий „Китоб алжударий валҳасба“ („Чечак ва қизамиқ ҳақида китоб“) асарида тиббиёт тарихида биринчи бўлиб, чечак ва қизамиқ касалликларининг бошқа юқумли касалликлардан фарқи ва тарифини келтирган. Ар-Розий чечак билан бир марта касал бўлган киши иккинчи марта бу касалликка дучор бўлмаслигини аниқлаган ва чечакка қарши эмлаш керак деган фикрга келиб, уни амалга оширган. Шундай қилиб бугунги кундаги шифокорлар Ар-Розийни чечак эмлашнинг асосчиси деб тан олганлар. Кейинчалик чечак эмлаш Шарқ ва Ғарбга кенг тарқалган.

3. Халкумдан ёт жисмларни олиш учун ишлатиладиган инструментни кашф килган .

4. Биринчи маротаба тиббиётда пахтани ва кетгутни ишлатган (қўй ичагидан тайёрланган ип бўлиб, жароҳатларни тикишда фойдаланилади) .

5. Тиббиётга мутахассисликни киритган – «Бир табиб хамма касалликларни даволай олмайди» .

У энг моҳир табиб ҳам ҳамма касалликларни даволай олмайди деган ғояни илгари сурган биринчи табибдир.

6. Аҳолининг кам таъминланган кисми учун тиббий тавсиялар тузган – “Ман ла яҳзуруҳ ат-табиб” («Хусусий табиби булмаганларга аталган тиббиёт»). Китобнинг номидан маълум бўлишича, у кенг халқ оммасига мўлжалланган бўлиб, ундан табиб топилмаган вақтда фойдаланилади. Асар “бошдан оёққача” бўладиган касалликларга бағишланган.

7. Касалхоналарни ташкил килишда жойлашиш жойига аҳамият бериш кераклигини айтган .

Шифохоналарни қуриш учун тўғри жой танлашда Ар-Розийнинг ўзига хос усули бўлган. Шаҳарнинг турли чеккаларига гўшт бўлакларини осиб қўйиб, уларни бир неча кун кузатган: қайси ҳудудда гўшт узоқроқ айнимай турса, ўша ерни олим шифохона қуриш учун энг яхши жой деб ҳисоблаган .

8. Юнон тиббиётини биринчи систематизация килган китоб (Ал-Ховий)ни тузган .

Бу китоб Ар-Розийнинг энг катта ва муҳим тиббий асари бўлиб, унда қадимги юнон табобатидан то муаллиф замонасигача бўлган тиббий назарий ва амалий маълумотлар тўпланган. Энг муҳими шундаки, унда Рай ва Бағдодда ўзи олиб борган клиник кузатишлар ва тажтибаларининг якунини қайд қилган. Бу китоб тахминан 25-30 жилдга яқин бўлиб, тиббиёт фанининг энциклопедияси ҳисобланган.

9. Европа тиббиётига биринчи бўлиб симобли малхамларни киритган .

10. Ар-Розий яратган, фармацевтикада ишлатиш учун махсус асбобларни Европа шифохоналарида 18 асргача ишлатиб келинган .

Тадқиқотчилар олимнинг қандай асбоблардан фойдаланганлигини унинг қўлёзмалари орқали ўрганганлар. Ар-Розийнинг ёзган асарларидан лабораторияси яхши жиҳозлангани билинади. Кимёвий тажрибалар ўтказадиган кўпгина асбоб-ускуналар, хусусан, жом, колба, тоғора, кристаллаш учун шиша ликопчалар, кўзалар, кастрюл, лампалар, керосин лампалари, қўра, печ (атанор), эритадиган печлар, эговлар, шпатель, чўмичлар, қайчилар, болғалар, омбур, қум ва сув ҳаммомлари, мато ва юнгдан тайёрланган сузгичлар, алембик, алудел, воронкалар, кукурбитлар, дастали ҳовончалар, метал элаклар, жун ва ипакдан ясалган бошқа жиҳозлар билан таъминланган.

Ар-Розий кимёвий жараёнлардан эритиш, декантация (чўкма устидаги суюқликни қуйиб олиш усули), филтрлаш, дегидрация (сувнинг молекулаларга ажралиши), дистиллация (суюқликни дастлаб буғлантириб, совутиш жараёни), сублимация (модданинг кристалл ёки қаттиқ ҳолатдан суюқ ҳолатга ўтмай туриб, бевосита газ ҳолатга ўтиш жараёни), амалгамация (симобли эритма билан бошқа металларни ажратиб олиш), коагуляция (қуюлтириш) каби турли кимёвий жараёнлар ҳақида маълумотлар қолдириб кетган.

Ўзига маълум бўлган нарсаларни кимё тарихида биринчи бўлиб, гуруҳларга бўлади. Улар: ердан пайдо бўлувчилар (минераллар), ўсувчи нарсалар ҳамда ҳайвонларга алоқадор нарсалар.

11. Болалар тиббиёти (педиатрия)га асос солган.

Болалар касалликлари ва уларни даволаш ҳақида ёзилган “Рисола фи амроз ал-атфол” (“Болалар касалликлари ҳақида рисола”) номли асари педиатрия бўйича илк қўлланмадир. Шунинг учун ҳам Ар-Розий болалар тиббиётининг отаси ҳисобланади.

Немис шарқшуноси Сигрид Ҳанке: “Ар-Розий тиббиётга оид улкан билимлар эгаси эди. Ҳар доим янги илмлар ўрганишга чанқоқ бўлган. Уларни исталган жойдан: китоблардан, беморлардан ва кимёвий тажрибалар асосида эгаллаган” , дейди.

“Ўрта аср ислом оламининг энг буюк табибларидан бўлган”, деб Жорж Сартон Ар-Розийга юксак баҳо берган.

Эдвард Гранвил Браун: “Барча мусулмон табиблари орасидаги ўзига хос ва улуғ табиб бўлиб, энг сермаҳсул асарлар эгаси”, деб таъриф беради.

Ар-Розийнинг кашфиётлари бу билан чегараланиб қолмаган. Унинг меҳнати ҳозиргача ўрганилмоқда. У математика, мусиқа, фалсафа йўналишларида ҳам беқиёс асарлар ёзган, янги фикрларни олға сурган. Унинг ихтиролари Ғарбнинг Бекон, Кеплер, Галилей, Коперник, Нютон каби кўзга кўринган олимларидан олдинроқ кашф қилинган. Аслида, шундай олимлар чиқиши учун Ар-Розийдек мусулмон олимлари меҳнат қилиб кетишган.

4 курс талабаси
Ниёзалиева Мунаввар

178110cookie-checkМусулмон табибининг дунёга тақдим этган кашфиётлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: