Фақиҳлар наздида саҳиҳнинг шартлари
Учинчи шарт: Санаднинг муттасиллиги
Фақиҳлар наздида санаднинг муттасиллиги тушунчаси шуки, ривоятни адо этиш кўнгил унга хотиржам бўладиган тарзда бўлиши керак. Шунинг учун улар муҳаддислар мунқатиълиги сабабли рад этган ҳадисларни қабул қиладилар. Масалан:
А. Ҳадиснинг ровийлари сиқалардан ташкил топган санаднинг қайсидир жойида узилиш бўлгани боис мунқатиъ ҳисобланган мурсал ҳадис.
Ҳоким раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳанифа, Молик ва икки ривоятнинг машҳурида Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳлардан мурсал саҳиҳ эканини нақл қилган .
Б. Сиқа ҳисобланган мудаллиснинг тадлиси. Имом Ҳоким Кўфа имомларидан нақл қилишича, улар гарчи эшитганини очиқ айтмаган бўлса ҳам сиқа мудаллиснинг ҳадисини қабул қилиб, ҳужжатликка ярайдиган саҳиҳ, деганлар. Бунга далил сифатида ровийларнинг сиқа эканини айтганлар. Чунки сиқадаги ишончлилик ва диёнат уни айтмаган одамнинг гапини айтди, дейишдан қайтаради. Бунда ҳамма муҳаддислар наздида рози бўлинмаган кенгчилик бордир.
Усул уламоларидан бўлган Заркаший раҳимаҳуллоҳ айтади: “Фақиҳлар жарҳ аниқ равшан бўлиб, ровийнинг матрук эканига иттифоқ қилинсагина, ҳадисини маълул қилиб, тарк этадилар”. Фақиҳлар ишининг зоҳирига қараганда улар бу шартда муҳаддисларга хилоф қилганлари кўринади. Аслида эса иш бундай эмас. Чунки муттасиллик икки турли бўлади:
А) Ҳақиқий муттасиллик. Санадидан бирор ровий тушиб қолмаслиги керак.
Б) Ҳукмий муттасиллик. Бунда ҳадиснинг зоҳирий кўриниши мунқатиъ, лекин уни муттасил деб ҳукм қилинади.
Ҳукмий муттасилликни фақиҳлар наздидаги мисоли ҳанафийлар ва моликийларга кўра, шунингдек машҳур ривоятда ҳанбалийлар наздидаги мурсал ҳадисдир. Бу ўринда мурсал ривоят қилувчи одам сиқа бўлиб фақат сиқадангина мурсал ривоят қилган ва асаҳ қавлга кўра бу шахс аввалги уч асрда яшаган бўлса, унинг ривояти ҳукман муттасил бўлади. Демак, мурсал ҳадис фақиҳлар наздида саҳиҳ ҳадисдир. Бунга мисол ўлароқ Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ал-Муватто”даги балоғатлари (яъни, بلغنى “балағони” деб ривоят қилган ҳадислари), имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг “Ал-Осор”даги балоғатлари, имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ал-Ҳужжа”даги балоғатларини келтириш мумкин. Мана шу мурсал ҳадисни Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг таълиқотларидан фарқи йўқ. Ҳофиз Муғултой ибн Қилич Бакжарий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам шу гапни айтган .
Муҳаддислар наздидаги ҳукмий муттасилликнинг мисоли Муҳаддислар наздидаги Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг муъаллақ ҳадислари. Биз бу муъаллақни санад йўлини билмасак ҳам, уни ҳукмий муттасил деймиз .
Шу ўринда фақиҳлар ва усул уламолари муҳаддислар мунқатиълиги сабабли маълул деган мурсал ва мудаллас каби ҳадисларни қабул қилаверадилар.
Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёсов