islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Олий таълимнинг “Кредит-модуль тизими”га ўтиши  нима учун керак: мақсад, моҳият ва афзаллик

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 28 декабрдан бошлаб, ўқув-услубий бўлим томонидан ташкил этилган Тошкент ислом институтида таълимни “Кредит-модуль тизимига ўтказиш, ўқув жараёнини рақамлаштириш ҳамда илмий салоҳиятни ошириш масалалари”га бағишланган 10 кунлик малака ошириш ўқув машғулотлари бошланди.

Семинарнинг биринчи дарсини ТИИ ректори У.Ғафуров ўтиб, мазкур ўқув машғулотларининг моҳияти, вазифалари ҳамда семинарнинг ташкилий масалалари тўғрисида маълумот берди.

Мавзуга доир: Олий маъҳад ўқитувчилари учун қишки таътилда малака ошириш курслари ташкил этилди

Шу куннинг навбатдаги маърузачиси Тиллар кафедраси мудири Д.Носиров бўлди. Дарс мавзуси “Кредит-модуль тизимига ўтиш  нима учун керак? Мақсад, моҳият ва афзаллик” деб номланди.

Маърузачи Д.Носиров, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 8 октябрда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш консепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги” Фармонида қайд этилган, Республикадаги  камида 10 та олий муассасасини халқаро эътироф этилган  ташкилотлар (Quack quarrel Symonds  World University Ranking, Times Higher Education, Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш вазифаси ҳақида гапирди.  Шунингдек, 2030 йилга қадар Республикадаги барча ОТМ ларнинг 85 %ни, жумладан, 2020-2021 ўқув йили ўзида 33 та ОТМни кредит-модуль тизимига ўтказиш кўрсатиб ўтилган.

Кредит-модулнинг ўзи нима?

Кредит-модуль тизими, бу-таълимни ташкил этиш жараёни бўлиб, ўқитишнинг модул технологиялари жамланмаси ва кредит ўлчови асосида баҳолаш модели ҳисобланади. Кредит-модуль тамойилида иккита асоссий масалага аҳамият берилади:

  1. Талабаларнинг мустақил ишлашини таъминлаш;
  2. Талабалар билимини рейтинг асосида баҳолаш.

Модул ва кредит тушунчаларининг моҳияти

МОДУЛЬ – бу, бир нечта фан ҳамда курслар ўрганиладиган ўқув режасининг бир қисми. У талабалардан маълум бир билим ва кўникма ҳосил қилиш, таҳлилий- мантиқий мушоҳада қилиш салоҳиятига эга бўлишга қаратилган бир нечта фанлар(курслар) мажмуи ҳисобланади. Бунда ўқитувчи ўқув жараёнини ташкил қилади, жонли, видео ҳамда аудио маърузалар ўқийди, талабани мувофиқлаштиради ва назорат қилади. Талаба эса мавзуни мутақил ўрганади ҳамда берилган топшириқларни бажаради.

Ўқув дастурлари

Модулга асосланган ўқув дастурлари махсус схема асосида ишлаб чиқилади ва қуйидагиларни ўз ичига қамраб олади:

Ўқув мақсади ва вазифаларининг тўлиқ очиб берилиши;

Талабанинг фанни бошланиши ва тугатишидан кейинги ортирилиши лозим бўладиган малакасига қўйиладиган талаблар;

Модул таркибига кирган ҳар бир фаннинг қисқача мазмуни (sillabus), яъни маърузалар мазмуни, семинар ва амалий машғулотлар режаси, мустақил таълимни баҳолаш усун мўлжалланган топшириқлар;

Ўқитишнинг қисқача баёни: таълим бериш усул ҳамда воситалари; билимларни баҳолашнинг усул ва шаклларидан иборат.

Кредит тушунчаси

КРЕДИТ – талабанинг алоҳида таълим йўналиши ёки дастури (курс) бўйича фанларни ўқиб ўрганиши ва ўзлаштириши учун сарфланган ўқув юкламасининг (вақтнинг) ўлчов бирлигидир. Кредит – талабанинг меъёрий ҳужжат билан белгиланган, одатда бир ҳафта давомида аудиторияда ва мустақил равишда таълим олиш учун ажратилган минимал вақт ўлчовидир. Талабага кредит маълум бир фандан белгиланган топшириқларни бажариб, якуний имтиҳонддан муваффақиятли ўтгандан сўнг берилади.

Тарих ва сабаб

КРЕДИТ илк бора 18 асрнинг ўрталари ва 19 асрнинг бошларида АҚШ университетларида жорий этилган бўлиб, ўқув жараёниларини либерализация қилиш, талабанинг ҳафталик академик юкламасини  бериш мақсадида тузилган.

1869 йилда Гарвард университети президенти Америка таълимининг таниқли арбоби Чарлис Уилям Элиот “кредит соати” тушунчасини истеъмолга киритади. Шундай қилиб, 1870-1880 йилларда кредит соатлари билан ўлчанадиган тизим жорий қилинади. Кредит тизими билан ўқиш ва ўқув дастурларини ўзлаштириш талабаларга  ўқув  жараёнини мустақил режалаштириш, унинг сифатини назорат қилиш, таълим технологияларини такомиллаштириш учун имконият яратиб берди.

Болоня декларацияси

Ушбу тизимни яратиш учун ўтган асрнинг 70 йилларида Европадаги барча ОТМлар интегратцияни таъминлаш, олий таълимнинг ягона стандартини яратиш, талабалар ва ўқитувчилар мобиллигини йўлга қўйиш, дипломларни тан олиш, талабалар билими, малака ҳамда кўникмасига қўйиладиган балларни инификатция қилиш билан боғлиқ бир қатор муаммоларни ечишга қаратилган сайи-ҳаракатлар бошлаб юборилади. Мазкур ҳаракатлар самараси ўлароқ, 1999 йилда Италиянинг Болония шаҳрида 29 та мамлакат вакиллари томонидан Болоня декларацияси имзоланади. Бугунги кунга келиб, Болоня жараёнида 48 та мамлакат иштирок этади, Уларнинг орасида МДҲ мамлакатлар орасида Россия, Украина, Озарбайжон, Молдова, Арманистон, Грузия , Қозоғистон ва Беларус Республикалари ҳам бор. Болоня тизими бўйича олий малакали кадрларни тайёрлаш икки босқичда амалга оширилади. Одатда 3 йилдан кам бўлмаган бакалавриат тайёрлаш ҳамда 1-2 йиллик магистратура босқичи.

Олий таълим вазирлик нега Европа мактабига устуворлик бермоқда?

  • Жаҳонда бугунги кундa мазкур кредит ўлчови тизимини татбиқ этиш бўйича 4 та кенг тарқалган:
  • АҚШнинг кредит тизими (USCS)
  • Европа мамлакатларининг кредит тизими (ECTS)
  • Осиё-Тинч океани мамлакатларининг кредит тизими (UCTS)
  • Буюк Британиянинг кредит тизими (CATS)

Европа мамлакатларининг кредит тизими-ECTS кредит талаби

ECTS тизими бўйича талабаларнинг бир йилда тўплаши лозим бўлган кредит миқдори 60 ни ташкил қилади. Бир ўқув йили 2 семестрдан иборат бўлади деб олсак, талаба ҳар семестрда 30 кредит тўплаб бориши лозим. Бакалавриат дастури 3-4 йиллик бўлса, талаб бакалавриат даражасини қўлга киритиш учун жами 180- 240 кредит, 1-2 йиллик магистратура дастурини эгаллаши учун эса, 60- 120 кредит тўплаши мажбурият ҳисобланади.

Ўзбекистондаги ҳолат қандай эди?

Бизда ахборот манбаи ва турли хилдаги маълумотлар базаларига кириш, улардан фойдаланиш маълум даражада чекланиб қолганди. Оқибатда ОТМ профессор-ўқитувчиларнинг асосий диққати ахборотни қидириб ториш, уни ўзлаштириш ва дастлабки қайта ишлангандан сўнг талабаларга тарқатишга қаратилди. Яъни ўқитувчилар шунчаки ахборотни қабул қилувчи ва узатувчи субъекти эди, холос.

Таълим йўналишлари ва мутахассисликлар ўқув режалари эса меҳнат бозори талаби билан боғланмаган фанлар билан тўлдирилар, асосан профессор-ўқитувчини иш билан таъминлаш, унга аудитория соатини чиқариб бериш принципи нуқтаи назаридан шакллантирилар эди.

Трансформатция жараёнлари бошландими?

ҚИЙМАТ ЖАМИ  ҲАФТАЛАР СОНИ
  БИР СЕМЕСТРДА 15
  АТТЕСТАЦИЯ УЧУН 6
  4 ЙИЛДА ЎҚИШ УЧУН 144
  4 ЙИЛДА АТТЕСТАЦИЯ УЧУН 24
  УМУМИЙ ТАЪТИЛЛАР БИЛАН ҲИСОБЛАГАНДА 204

 

Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида ECTS талаби

Талабага ҳар йили 60 кредит берилади;

4 йилда 240 кредит тўплаш мажбурий бўлади.

Шунда талаба 4 йил давомида маъруза, амалий ҳамда лаборатория машғулотлари ва  имтиҳон жараёнларида иштирок этишга 2880 соат, мустақил таълимга 4320 соат, жами 7200 соат вақт сарфлаши лозим бўлади.

 1 кредит =  12 академик соат + 18 соат мустақил таълимни ташкил қилади. Шу боис 1 кредит 30 соат тенг деб қаралиб, талабанинг бир ҳафталик аудитория юкламаси 20 соатга тенг.

ТИИ Матбуот хизмати

206441cookie-checkОлий таълимнинг “Кредит-модуль тизими”га ўтиши  нима учун керак: мақсад, моҳият ва афзаллик

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: