islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қалб ўрнашадиган олти манзил бор?!

Билгинки, инсондаги энг шарафли нарса –ҚАЛБДИР! Зеро, у Аллоҳни танувчи ва У Зотга интилувчи оламдир. Аъзоларинг қалбингнинг истак ва буйруқларига гўё қул ҳожасига хизмат қилганидек бўйсуниб, хизмат қилади. Агар аъзоларингни сақлашни истасанг қалбингни поклашга кириш! Кимки қалбини таниса Раббисини танийди. Минг афсуски, кўплар калбларини танимаслар. Зеро, қалбни, унинг сифатларини ва касалликларини таниш диннинг асли ва пиру-муршидлар йўлларининг асосидир.

Билгинки, қалб бир бўлак бўлиб, агар у соғлом бўлса бутун бошли бадан соғлом бўлади.

وعن النعمان بن بشير رضي الله عنهما قال‏:‏ سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول

((أَلا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ, وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ, أَلا وَهِيَ الْقَلْبُ))

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Огоҳ бўлинг! Жасадда бир бўлак гўшт борки, агар у соғлом бўлса жасад тўлиқ соғлом бўлади. Агар у айниса бутун жасад айнийди. Ана ўша нарса қалбдир”. Бухорий ривояти.

Қалб арабча сўз бўлиб “айланмоқ”, “ағдарилмоқ”, “тўнтарилмоқ” маъноларини англатади. Ҳақиқатдан ҳам, қалбимиз доимо ўзгарувчандир.

أم سلمة رضي الله عنها عندما سُئِلت عن أكثر دعائه إذا كان عندها قالت: كان أكثر دعائه: ”يا مقلب القلوب ثبت قلبي على دينك

Умму Салама розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлганларида Расулуллоҳ алайҳиссалом қайси дуоларни кўпроқ айтганлари ҳақида сўралганларида: “Расулуллоҳ: “Эй, қалбларни айлантириб турувчи Зот! Қалбимни динингда собит қилгин”,-дуосиникўпроқ айтардилар, дедилар. Термизий ривояти.

Бошқа ҳадиси шарифда эса:

اللهمّ يا مصرّف القلوب صرّف قلوبنا على طاعتك

“Ё, қалбларни йўналтирувчи Аллоҳим! Қалбимизни тоатинг(йўли)га йўналтиргин”,-дейилади.Муслим ривояти.

Билгинки, Аллоҳ ундан ўзгаларга боғланган ҳамда ундан ўзгалар ташвишида бедор бўлган қалбларга Ўз муҳаббатини жойламас. Аксинча, Парвардигор Ўзига муҳтожликни бойлик деб билган, Усиз беҳожатликни муҳтожлик деб билган, У сабаб хорликни азизлик деб билган, Усиз азизликни хорлик деб билган, У сабаб қийинчиликни роҳат деб билган, Усиз роҳатни азоб деб билган қалбни муҳаббатига макон этиб танлайди.

Билгинки, қалблар орасида фақатгина “қалби салим”[1] ўз эгасига қиёмат кунида фойда беради. Аллоҳ таоло шундай дейди:

يَوْمَ لَا يَنْفَعُ مَالٌ وَلَا بَنُونَ إِلَّا مَنْ أَتَى اللَّهَ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ

“У кунда на мол-дунё ва на фарзандлар фойда бермас, Фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)”. Шуаро сураси, 88, 89.

Билгинки, қалб гуноҳлар сабабидан қаттиқлашиб бораверади. Қалб қаттиқлашиб, қорайиб боргани сари қалб кўзи ҳам шунга яраша хиралашади ва охир оқибатда ожиз бўлиб қолиши мумкин.

Билгинки, қалб ўрнашадиган олтита манзиллар бор. Уларнинг учтаси олий ва учтаси қуйи манзилладир.

Қуйи манзиллар:

1)    Қалб учун безаниб турувчи ДУНЁ;

2)    Қалб билан доим сўзлашувчи НАФС;

3)    Қалбни васваса қилувчи ДУШМАН.

Олий манзиллар:

4)    Ҳақни танитувчи ИЛМ;

5)    Тўғри йўлга бошловчи АҚЛ;

6)    Ибодат қилинадиган ИЛОҲ.

Қалбингни танишга муваффақ бўлганингдан кейин уни унга киришга ҳаракат қилувчи ва эгаллашни хоҳловчи душманлардан ҳимоя қилишга бор кучингни аямагин. Қалб қасрини душманлардан ҳимоя қилиш унинг қуйида номлари зикр қилинадиган учта дарвозасига соқчи қўйиш орқали бўлади. Улар:

  1. Ҳасад дарвозаси;
  2. Риё дарвозаси;
  3. Кибр, ўз-ўзидан ажабланиш дарвозаси.

Аллоҳ ҳаммамизни қалбимизни нопокликлардан Ўзи сақласин!

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Бидоятул Ҳидоя” асари асосида

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси

ўқитувчиси Жаҳонгир Убайдуллоҳ

тайёрлади

21350cookie-checkҚалб ўрнашадиган олти манзил бор?!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: