islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Эътиқодий масалаларда шубҳа билан юриш мумкинми?

❓Cавол: Мусулмон кишининг кўнглида ақида масаласида шубҳа пайдо бўлса нима қилиши керак?

💬 ЖАВОБ: Мусулмон кишининг кўнглида ақида бобида ёки диннинг муҳим масалалари тўғрисида шубҳа ўйғонса, қуйидаги ишларни амалга ошириши лозим бўлади:
🔹 Умумийликка кўра Аллоҳ таолонинг наздида тўғри бўлганига имон келтиради. Яъни: “Аллоҳ таолодан келган барча ҳукмларга Аллоҳ хоҳлагани каби имон келтирдим, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан келган барча ҳукмларга У зот ирода қилганларидек имон келтирдим, ислом шариатига имон келтирдим ва уни тасдиқ қилдим, исломга зид бўлган барча динлардан узоқ бўлдим”, – дейди.
🔹 Ўзи шубҳа қилган масаланинг тафсилотини сўраш учун уламолардан бирини излайди.
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ қалбда пайдо бўлган эътиқод масаласига тегишли шубҳани кетказиш вожиблиги ва уни ҳал қилишдан тўхтаб туриб бўлмаслиги тўғрисида қаттиқ огоҳлантирганлар. Чунки бу ишни пайсалга солиш дин ҳақида шак қилишга олиб келади. Шак қилиш эса қатъий ишонч устига бино бўлган ақидага зид бўлгани учун шариатни инкор қилиш ҳукмида бўлади. Бу ҳақда Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар:

وإذا أشكلَ على الإنسانِ شىءٌ مِنْ دقَاِئِق علمِ التوحيدِ فينبغِي لهُ أنْ يعتَقِدَ في الحالِ ما هوَ الصوابُ عندَ اللهِ تعالى، إلى أنْ يجِدَ عالـمًا فيسألُهُ، ولا يسعُهُ تأخيرُ الطَلَبِ، ولا يُعْذَرُ بالوقفِ فيهِ، ويَكفُرُ إنْ وَقَفَ

яъни: “Инсонга тавҳид (эътиқод) илмининг нозик масалаларида бирор нарса тушунарсиз бўлиб қолса, ўша заҳотиёқ, токи масалани сўраб, ўрганадиган бир олим топгунича Аллоҳ таолонинг наздида тўғри бўлганига эътиқод қилади. Жавоб излашни кечиктириши мумкин эмас. Тўхтаб туришга узр йўқ. Шубҳаларида тўхтаб қолса, куфрга кетади”.
Бунинг маъноси, масалан бир кишига Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари ҳақида бирор масала тушунарсиз бўлса, унга мушкил бўлган масалани ечадиган етук олимни излаши вожиб бўлади. Агар мушкил масалани сўрашдан бепарво бўлса, гуноҳга қолади. Чунки кечиктириш қалбда шакни зиёда қилади. Шунинг учун киши сўраб билишдан тўхтаса ва бу сусткашлиги унинг қалбида шак-шубҳа маҳкам ўрнашишига олиб келса, дарҳақиқат, бепарволик сабабли куфрга тушади. Вожиб бўлган илмни талаб қилмагани учун маломатга қолади. Унинг ҳолати Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтганидек бўлади:

إِنَّ اللَّهَ لَا يَظْلِمُ النَّاسَ شَيْئًا وَلَكِنَّ النَّاسَ أَنْفُسَهُمْ يَظْلِمُونَ

яъни: “Албатта, Аллоҳ одамларга бирор нарсада зулм (ноҳақлик) қилмайди. Лекин одамлар ўзларига зулм қиладилар” (Юнус сураси 44-оят).

وَاللَّهُ يَهْدِي مَنْ يَشَاءُ إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ

яъни: “Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни тўғри йўлга йўллагай” (Бақара сураси 213-оят).
Тавфиқ Аллоҳдандир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

213560cookie-checkЭътиқодий масалаларда шубҳа билан юриш мумкинми?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: