Бутун ер юзига Ўз расулини раҳмат пайғамбари қилиб юборган Аллоҳ таолага ҳамду санолар, мана шундай улуғ хислату фазилатлар соҳиби бўлган Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловатлар бўлсин.
Бизни Аллоҳ таоло мана шундай улуғ Зот алайҳиссаломга уммат қилиб яратди. Расулуллоҳ алайҳиссалом бутун дунёга ва барча махлуқотлар учун раҳмат пайғамбари қилиб юборилган зотдир. У зот алайҳиссалом нафақат инсониятга, балки жин олами учун ҳам ҳидоятчи, ҳайвоноту набодот оламига ҳам раҳмат қилиб юборилди. Хатто йўлда кетаётса, атрофдаги ўт-ўлану тошлар Расулуллоҳ алайҳиссаломга тасбиҳ айтаётганликларини эшитар эдилар.
Саҳобаларига таълим ва ваъз-насиҳат қилаётиб суянган ҳолда ўтирган устунни тарк этганликларида ундан йиғи овози эшитилганида Расулуллоҳ алайҳиссалом уни юпатганликлари ҳақида келган ривоятни барчамиз эшитганмиз. Биз жонсиз ва ақли йўқ деб билган нарсаларда Расулуллоҳ алайҳиссаломга бўлган муҳаббат шунчалик бўладиган бўлса, биз У зот алайҳиссаломга қанчалик содиқ ва муҳаббатимиз қай даражада бўлиши кераклигини тасаввур қилиш қийин эмас.
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг:
و ما ارسلناك إلا رحمة للعالمين
ояти каримасини тафсирида: Расулуллоҳ алайҳиссаломга иймон келтирганларга дунё ва охиратда омонлик бўлади. У зот алайҳиссалом сабабли ҳатто иймон келтирмаганлар ҳам, бу дунёда ўтган умматларнинг бошига тушган азоблардан омонда бўлади, деганлар. Муҳаммад алайҳиссалом туғилганларида амакилари Абу Лаҳаб бу хурсандчилик хабарини етказган жориясини озод қилиб юборганлиги сабабли, унга дўзах азоби енгиллаштирилди. Аллоҳ таоло расулига кўрсатилган ушбу муҳаббатни мусулмон бўлмаган бандасидан ҳам ўз фазли карамини аямади.
Тарихдан ва ҳозирги кунда ҳам У зот алайҳиссаломни қанчалик буюк зот эканлигини тан олаётганлар кам эмас.
Франциялик Ламартин шундай дейди: “Агар кишининг буюклиги, қозонган зафарларига ва имконияти оз бўлса-да, кўп иш қилганлигига қараб баҳо бериладиган бўлса Муҳаммад (алайҳисалом) инсонларнинг энг буюгидир. У ҳам пайғамбар, ҳам нотиқ, ҳам даъватчи, сиёсатчи, жангчи, қалблар ҳимоячиси, ғоялар тарғиботчиси, имом, яъни раҳбар, давлат арбоби, ер юзининг йигирмата минтақасида исломий салтанат қура олган Муҳаммад (алайҳиссалом), ана шундай зот эди”.
Биз Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бўлган муҳаббатимизни фақат тил орқали эмас, балки барча қиладиган ишларимизу турмуш ҳаётимизда, У зот алайҳиссаломга ҳақиқий уммат эканлигимизни ўзаро меҳр-муҳаббатли бўлиш орқали намоён этайлик.
Тошкент ислом институти
Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси
ўқитувчиси Аҳмедов Сайқал