Жамиятдаги барча инсонларнинг бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги, илмга интилиши умумтараққиётни белгилайди. Мустаҳкам илмларга асосланмасдан ривожланиш мумкин эмас. Бунинг учун эса юртимиз каби мамлакатларда асрлар давомида шаклланган ва мустаҳкамланган қадриятлар, буюк аждодлар мероси алоҳида ўрин тутади.
Мамлакатимизнинг ҳар бир гўшаси — шаҳарлар, қишлоқлар, овуллар улуғ сиймолар, алломалар учун бешик бўлган. Улар ёзма манбаларда келтирилганидек, Самарқандий, Бухорий, Насафий, Шоший, Термизий, Фарғоний, Андижоний, Уструшоний, Кеший, Марғиноний, Замахшарий каби кўпдан-кўп нисбалар билан ижод қилган, оламшумул кашфиётларини тарихга муҳрлаган. Уларни илмий асосда ўрганиш, халқчил шаклда ёшларга тақдим этиш, кенг тарғиб қилишни бугун даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Бу борада, айниқса, сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан диний-маърифий йўналишда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани диққатга сазовор. Ҳаётга татбиқ қилинаётган барча ислоҳотларнинг бош мақсади юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни асраш, уни янада мустаҳкамлаш, келажагимиз бўлган фарзандларимизни буюк аждодларимизга мос тарзда тарбиялаш, халқимиз ҳаётини янада фаровон этиш, бахтли яшашини таъминлашдан иборат.
Давлатимиз раҳбари 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган тарихий нутқида: “Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деган улуғвор сўзларни таъкидлади. Ҳақиқатан, тинчлик бор жойда илм ривожланади, хотиржамлик ҳукм суриб, тараққиёт юксалади.
БМТ анжуманида Ўзбекистон раҳбари жаҳон ҳамжамиятига мамлакатимизда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ташаббусини бутун дунёга эълон қилди. Ислом цивилизацияси маркази — ғояси ва аҳамиятига кўра бетакрор, беназир лойиҳа. Уни ташкил этишдан мақсад халқимизнинг бой илмий-маънавий мероси, азалий қадриятлари, бетакрор санъати, осору атиқалари, обидаларини халқаро миқёсда тарғиб қилишдан иборат.
Маълумки, аллома-аждодларимиз илм-фаннинг барча соҳалари бўйича асарлари воситасида мукаммал хулосаларни тақдим қилган. Жумладан, Қуръони карим тафсири йўналишида Маҳмуд Замахшарий ва Абу Мансур Мотуридий амалга оширган ишлар алоҳида аҳамиятга эга. Ёзма манбаларда “Жоруллоҳ”, яъни “Аплоҳнинг қўшниси”, дея эътироф этилувчи Замахшарий ўзининг “Кашшоф” асарини Макка амири илтимосига кўра ёзган. Бу нодир манба асрлар давомида мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилган.
Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилотул Қуръон” номли асари Қуръони карим тафсири ақида-калом йўналишидаги ноёб гавҳардир. Ҳанафий олимлар унинг воситасида ёт ғояли деструктив кучларга қарши курашган
Бу асарнинг тили мураккаб, ифодаси аниқ. Шу боис, алломанинг вафотидан 200 йил ўтибгина, насафлик олим Абул Муин Насафий ушбу асарга шарҳ сифатида “Табсиратул адилла” асарини ёзишга журъат қилди. Аҳамиятлиси, мазкур асар Имом Мотуридийнинг вафотидан 1100 йил ўтиб — янги Ўзбекистонда, Президентимиз ташаббуси билан Самарқандда ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари томонидан ўзбек тилига таржима қилинди.
Қайд этиш керакки, ушбу марказ қисқа вақт ичида амалга оширган 30 га яқин таржималар, ташкил этилган конференциялар хорижнинг етакчи экспертлари, исломшунос олимлари эътирофига сазовор бўлмоқда.
Шу ўринда мутакаллим алломалар тўғрисида тўхталиш ўринли. Чунки Имом Мотуридий аҳли сунна эътироф этган мотуридийлик мазҳаби асосчиси ҳам ҳисобланади. Шу сабабдан у ислом оламида “барча мусулмонлар эътиқодини тузатувчи”, “ҳидоятга бошловчи имом” номлари билан шуҳрат қозонган. Мотуридийлик таълимоти бугунги кунда 20 га яқин мамлакатда тарқалган бўлиб, бағрикенг ғоялари сабабидан унинг амал қилувчилари географияси тобора кенгайиб бормоқда.
Юртимизда Имом Мотуридий илмий меросини замон талаблари даражасида тадқиқ қилиш, унинг таълимоти доирасида яратилган асарларни ўзбек тилига ўгириш орқали улардан кенг халқ оммаси, хусусан, ёшларни хабардор этиш мақсадида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Мотуридийлик таълимоти ислоҳотчиси Абул Муин Насафий эса “ҳақиқат қиличи” дея шарафланган. Бу ном у келтирган далилларнинг кучлилиги, бетакрорлиги туфайли берилган. Унинг шоҳ асари “Табсиратул адилла” (“Далиллар билан шарҳлаш”) ҳамда меросининг гултожи “Баҳрул калом” (“Калом илмида сўзлар денгизи”) Президентимиз ташаббуси билан ўзбек тилига таржима қилинди.
Бундан минг йил олдин жаҳолатга қарши маърифат билан курашган, Мовароуннаҳр минтақасида диний эътиқод соғломлигини таъминлашда жидду жаҳд кўрсатган, адашганларни асл ҳидоят йўлига бошлаган Абул Муин Насафий бобомизнинг Қарши шаҳри яқинидаги Қовчин қишлоғида жойлашган зиёратгоҳи тубдан таъмирланиб, ҳар томонлама обод қилинди. У мажмуага айлантирилиб, кутубхона, музей ташкил этилганини Қашқадарё аҳолиси кўтаринки руҳ, алоҳида ғурур билан қабул қилди.
Насафийнинг илм борасидаги қарашлари ҳам эътиборга молик. Аллома фикрича, илм жондир. Ҳар бир нарсанинг жавҳари, асоси — илм. Зеро, илмсиз киши жоҳил, жонсиз тана каби бўлиб, айни илм юксак инсонийлик аломатидир. Мазкур қараш бир муддат аввал бошқа бир ватандошимиз Ҳаким Термизий томонидан “илм нурдир” тарзида ифода этилган бўлиб, бу орқали олимлар нур таратувчи маёққа қиёс қилинган.
Юртимизда Имом Бухорий сингари ҳадис илми дарғалари бўлмиш Имом Термизий, Имом Доримий, учта буюк муҳаддиснинг, ҳатто Имом Бухорийнинг устози Абдулҳамид Кеший каби улуғ аждодларимизнинг ибратларга тўла ҳаёти ҳамда бой илмий меросини тадқиқ қилиш мақсадида Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Термизда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Уларда фаолият кўрсатаётган мутахассислар ҳозирда кенг кўламли илмий тадқиқотларни амалга оширмоқда. Бундан ташқари, улуғ муҳаддис аллома Имом Термизий қўним топган маскан обод қилинди ҳамда табаррук қадамжога айлантирилди.
Дунё глобаллашган, таҳликали даврни бошдан кечирмоқда. Бу ҳар бир инсондан огоҳликни, ташқи таъсирларга қарши тура оладиган илмларни эгаллашни талаб этади. Шу мақсадда 2018 йилда Ўзбекистон халқаро ислом академияси таъсис этилди. Ислом академияси бугунги кунда талабаларга таълим бериш — зиё улашиш билан бир қаторда юртимиздаги диний таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштирмоқда ҳам.
Юрт алломалари асарларининг дунёнинг турли кутубхоналарида сақланаётган нодир қўлёзма нусхаларини ўрганиш, ўзбек тилига таржима қилиш учун араб тилини билиш баробарида муқаддас ислом дини асосларининг нозик жиҳатларини англаш ҳам муҳим ҳисобланади. Шу мақсадда Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси фаолият бошлади. Унинг юксак мақоми қайтарилди. Бу давлатимиз раҳбарининг Бухоро халқига, умуман, халқимизга улуғ туҳфаси бўлди. Шунингдек, Термиз шаҳрида Имом Термизий мадрасаси 2020-2021 ўқув йили учун талабаларни қабул қилди.
Халқимизга хос муҳим фазилатлардан бири тасаввуф вакилларига эҳтиром кўрсатишдир. Шу сабабдан Бухорода Абдулхолиқ Ғиждувоний бошлаб берган ҳамда Баҳоуддин Нақшбанд такомилига етказган хожагон тариқати вакиллари — етти пир алломалари, Термизда Ҳаким Термизий асос солган ҳакимийлик, Қашқадарёда ривожланган Шаҳобиддин Суҳравардий номи билан боғлиқ суҳравардийлик, Тошкент шаҳридаги миллат суюклиси Сузук ота, Шайх Зайниддин ҳамда Шайх Хованди Тоҳур қарашлари, Хоразм фахри ва мўғул босқинчиларига қарши мардонавор кураши орқали ватанпарварлик тимсолига айланган Нажмиддин Кубро ва Паҳлавон Маҳмуд, Наманган аҳли қадр қиладиган Султон Увайс Қаранийнинг одоб-ахлоққа доир фикрлари алоҳида эътиборга молик. Бу алломалар қўним топган гўшалар, айниқса, етти пир зиёратгоҳлари, Сузук ота, Увайс Караний мажмуалари Президентимиз саъй-ҳаракатлари ҳамда раҳбарлигида батамом қайта қурилди.
Уларнинг ҳар бири — бир олам. Мероси — ҳикмат. Жумладан, Сузук ота — Хўжа Аҳмад Яссавийнинг набираси, Тошкент шаҳрининг фахри. Умрининг охирига қадар юзлаб шогирдларга илм бериб, уларни ҳунарга, ҳалол меҳнатга бошлаган. Кароматлар соҳиби, аҳолининг доно маслаҳатгўйи, ҳунармандлар устози, толибларнинг пир-муршиди бўлган Сузук ота Тошкентнинг уста-ҳунармандларига юксак эҳтиром кўрсатгани учун табаррук зот яшаган ҳудуд вафотидан сўнг Сузук ота номи билан тарих саҳифаларига муҳрланган.
Сузук ота тўқувчилик касби билан шуғулланган. Аслида, ҳалол меҳнати билан ҳаёт кечириш — пайғамбарлар мероси. Aммo Сузук ота шу фазилати билан сузук — суюкли бўлди. Шу орқали Тошкент аҳлига маънавий муаллим сифатида ўрнак бўлди. Мутасаввуф олим вафотидан 800 йил ўтиб, у қўним топган обида — Тошкентнинг гавҳари шаҳар аҳлига, азиз юртдошларимизга ҳадя этилиб, қайтариб берилди.
Юқорида зикри келтирилган обидаларнинг барчаси ўзлари жойлашган ҳудуд архитектурасига хос равишда қад ростлагани туфайли ҳам ғоят гўзал ва улуғвор қиёфа касб этди. Бу жозиба унга ташриф буюрувчи ҳар бир инсон қалбида шу ватанда яшаётганидан розилик, муаззам тарихида ғурур пайдо қилаётгани табиий.
Тариқат пешволари — мутасаввуфлар руҳий қараш, ҳиссий олам вакилларидир. Улардан мерос бўлиб қолган ҳикматлар тоабад тарбия воситаси бўлиб қолаверади. Жумладан, Увайс Қараний пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом билан замондош бўлса ҳам, саҳоба ҳисобланмайди. Чунки у зоти шариф билан учрашмаган. Шундай улуғ мақомдан мунис онасининг дуосини, хизматини афзал билган. Бу амали билан ҳар замону ҳар маконда турли ёт ғоялар таъсирида ватанни, ота ва онасини тарк этаётган жоҳиллар учун ибрат намунасидир. Ваҳоланки, Увайс Қараний пайғамбар алайҳиссалом мухлисларининг султони ҳисобланади. Манбалар шунга далолат қилади.
Буюк мутасаввуфлардан Баҳоуддин Нақшбанднинг қалб ва амал бирлиги, Сўфи Оллоҳёрнинг эътиқод софлиги, Суҳраварийнинг халқ ичида бўлиш, уларнинг дарди билан яшаш борасидаги ғояларини таълим-тарбия жараёнларига, ижтимоий-илмий ҳаётга татбиқ қилиш Учинчи Ренессанс учун эшик очиши, шубҳасиз.
Аллома-аждодларимиз орасида ҳуқуқшунос олимлар ҳам бисёр. Айниқса, Бурҳониддин Марғиноний ва унинг “Ҳидоя” асари алоҳида қадрланади. Аммо Уструшона(ҳозирги Жиззах)дан чиққан машҳур фақиҳ Маждуддин Уструшоний ҳазратлари жаҳонда илк бор — бундан салкам 800 йил муқаддам бола ҳуқуқларига бағишланган “Жомиул аҳкомис сиғар”, яъни “Болалар ҳуқуқлари тўплами” асарини ёзди. Ваҳоланки, Европада ушбу йўналишдаги тадқиқотлар XIX асрга келиб Францияда пайдо бўлди. Америкада эса 1908 йилдагина ювенал ҳуқуққа асос солинди. Болажон халқимизнинг асл фарзанди Маждуддин Уструшонийнинг мазкур асари илмий тадқиқ асосида омма эътиборига ҳавола қилинди.
Охирги йилларда ижтимоий-диний соҳада амалга оширилган кенг кўламли ишлардан кўзланган мақсад — Учинчи Ренессансга муносиб бўлган халққа асли ким бўлганини намоён қилиш, билдириш, англатиш, шундай буюк халқни дунёга яна бир бор танитиш.
Халқимиз бежиз “Аслида бори наслида кўринади”, “Оққан ариқ оқмай қолмас”, демаган. Бизнинг буюк аждодларимиз — тўлиб оққан дарёларимиз бор. Уларнинг маҳобати қолдирган беназир илмий меросида намоён. Бугун янгича — замонга мос ўрганиш ишлари бошланган. Энг мураккаб асарларни-да, тадқиқ қилишга қодир авлод шаклланган.
Давлатимиз раҳбари асос солган ал-Хоразмий каби аниқ фанлар соҳасида шуҳрат қозонган алломалар номи берилган Президент мактаблари юртимизни янгича, даврга мос соҳаларда халқаро майдонга олиб чиқади. Шу юртнинг илмда беназир фарзандлари сабабидан Бухоро шариф — “шарафланган”, “қувватул ислом” — “ислом динининг куч-қудрати”, Самарқанд “сайқали рўйи замин” — “ер юзининг безаги”, Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) “қуббатул ислом” — “ислом динининг гумбази”, Термиз “мадинатур рижол” — “мардлар шаҳри” дея улуғланди. Бугун эса юртимиз амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси ўлароқ, ислом маданиятининг пойтахтига айланди. Буларнинг ҳеч бири шунчаки содир бўлмади. Бунинг мустаҳкам асоси, теран илдизи бор. У эса Учинчи Ренессанс учун чин маънодаги пойдевордир.
Ислом оламининг дурдонаси, гавҳари бўлган юртимизнинг ўтмиши шонли, бугуни муаззам ва шубҳасиз, келажаги ҳам буюкдир.
И.Даминов, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори,
Тошкент ислом институти доценти
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 24 февраль, №39 (295)