Фақиҳлар ва муҳаддислар мазҳабларини бир-бирига таққослаш
Азиз ўқувчи! Билдингизки, саҳиҳ ҳадис муҳаддислар наздида қуйидаги бешта шартни ўзида жамлаган:
1. Муттасиллик;
2. Адолат;
3. Зобт;
4. Шоз бўлмаслик;
5. Иллат бўлмаслик.
Фақиҳлар ва усулийлар наздидаги саҳиҳ ҳадис муҳаддислар наздидаги саҳиҳ ҳадисдан фарқли. Лекин уламоларнинг барчаси, муҳаддис бўлсин, фақиҳ бўлсин, қўйилган шартларнинг бир қисмида ихтилоф қилиб фарқли бўлсаларда, тахминан иккитаси – адолат ва зобтда якдилдирлар.
Адолат фақиҳлар наздида ҳам шартдир. Лекин уларнинг қарашлари ровийнинг адолатли, деб ҳукм қилиш борасида енгил олишга моил. Айниқса, булардан ровий зоҳирий фисқдан саломат бўлган ҳолатда ўзининг мусулмонлигини зоҳир қилишнинг ўзгинаси адолатли бўлишига кифоя қилади, дейдиганларнинг енгил қараши табиийдир. Шунга биноан, фақиҳлар мажҳулул айнни ҳам мастур ҳадисни ҳам қабул қилганлар.
Зобт масаласига келадиган бўлсак, у ҳам иккита фирқанинг наздида лозимий шартдир. Бироқ фақиҳлар ровийнинг ривоятлари рад этилишига сабаб бўлган ваҳм ва ғалатга берган таърифлари муҳаддисларникидан фарқлидир. Адолатли кишининг хабари усул аҳлининг наздида мақбулдир. Гарчи хабарининг тўғрилари ғалатларидан кўпроқ бўлган вақтда унинг хатолари кўпайди, дейилса ҳам. Аммо адолатли кишининг хатолари тўғрилари билан тенглашиб қолган ҳолатда фақиҳлар ихтилоф қилганлар. Уларнинг жумҳури рад этамиз, дейишган.
Муттасилликка келсак, унинг усулий фақиҳлар наздидаги тушунчаси шуки, ривоятни адо этиш қалб унга таскин топадиган тарзда бўлиши керак. Ровийни тарк этишга уламолар иттифоқ қилган бўлсалар ва унга етказилган жарҳ ҳам очиқ кўриниб турган бўлса, фақиҳлар шу ҳадисни иллатли дейдилар. Ожиз банда айтади: Лекин, аслида ҳолат бундай эмас, балки муттасилликнинг икки тури бор:
1. Ҳақиқий муттасиллик. У Бухорийнинг таълиқотларида соқит бўлганидек санаддан ровий соқит бўлмаган ҳадисдир.
2. Ҳукмий муттасиллик. У ҳадиснинг зоҳирига муттасил дея ҳукм берилган ҳадисдир. Ҳанафийлар ва моликийлар наздидаги мурсал ҳадис бунга мисол бўлади.
Шозликдан саломат бўлиш. Шоз муҳаддислар наздида мақбул ровий ривоят қилган хабар ўзидан кўра афзал кишининг хабарига хилоф чиқишидир .
Шоз фақиҳлар наздида
а) Сиқа ҳамма дучор бўлган ишлар масаласида ёлғиз ўзи ҳадис ривоят қилиши;
б) Қуръонга, мутавотир ҳадисга, ижмоъга ёки ақлга хилоф тарзда сиқа шахснинг ёлғиз ўзи ривоят қилиши;
Иллатдан саломат бўлиши. Фақиҳлар шу шартда муҳаддислардан фарқлидирлар. Муҳаддислар ҳадис мурсал ёки мудаллас ва шу кабилар бўлса, бу ҳадисни иллатлига чиқарадилар. Фақиҳлар эса буни тан олишмайди.
Икки жамоа ҳам саҳиҳ ҳадиснинг ҳукми борасида ихтилоф қилмай, айтишадики, аҳкомларда саҳиҳ хабар билан ҳужжатланишга ижмо қилинган.
Ҳанафийлар ҳадис розилик ила қабул қилингандан кейин унинг саҳиҳлигига ҳукм қиладилар. Уламолардан бир қанчалари шу гапга юрганлар. Жумладан, ҳижрат ватанининг имоми Имом Молик, Имом Термизий, Имом Ибн Абдулбарр, Имом Ибн Ҳумом, Имом Суютий, Ибн Жавзий , Аллома Анвар Шоҳ Кашмирийлар ҳам шу мазҳабдалар.
Анвар Шоҳ Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: Ҳозирги кунда муҳаддислар наздидаги машҳур гап ҳадис шу ҳолатича қолишидир. Уларнинг наздида шу боб бўйича асос исноднинг ҳолатига назаран бўлади. Улар бир ҳадисни иснодида заифлик бўлса, уни саҳиҳ, деб ҳукм қилмайдилар. Лекин муҳаддисларларнинг баъзилари ҳадис амал билан қувватланса, заифликдан мақбуллик даражасига кўтарилиши томон юрганлар. Менинг наздимда ҳам тўғри гап мана шудир. Гарчи бу гап иснод билан банд бўлиб қолганларга оғир келсада. Чунки воқеъликни эътиборга олиш қоидалар асосида юришдан афзал. Зеро, қоидалар ташқаридан ҳолати аниқланмаган ҳадисларни ажратиш учун қўлланилади.
Таржимон: А.Ғиёсов, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси